Зиё улашаётган партиядошимиз

20.12.2023 13:12:04

“Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши томонидан “Эъзоз ва эътибор” лойиҳаси доирасида партиямизнинг мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этилишида, партиямиз нуфузини кенг омма орасида обрў-эътиборини юксалтириш борасида меҳнат қилиб келаётган партиямиз фахрийлари, фаоллари, депутатлари ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган партиямиз аъзоларининг машаққатли ва шарафли ҳаёти ва фаолиятини қадрлаш, эъзозлаш ва уларга эҳтиром кўрсатиш мақсадида уларнинг ибратли умр йўллари оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали халқимиз эътиборига ҳавола қилиб келинмоқда.


Хоразм телерадиокомпаниясининг “Нафосат” кўрсатуви ижодкорлари билан ҳамкорликда навбатдаги хизмат сафаримиз, урганчлик партиядошимиз, “Ўзбекистон” маҳалласида яшаб, намунали босиб ўтган изи билан халқимиз эътиборидан жой олган, маҳаллада оилавий кутубхона ташкил этиб, китобсеварлар сонининг ошиб боришига муносиб ҳисса қўшиб келаётган Хуржоной Бекниёзованинг зиё масканига ташриф буюрдик.


Бугун орзуйим рўёбга чиқди, — дейди Хуржоной Бекниёзова. – Ёшлигимдан бадиий адабиётларга бўлган меҳрим жуда кучли бўлганлиги сабабли, уйимиздаги шахсий кутубхонамизда шу каби китоблар кўп бўлган. Фарзандларим, келинларимни ҳам шахсий кутубхонамизни китоблар билан тўлдириш кундалик одатига айланиб қолган. Маҳаллада оилавий кутубхона ташкил этиш мақсадим амалга ошди. Оилавий кутубхонамиздан ўзбек адибларининг кўплаб асарлари ҳамда болалар учун ўзбек тилида нашр қилинган китоблар ўрин олган. Шунингдек, “Адолат” СДПга аъзо бўлиш истагини билдириб қилган мурожаатим ҳам амалга ошди. Партияга аъзолик билетини қўлимга олганимда ва кўксимга тақилган партиянинг кўкрак нишони зиммамга янада катта масъулият юклади.


Кутубхона нафақат Хуржоной Бекниёзова ва унинг оиласига қувонч бағишлади, балки, маҳалла аҳолиси учун ҳам қувонарли бўлди.


Кутубхонага ташрифимиз чоғида зиё истаб келаётган китобсеварларнинг изи узилмаётганини гувоҳи бўлдик. Маҳалла хотин-қизлари, ёшлар, ҳатто кекса нуронийлар ҳам зиё масканининг муҳитидан баҳраманд бўлиш мақсадида бу ерга келиб, эзгу тилакларини билдиришганча, китобларни мутолаа қила бошладилар. Манзарани кузатар эканмиз, қўни-қўшнилар бой китоб фондига эга бўлган кутубхонанинг ташкил этилишидан жуда хурсанд эканликларини айтишди.


Маҳалла болаларининг бўш вақтларини фойдали, мазмунли ўтказиш учун ўз ҳиссасини қўшаётганлигидан хурсанд эканини билдираётган Хуржаной Бекниёзованинг келгуси режалари билан ҳам қизиқдик.


Эндиликда кутубхонамизни турли бадиий адабиётлар билан янада бойитиш билан бир қаторда, кутубхонамизда каштачилик, тўқувчилик, тикувчилик бўйича ҳам ёшларга ҳунар ўргатишни йўлга қўймоқчимиз, — дейди Ҳ. Бекниёзова.


Хуржоной Бекниёзова серқирра ижодкорлик қобилияти билан бир қаторда сиёсатчи аёл сифатида ҳам эътиборимизни тортиб келмоқда. У партиямиз фаоллари билан ҳамкорликда кўплаб тадбирларда ўзининг ташаббускорлиги, Қонун лойиҳаларига бир қатор таклифлари билан фаол иштирок этиб келмоқда.


Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолаасини ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги қарори юртимизда китобсеварлар ва кутубхоналарнинг сони ортиб боришида дастуриламал бўлмоқда.
Бир сўз билан айтганда, илм-маърифатли, элим, юртим деб ёниб яшайдиган илм толибларини шакллантиришда Хуржон Бекниёзовадек халқимизга зиё тарқатувчи оташ юрак аёлларимиз бор экан, Янги Ўзбекистонимизнинг келажаги порлоқ эканига яна бир бора амин бўламиз!

Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+