Банклар инқирозга тайёрми?

12.04.2020 17:04:10

 

Хитойда пайдо бўлган ва бугунги кунда деярли барча мамлакатларда тарқаб улгурган коронавиурс инфекцияси оқибатида аҳоли қанча кўп жиддий синовларга дуч келаётган бўлса, келгусида корхона, ташкилотлар энг аввало хизмат кўрсатиш соҳаси ўта жиддий муаммоларга, молиявий қийинчиликларга дуч келиши ва навбатдаги инқироз авж олиши кутилмоқда.

Бу албатта мамлакатлар ҳудудларида вақтинчалик эълон қилинган карантин, ташқи чегараларнинг ёпилиши, ҳаракатланишлар бўйича чекловлар ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш, чет давлатлар  билан  барча соҳаларда олди-бердини тўхтатиб қўйилиши ва бошқа бир қатор зарурий тадбирлар билан боғлиқ ҳолда вужудга келмоқда.

Гап иқтисодиёт тармоқларини инқирознинг жиддий оқибатларидан сақлаш, уни юмшатиш тўғрисида борар экан, бу борада пандемия даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, кўплаб имтиёз ва преференциялар бериш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни белгилаб берган давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 март ва 3 апрель кунлари қабул қилинган фармонларини алоҳида таъкидлаш лозим.

Хусусан Фармонга кўра инқироз даврида  тадбиркорлик субъектларига ва жисмоний шахсларга солиқларни ҳисоблаш ва  тўлаш муддатлари бўйича имтиёзларни тақдим этиш, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш ва вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пенялар ҳисобланишини тўхтатиб туриш белгиланди.

Бундан ташқари, туризм тармоғи корхоналарига ва ташқи савдо операцияларига жорий этилган чекловлар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган хўжалик юритувчи субъектларга банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича қарздорликларни тўлашни карантин даврида кечиктириб туриш, корхоналарга айланма маблағларни тўлдириш учун қайта тикланадиган револьвер кредитлар ажратиш каби бир қатор имтиёзлар белгиланди.

Албатта бу молиявий  кўмаклар давлат бюджети мустаҳкамлиги ҳамда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган тижорат банклари салоҳияти, уларнинг инқироз даврида ҳам қай даражада мустаҳкам молиявий таъминланганлигига боғлиқ бўлади.

Жорий йил 9 апрель куни Президентимиз томонидан ўтказилган навбатдаги йиғилишда айнан шу масалаларга эътибор қаратилди.

Хусусан, жаҳон иқтисодиётида юзага келиши кутилаётган инқирозга тайёр туриш ҳамда пандемия даврида инқирознинг оқибатларини юмшатиш борасида аввало банк тизимининг барқарор ишлаши, рақобатга бардошлилигини  таъминлашга  ҳамда иқтисодиёт тармоқларига молиявий кўмакчи бўлиши масаласи кўриб чиқилди.

Карантин даврида қандай чоралар белгиланади?

Бу борада жаҳон иқтисодиётида бошланаётган инқироз ҳолатларини ҳисобга олиб, банкларнинг лойиҳалар портфелини танқидий кўриб чиқиш, яъни, ҳали бошланмаган, узоқ муддатли лойиҳаларни аниқлаб, уларни жорий йилнинг ўзида самара беришни бошлайдиган янги лойиҳаларга алмаштириш зарурлиги айтилди

Йиғилишда таъкидланганидек, карантин даврида ҳар хил чекловлар натижасида молиявий қийинчиликка дуч келган тадбиркорлар ва аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг банклар олдидаги жами 19,5 триллион сўмлик кредит қарзларини тўлаш муддатини 1 октябргача кечиктириб турилади.

Карантин даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш,  соғлиқни сақлаш соҳасини ва кичик бизнес ҳамда  ҳунармандчиликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилади ва аҳоли бандлигини таъминлашга оид дастурларда белгиланган лойиҳаларни тўлиқ амалга ошишини таъминлаш мақсадида тегишли банклар орқали 4 триллион сўм йўналтирилади ва Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига қўшимча 500 миллиард сўм ажратилади.

Зарур ҳолларда, корхоналарга иш ҳақи тўлаш учун ҳам кредитлар ажратилади ва  барча банкларда масофавий хизмат кўрсатишни амалиётга кенг жорий этишга эътибор қаратилади.

Карантиндан сўнг кўриладиган чоралар нималардан иборат?

Экспертлар фикрича, карантин тугаганидан кейин кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини қайта бошлашлари учун катта миқдордаги молиявий кўмакка муҳтож бўладилар.

Шундан келиб чиқиб, корхоналар фаолиятида келиб чиқадиган молиявий қийинчиликларнинг  олдини олиш, корхоналарга ўз фаолиятини тиклаш учун зарур хом ашё ва бошқа русурслар сотиб олиш, айрим корхоналарда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, умуман инқироз даврида молиявий маблағга эҳтиёжи бор барча корхона ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат  банклари орқали 30 триллион сўмлик  айланма маблағлар ажратилиши таъминланади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда карантин даврида ҳам ва ундан кейин ҳам молиявий қийинчиликка дуч келган барча тоифадаги субъектлар мурожаати эътиборсиз қолдирилмаслигига замин яратилади.

Бу борада барчамиз бир тану жон бўлиб аввало карантин даврини белгилаб берилган талабларга тўлиқ риоя қилиш орқали бу мураккаб синовларни енгиб ўтишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим бўлади.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+