Аждодлар руҳи, илм қуввати, маънавият шуъласи мужассам маскан

01.02.2021 16:02:00

Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар ва мутафаккирларнинг Ислом дини, маданияти, дунё илм-фанига қўшган ҳиссаси инсоният томонидан эътироф этилган. Она заминимизда шундай меъмор, ҳунарманд, амалий ва тасвирий санъат усталари етишиб чиқдики, улар яратган маҳобатли бинолар, нафис санъат буюмлари, миниатюралар ва хаттотлик асарлари ислом ва жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.

Кейинги йилларда буюк аждодларимизнинг халқимиз, башарият олдидаги хизматлари муносиб баҳоланиб, қадр, ҳурмат ва эътибор топмоқда. Зеро, тарих ва маданиятга, илмий-маърифий, маънавий меросга ҳурмат билан ёндашиш, уни ўрганиш ҳамда бойитиш, ёш авлодни миллий, умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш ҳар бир давлат, жамият тараққиёти барқарорлигининг муҳим шартларидан ҳисобланади.

Таҳликали давримизда ислом динини сиёсийлаштириш, ундан радикал экстремист оқимлар мафкураларини асослашда фойдаланишга уринишларнинг урчиши, диний экстремизм, терроризм тинчлик ва барқарорликка очиқдан-очиқ таҳдид солаётган, интернет ва бошқа маълумотни тезкор узатиш тизимлари ахборот глобаллашувининг салбий оқибатларини кескинлаштираётган бир шароитда, жамият аъзолари, айниқса, ёшларга ислом динининг асл тинчликпарвар, инсонпарварлик моҳиятини сингдириш, диний ўзликни англаш масаласи ғоят долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари асос солган марказ халқимизнинг бой ўтмишини, илм-маърифат ривожига қўшган катта ҳиссасини намоён этишга қаратилган яхлит мажмуа бўлиб, юқорида зикр этилган диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни амалий тарзда ифодалайдиган ислом маърифати маркази бўлади.

— Ҳамма ўз тарихини улуғлайди. Лекин бизнинг юртимиздагидек бой ўтмиш, боболаримиздек буюк алломалар ҳеч қаерда йўқ. Бу меросни чуқур ўрганишимиз, халқимизга, дунёга етказа билишимиз керак. Бу марказга келган одам улкан меросимиз ҳақида тўла тасаввурга эга бўлиши, катта маънавият олиб кетиши зарур, — деган эди Президентимиз бу ерга аввалги ташрифларидан бирида.

 

Маҳобатли ва кўркам

 

Қарийб икки гектар майдонда уч қаватли маҳобатли, кўркам бино қад кўтарди. Унинг симметрик марказида бежирим шарқона гумбаз, тўрт томонида 34 метрлик пештоқлар қурилди.

Биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади.

Иккинчи қаватдаги улкан фойе марказига Усмон Қуръони жойлаштирилади. Шунингдек, бу ерда Ислом санъати музейи,

435 кишига мўлжалланган анжуманлар зали бўлади. Кўргазмаларда Ўзбекистон тарихи даврлар бўйича, ҳар бир аср, ҳар бир алломага оид манбалар ва ашёлар асосида намойиш этилади.

Учинчи қаватдан эса 100 минггача қўлёзмалар фондига эга кутубхона, ахборот-ресурс маркази, илмий кафедралар ва маъмурий хоналар ўрин олади.

Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлади. Бу ерда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар илмий тадқиқотлар олиб боради, уларнинг натижалари асосида қомуслар, илмий-оммабоп тўпламлар, телекўрсатув, фильм ва бошқа материаллар тайёрланади. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчи ва талабалари ушбу масканга келиб, билимини мустаҳкамлайди.

 

Ислом тамаддунига асос қўйилган замин

 

Илмлилик – саодатдир, илмсизлик – мусибат! Кучли ижтимоий сиёсатни мамлакатимизнинг келажаги буюк бўлишини таъминловчи инсон капиталига қаратиш албатта самара берадид. Таълимга инвестиция киритиш – бу келажакка сармоя киритиш, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи омилдир. Шу боис, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, сифатли таълим-тарбия бериш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш тарафдоримиз.

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси, аввало, ислом таълимотига асосланган, шунингдек, Марказий Осиё халқларининг исломгача бўлган цивилизацияси ҳамда ислом дини билан бир пайтда мавжуд бўлган бошқа динлар, маданиятлар ва тамаддунлар ютуқлари, илғор тажрибаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган янги ишланмалар асосида вужудга келган. Шунга кўра, мазкур цивилизациянинг давлат бошқаруви, иқтисодиёт, шаҳарсозлик, меъморчилик, илм-фан, маданият, санъат, таълим каби бошқа соҳаларда ислом таълимотидан ташқари, кўплаб маданиятлар, жумладан, Марказий Осиё халқларининг исломгача бўлган Сўғд, Бақтрия, Хоразм, Қанғ, Эфталитлар, Кушон ва Турк хоқонлиги давлатлари маданиятлари, исломгача бўлган Қадимги Юнонистон ва Қадимги Рим маданиятлари, ислом дини билан бир пайтда мавжуд бўлган Хитой, Ҳинд ва бошқа ўлкалар маданиятлари унсурлари ҳам кўзга ташланади. Бироқ Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси унсурларининг катта қисмини Ўзбекистон заминида яшаган халқларнинг ислом ва бошқа маданиятларга таянган ҳолда яратган ўз ихтиролари ва ишланмалари ташкил этади.

