Жисмоний тарбия тизимида спортнинг миллий турлари аҳамияти ортиб бормоқда

26.02.2024 10:02:35

Хар миллатнинг маънавий, маърифий ҳаётини белгиловчи муҳим қадриятлари ва анъаналари мавжуд. Улар орасида миллий спорт турлари муҳим ўрин тутади. Спорт соҳасида ўзбек халқининг ажралмас қадриятларидан бири бу, унинг миллий спорт турлари ҳисобланган миллий кураш ва белбоғли курашдир.

2024 йил 21 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030» стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга доир давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-37-сон Фармонида 2024 йилга мўлжалланган жамиятнинг барча соҳаларини қамраб олган 100 та мақсад ўрин олган. Уларнинг 4 та мақсади бевосита жисмоний тарбия ва спорт билан боғлиқ. Ушбу мақсадларга эришиш учун 9 та вазифа доирасида амалий чора-тадбирлар қўйилган: маҳаллалар ва таълим муассасаларида спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари қамровини 10 млн. нафарга етказиш; аҳолини спорт турларига жалб қилиш орқали жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар қамровини 26 фоиздан 28 фоизга ошириш; маҳаллаларда 400 та спорт майдончаларини барпо этиш; мавжуд спорт мактабларида аҳоли сони ва ихтисослашувига кўра олимпия спорт турлари бўйича 450 та спорт секцияларини ташкил этиш; разрядли ва унвонли спортчилар сонини 30 минг нафарга етказиш; спорт соҳасида олий маълумотли ходимлар улушини ошириш; спорт соҳасида илмий тадқиқотлар ва изланишларни ошириш; Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига 140 та лицензияни қўлга киритиш каби вазифалар орасида Спортнинг миллий турлари, хусусан миллий кураш ва белбоғли курашни аҳоли орасида янада оммалаштириш вазифасини ҳал этиш учун миллий кураш ва белбоғли кураш бўйича умумий ўрта таълим ўқувчилари ўртасида, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида умуммиллий мусобақаларни ташкил этиш белгиланган.

Мазкур тадбирлар миллий спорт турларимизнинг нуфузини ошириш билан бирга, ёшларга миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз билан яқиндан танишиш имкониятини яратиб беради.

Хусусан, белбоғли кураш 5 минг йиллик тарихга эга бўлиб, юздан ортиқ мамлакатда ўз мавқейига эга. Улар ўзаро беллашув қоидалари бўйича бироз фарқ қиладилар, бироқ бу ҳолат умумий – республика, минтақавий чемпионатларда иштирок этишга тўсқинлик қилмайди. Масалан, Ўзбекистонда белбоғли кураш бўйича ташкил этиладиган жаҳон чемпионатлари ва кубокларида 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этади ва ўзбек белбоғли кураши қоидалари бўйича беллашади.

Азалдан халқ сайллари, тўйлар ва миллий байрамларда бу беллашув катта оламан иштирокида қизғин ўтказиб келинган. Бугун ҳам Паркент, Водил каби ҳудудларимизда бу спорт турисиз биронта миллий байрам ўтмайди. Бу ердаги мусобақаларга қўшни республикалардан ҳам полвонлар беллашиш, ўзаро куч синашиш учун келадилар.

Яқин йиллар ичида ушбу спорт турини тарғиб қилиш ва жаҳонда оммавийлаштириш бўйича Жаҳон белбоғли кураш ассоциацияси, Пан Америка белбоғли кураш конфедерацияси ва Осиё белбоғли кураш конфедерацияси ташкил қилинди.

Миллий спорт турларининг анъаналари, қоидаларини сақлаб қолиш ва уларни келгуси авлодга етказиш бизнинг бурчимиздир. Бу спорт тури нафақат курашни, балки ақл-идрок, катталарга ҳурмат, одоб-ахлоқни ҳам мустаҳкамлайди. Бу белбоғли кураш фалсафасидир ва бу фалсафа унинг қоидаларида мужассамлашган.

 

Сардор Дастиров,

“Адолат” СДП “Ёш адолатчилар” қаноти  

Тошкент вилояти Кенгаши  раиси.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+