Аёлларга эътибор — келажакка эътибор

11.03.2022 10:03:24

“Хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади”, дея таъкидлади давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев  Халқаро хотин-қизлар кунига бағиш­ланган тантанали маросимдаги нутқида.

Дарҳақиқат, аёл эртанги кун давомчилари бўлмиш келажак авлодларни ҳам жисман, ҳам маънан камолга етказувчи улуғ зотдир. Шу боис уларга қанча эҳтиром кўрсатсак, шунча оз. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари бошчилигида Янги Ўзбекистоннинг янгича тамойиллари асосида хотин-қизлар масалаларига янада кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ўқиши, ишлаши, саломатлигини асраш, оиласи учун шароитлар яхшиланмоқда.

Азал-азалдан донишмандлар оилада ўғиллар билан биргаликда қизларни ҳам илмли қилиш энг мақбул иш бўлишини уқтириб келишган. Боиси ,оқила, зиёли аёл келажакда барпо бўладиган бутун бошли оиланинг илмли бўлиб улға­йишига замин яратади. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг юртимиз хотин-қизларининг билим олиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида амалга ошираётган тизимли ислоҳотлари таҳсинга сазовор.

Президентимиз “Биз мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириш учун янги тарихий даврга қадам қўйдик. Фарзандларимиз қалбига улуғ мақсадлар, олижаноб ғояларни сингдириш – барча Ўзбекистон оналарининг шарафли бурчидир. Юксак фазилатли, мард ва жасур, ватанпарвар ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш, албатта, сизларга боғлиқ. Бу – ёруғ келажакка йўналтирилган энг катта инвестиция ва битмас-туганмас бойликдир” дея барчани аёлларни нафақат бугунги кун, балки  давлатимизнинг нурли келажаги яратувчилари сифатида ардоқлашга, эъзозлашга, ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга чорламоқда.

Тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири саналаётган мазкур масалаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида жорий йилнинг 1 март санасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизлар учун янада кенг имкониятлар яратиб берилди. Жумладан, Бош вазир ўринбосари лавозими қайта тикланди ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди. Шунингдек, республикадаги 9,5 мингга яқин маҳаллаларда маҳалла раисларининг хотин-қизлар ва оила бўйича ўринбосарлари ҳам қўмита тизимига ўтказилди. Ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими жорий қилиниб, опа-сингилларимизнинг муаммолари, дарду ташвишлари билан доимий шуғулланадиган адолатли ва самарали тизим яратилди.

Обрў-эътиборли аёлларни ўз сафига бирлаштирадиган “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил топаётганлиги ҳам  жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган хотин-қизларимизнинг нуфузи, обрў-эътибори  жамиятимизда янада юқори мартабаларга кўтарилаётганлигининг ёрқин исботидир. Шу билан бирга, барча меҳнат жамоаларида хотин-қизларнинг муаммоларига самарали ечим топиш учун “Аёллар кенгашлари” тузилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Тадбиркор хотин-қизларни янада кўпайтириш мақсадида “Бизнесчи аёллар” дастури қабул қилиниб, ушбу дастур учун 8 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Жорий йилда ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилади. Бу ўз навбатида муҳтож аёлларни 12 мингта қулай уй-жой билан таъминлаш имкониятини беради.

Тарихимизда илгари бўлмаган бундай кенг кўламли ишлар ижроси учун 15 триллион сўм маблағ йўналтирилади.

Хотин-қизлар масалалари билан боғлиқ ҳолда амалга оширилаётган ислоҳотлар орасида янги ўқув йилидан бош­лаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши (23 минг нафар қизларга 200 миллиард сўм) тўғрисида қабул қилинган Президент қарори юртимиз қизлари учун чинакам байрам совғаси бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Эндиликда ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилади, ҳар бир вилоятда эҳтиёж­манд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларнинг (жами 2,1 минг нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади, ёш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилади, докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Қизларимизнинг замонавий билим олиши ва касб-ҳунар эгаси бўлиб, жамиятда ҳамда ўз оиласида муносиб ўрин топиши учун бошлаган хайр­­ли ишлар кўламини келажакда янада кенгайтириш мақсадида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш миллий дастури қабул қилинади. Ушбу ҳужжат доирасида пойтахтда хотин-қизлар учун алоҳида университет ва жойларда унинг техникумлари ташкил этилади. Барча талаба қизларга таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тартиби жорий қилинади.

Бир сўз билан айтганда, аёлларнинг илм олиши, ҳунар ўрганиши йўлида сафарбар этилаётган маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш тўла маънода келажакка йўналтирилган энг катта ва самарали инвестициядир.

Умиджон Сулаймонов,

"Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+