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси ислом таълимотига асосланган бир неча маданиятлар синтези ва Ўзбекистон халқларининг ислом давридаги янги ишланмаларидан таркиб топган ҳодиса сифатида ислом цивилизациясининг ўзига хос шаклини — инсонпарварлик, тинчликпарварлик, тараққийпарварлик, маърифатпарварлик, диний ва этник бағрикенглик хусусиятларини ўзида мужассам этган цивилизацияни жаҳонга тақдим этди. Ислом динининг бугунги Ўзбекистон заминида қарор топган шакли ўзининг тараққийпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари билан ажралиб турганлиги сабабли ушбу заминда юксак иқтисодий, маданий ва илмий тараққиёт юз берди.

Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси ўзининг юқорида эслатиб ўтилган хусусиятлари туфайли тарихда икки — Марказий Осиё илк Уйғониш даври (IX—XII асрлар) ва Марказий Осиё Темурийлар Уйғониш даври (XIV—XVI асрлар) кечди. Марказий Осиё илк Уйғониш даври ўзининг Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар ва Хоразмшоҳлар давлатлари каби қудратли давлат ­ тузилмалари, Муҳаммад Хоразмий, ­Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Имом Мотуридий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий, Аҳмад Югнакий, Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний каби жаҳонга машҳур алломалари, аниқ, табиий ва ижтимоий фанлар ҳамда ислом илмлари соҳаларидаги оламшумул ютуқлари билан ажралиб турган.

Темурийлар давлатининг сиёсий барқарорлик, иқтисодий ривожланиш ҳамда илм-фан ва маданият тараққиётини қўллаб-қувватлаши натижаси ўлароқ юз берган уйғониш даври аниқ, табиий ва ижтимоий фанлар ҳамда ислом илмлари ривожи билан биргаликда, адабиёт, маданият, санъат, шаҳарсозлик, меъморчилик соҳаларидаги мисли кўрилмаган тараққиёт билан шуҳрат қозонган.

Бу давр ўзининг Баҳоуддин Нақшбанд, Лутфий, Хожа Аҳрор Валий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий, Бобур каби кўплаб намояндалари билан машҳур.

Ҳар икки Ренессанс даври жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлиб, нафақат ислом дини тарқалган ўлкалар маданияти, балки бутун жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига катта туртки берди. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси ундан кейинги даврларда ҳам ўз тараққиётида давом этиб, Марказлашган ўзбек давлатлари — Шайбонийлар ва Аштархонийлар давлатлари даври (XVI–XVIII асрлар) ҳамда ўзбек хонликлари — Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари даврида (XVIII–XIX асрлар) ҳам давлат бошқаруви, иқтисодиёт, шаҳарсозлик, меъморчилик, илм-фан, маданият, санъат, таълим соҳаларидаги ютуқлари билан кўзга ташланди.

Мамлакатимиз рақобатдошлигини узоқ муддатда истиқболли таъминлашнинг муҳим омили сифатида “Адолат” СДП мамлакат илмий салоҳиятини кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини ошириш, инновацион иқтисодиётга ўтиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлашга кенг эътибор қаратади. Шу боис илимларни, айниқса, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўради.

 

Марказнинг асосий мақсади ва вазифалари

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўз олдига жуда катта, кенг кўламли мақсад ва вазифаларни қўйган. Жумладан, аждодларимиз қолдирган бой, ноёб илмий-маърифий меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, халқимиз, хусусан, ёшларимиз, халқаро жамоатчиликда буюк аллома ва мутафаккирларимиз ҳаёти, фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш мақсад қилинган.

Динлар ва цивилизациялараро халқаро мулоқотларни йўлга қўйиш, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаш ҳам асосий вазифа сифатида белгиланган.

Президентимиз янги марказнинг қурилиши ва фаолияти бўйича  хаттотлар мактабини тиклаш, музей ичида ўқув обсерватория ташкил этиш, Самарқанд қоғозини ишлаб чиқиш устахонасини бунёд этиш, Камолиддин Беҳзод миниатюра мактабига алоҳида эътибор қаратиш каби кўплаб янги тавсияларни билдирди. Буларнинг барчаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази келажак авлодларга беназир маънавий мерос бўлиб хизмат қилишини кафолатлайди.

 

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+