Бепарволик касалликдир

05.02.2021 11:02:29

Жорий йилнинг 29 январь 3 февраль кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари мамлакатимиз ҳудудларидаги маҳаллалар, корхона, тиббиёт ва таълим муассасаларда бўлиб, фуқаролар, ишчи-хизматчилар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди. Учрашувларда фуқароларни ўйлантираётган масалалар ҳамда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари, мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Ўрганишларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг парламентдаги фракцияси аъзолари ҳам ўз сайловчилари ўртага ташлаган бир қатор муаммоларга мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ечим топишга эришди.

Ўз сайлов округидаги аҳоли мурожаатларини тинглаб, кўтарилган масалаларга ечим топиш, таълим, тиббиёт соҳалари ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги муаммоларни ўрганиш мақсадида келган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Музаффара Абдиева дастлаб туман ҳокимлигида мутасадди ташкилот раҳбарлари билан учрашиб, вазифаларни белгилаб олди.

Депутат Пастдарғом туманидаги бир қатор мактаб, мактабгача таълим ташкилоти ҳамда ҚВПларда бўлиб мавжуд шарт-шароитларни ўрганди. Ўрганишлар баробарида жойларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қарор ва қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ҳақида тарғибот ишларини олиб борди. Мактабларни ўрганиш жараёнида тумандаги 27 умумтаълим мактабида иссиқлик билан таъминлаш тизими тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги, 840 ўринли мактабда 1086 нафар ўқувчилар икки сменада таҳсил олаётганлиги кўзга ташланди. Мактабга қўшимча бино ажратиш ва иссиқлик тизими билан тўлиқ таъминлаш масаласида туман халқ таълими бўлими мутасаддилари билан фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Шундан сўнг сайлов округи ҳудудидаги корхоналарнинг бугунги ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳолати, бозорга маҳсулот чиқариш борасидаги хизмати, халқимизни озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларга бўлган талабини қондиришга ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорлар фаолияти билан танишиш,  корхонада ишчи-ходимларга яратилган шароитни кўздан кечириш мақсадида “Бека Чарос” ҳамда “КАМАЛАК ИНВЕСТ” ишлаб чиқариш корхоналарида бўлди. Корхонанинг истиқболдаги режалари хусусида суҳбатлашди.

“Бека Чарос” хусусий корхонамизда бугунги кунда 30 дан ортиқ ёшлар, хотин-қизлар фаолият юритиб келмоқда. Кўплаб корхона ва ташкилотлар билан шартнома тузганмиз, ташкилот, завод ва шунга ухшаш идораларда кийиладиган иш формаларини тикаяпмиз. Пандемия даврида тиббиёт ходимлари учун 6000 дона комбинезон тикдик – дейди корхона раҳбари Г.Қучқорова. – 2021 йилда режаларимиз катта, корхонада ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида яна қўшимча тикув хоналари қуришни бошлаб юборганмиз. Яна 40 та тикув машиналарини сотиб олиб, тумандаги 1 ва 2-сонли касб-ҳунар мактабларида тикиш-бичиш сирларини ўрганаётган 20 га яқин қизларни иш билан таъминлашни мўлжаллаяпмиз.

Туркия ва Хитой давлатлари билан ҳамкорликда фаолият юритаётган корхонамизда 130 нафар ишчи ишлайди. Корхона фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида ҳаракатдамиз – дейди халқ депутатлари Пастдарғом туман Кенгашига Ўзбекистон “Адолат” СДПдан сайланган депутат, корхона раҳбари Қуёш Ҳақбердиев – жорий йилнинг ўзида яна 450 га яқин ишчи ўрни яратишни режалаштирганман. Ўзим сайланган округим ҳудудида камбағалликни йўқотмоқчиман. Темир дафтар, аёллар ва ёшлар дафтарида рўйхатда турадиганлар мени округимда қолмайди. Давлатимиз раҳбарининг мурожаатига лаббай деб жавоб бериб, ислоҳатларга камарбаста бўламиз.

Йўл-йўлакай депутат тумандаги “Туқбой”, “Сазоғон”, “Дўрмонсой”, “Галатут”, “Лолазор”, “Пўлатчи” маҳаллаларида бўлиб Темир дафтарга киритилган оилаларидан хабар олди. М.Музаффаровани юрак операциясини ўтказиш, даволаниши учун амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати шу жойнинг ўзида ечим топиб вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан ордер олишга кўмаклашилди. 

Бандлик масаласида мурожаат қилган “Сазағон” МФЙдан М.Жураева, “Тўқбой” МФЙдан У.Аннақуловалар “Бека Чарос” корхонаси раҳбари билан келишган ҳолда тикувчилик қилиш учун корхонага ишга қабул қилинган бўлса,  З.Ғоффорова “Пўлатчи” маҳалласига ишга қабул қилинди.

-Ҳар ойда сайлов округимда бўлиб сайловчилар билан учрашув ўтказаман, улар томонидан кўтарилган масалаларни мутасаддилар ҳамкорлигида ечим топиш йўлида ҳаркатдаман. Партия туман Кенгаши ҳамда депутатлари бу борада менга кўмакчи. Аммо бу билан муаммолар тугаб қолгани йўқ. Бугунги давр талабидан келиб чиқиб ечимини кутаётган янгидан янги масалалар чиқиб келаверади. Ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Машҳур аллома, аҳли дониш устози Суқрот “Бефарқ ва бепарво яшаш  бутун умр касал бўлиб яшашга ўхшайди” деб айтган экан. Ҳеч биримизни бепаров бўлишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар куни ўзимизга савол беришимиз керак. Хўш, Аёллар ва Ёшлар дафтари бўйича қўйилган вазифалар жойларда тўлиқ ечим топаяптими? Бу аёллар ва ёшлар бизнинг опамиз,  синглимиз,  укамиз,  акамизлигини,  уларга ҳар томонлама ёрдам кераклигини унутиб қўймаяпмизми? Шу юрт эртасига, ёшлар тарбиясига мен ҳам бурчлиман деб ўйлаймизми? Ўсиб келаётган минглаб ёш авлоднинг тақдири келажакда бизнинг тақдиримиз бўлади. Уларга бир ишни бошини тутишни ўргатмасак, касб-ҳунарга ўргана олмай, эртага битта оилани таъминлай олмай, турмуши нотинч, ғалвали бўлса, оиласи тинч бўлмай, оилани бошқара олмаса,  ажрашиш деган бало пайдо бўлса ҳам бизнинг айбимиз бўлиб чиқади. Шундай экан,  бугун ҳушёр бўлайлик, ҳушёрлик яхши вазифаларимиздан бири –дейди депутат Музаффара Абдиева маҳаллий Кенгаш депутатлари билан суҳбатида.

Депутат аҳолини қийнаб келаётган ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, “Лолазор” маҳалласи ҳудудида мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш, симёғочлар ва трансформаторни янгилаш борасида ўртага ташланган масалалар ечимини мутасаддилар билан муҳокама этиб, ижросини назоратига олди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+