Жиззахда уй қулади... Хулоса чиқариш мутасаддилардан

14.01.2021 23:01:32

Шу кунларда шаҳар ва қишлоқларимиз кундан-кун чирой очиб, кўча ва хиёбонларимиз янги, замонавий бинолар билан янада кўркамлашиб бораётганлиги кўпчиликнинг ҳавасини уйғотмоқда. Замонавий иншоотлар, кўприклар, маиший бинолар, муҳташам иморатлар бунёд этиляпти. Албатта, ҳозир қурилиш масаласида эскича қараш — тўрт деворни тиклаган билан иш битмайди. Иморатларнинг қиёфаси, ландшафт дизайни, ернинг сейсмографик ҳолати, микроиқлими, қулайлик яратиши, узоқ муддат фойдаланишга яраши, хуллас қурилиш стандартларига  тўлақонли жавоб бериши  — барча-барчаси катта масъулиятни талаб қиладиган долзарб масалага айланмоқда.

Бу ҳақда гап кетганда, Президентимизнинг 2018 йил 2 апрелдаги “Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш жоиз. Сабаби мазкур Фармон архитектура ва қурилиш соҳасини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, ҳудудларнинг замонавий қиёфасини шакллантириш, миллий ва халқаро андоза уйғунлигини таъминлаш, шаҳарларда меъморчилик иншоотларини сифат жиҳатидан тубдан такомиллаштиришга асос бўлади. Шунингдек, шаҳарсозлик услублари, норма ва қоидаларини кенг жорий қилаётган янги субъектларнинг инновацион ғоялар, ишланмалар ҳамда технологиялар билан шаҳарсозлик соҳасига кириб келишига тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммоларга ечим топишга ёрдам беради. Ушбу ҳужжат соҳа ходимларига бир қатор имкониятлар яратиши билан бирга, уларга катта масъулият юклайди ҳамда янги тузилмаларнинг шакллантирилишида ҳам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. 

Шунга қарамай бугун номигагина қурилиб хўжакўрсинга
байрамдан-байрамгача қурилаётган бино ва иншоотлар ҳақида қанчалик кўп ёзилмасин, бонг урилишига қарамай қурилаяпти ва қўшқўллаб топширилаяпти. Энг ачинарлиси бу кундалик ҳаётда одатий ҳолатга  айланиб бормоқда.

Куни кеча Жиззахда 6 қаватли турар жой биносининг қулагани ҳам фикримизга мисол бўла олади. Бу янги қурилган уйнинг битмасдан қулагани қайсидир маънода яхши ҳам бўлди. Ушбу воқеа туфайли бизнинг қурилиш ташкилотларимиз, уларни назорат қилувчи органларнинг
камчиликлари юзага чиқди. 

Савол туғилади, нега 40-50, ҳатто 100 йил олдин қурилган бинолар ҳамон “ўз оёғида” турибди-ю, ҳали қурилиши тугалланмаган бино қулаб тушди? 

Бу қулаган бинони кўрсангиз, 6 қаватли бинонинг бетон устунлари қурувчи кўзи билан қарамаганда ҳам мустаҳкам эмаслиги кўринади. Қулашга сабаб ҳам ўша устунларга кетган бетон аралашмасининг сифатсизлиги, цемент кам қўшилганлиги бўлгани эҳтимолга яқин. Наҳотки, ўша бинони қурган қурувчиларни одамларнинг кейинги тақдири қизиқтирмаса, бировнинг ҳақидан қўрқмаса. Ахир ўша уйни сотиб олганларнинг ҳақини еб, барака топмайди-ку?! Яхшиямки ушбу бино фойдаланишга топширилмасдан туриб қулаб тушди. Фуқароларга топширилиб, улар яшашни бошлаганда қулаб тушса нима бўларди? Шунча инсонлар ва уларнинг оиласининг тақдирига ким жавоб берар эди.

Бугун уйнинг қулаб тушиши сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди. Комиссия таркибига Прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва бошқа вазирликлар, идоралар, экспертлар ҳамда лойиҳа ташкилотлари киритилган. Ушбу комиссия зиммасига 6 қаватли уйнинг қулаб тушиш сабаблари билан биргаликда  бошқа кўп қуватли уйларнинг ва иншоотларнинг ҳолати, лойиҳа ҳамда пудратчи ташкилотлар томонидан биноларнинг барпо этилиши даврида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилганлиги ўрганилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ишонамизки, комиссия ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиб, талофатнинг асл сабаблари юзага чиқади, деган умиддамиз.

Хулоса ўрнида айтганда, юртимиз шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида қулай шарт-шароитлар яратиш, уларга туташ ҳудудларда муҳандислик-коммуникация, транспортга оид ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, ландшафт дизайнини ривожлантириш, биоархитектурани амалиётда қўллаш, миллий меъморчилигимизга асосланган ҳолда, хорижий амалиётдан кенг фойдаланиш талаби қўйилаётганида катта ҳикмат, мақсад-муддао бор. Зеро, бугун давр талабига жавоб берадиган қурилиш-бунёдкорлик ишлари шаҳар-у қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшиши, халқимизга қулайлик яратиши, одамларимизнинг нафақат турмушини, айни пайтда уларнинг дунёқарашини ҳам ўзгартира олиши керак.

 

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+