“Ҳар бир овоз – биз учун муҳим”

06.09.2019 19:09:04

“Халқ сўзи” мухбири Зиёда Ашурова Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров билан бу йил декабрь оийда бўлиб ўтиши кутилаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар жараёни ва партиянинг бу жараёнга бўлган тайёргарлиги борасида интервью ташкил этди.

Айни вақтда партиянгиз декабрь ойида бўлиб ўтадиган сиёсий тадбирга қандай янги ғоя ва мақсадлар билан бормоқда? Очиғини айтиш керак, партияларнинг бу борадаги тайёргарлигини негадир сезмаяпмиз...

Сиёсий партиялар сайлов майдонига кириб келар экан, ҳар бир овоз учун курашиши лозим. Курашганда ҳам халқнинг оғирини енгил қилувчи, бугунига хизмат қилувчи ислоҳотларни ўртага ташлаши лозим.

Партиямиз жорий йил аввалидан сайловларга тайёргарликни янги поғонага кўтарди. Янги таҳрирдаги Сайловолди дастури билан сиёсий жараёнларда иштирок этиш ва сиёсий майдонга чиқишни режалаштирганмиз. Ҳозирги кунда партиянинг Сайловолди дастури лойиҳаси тайёрланган ва бугунги кунда 3000 дан ортиқ бошланғич партия ташкилотларида муҳокамаси ўтказилмоқда. Жойлардан дастур лойиҳасига партия фаоллари томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда.

Дастур лойиҳасида партия электоратининг асосини ташкил этувчи соҳалар — соғлиқни сақлаш, таълим ва илм-фан йўналишлари бўйича таклифлар устуворлик касб этган.

Шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасида тергов органларининг ягона тизимини яратиш, турли йўналишларга бўлинган судларни умумлаштириш, адвокатура институти мустақиллигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданият ва билимларни ошириш, коррупцияга қарши курашишга фуқароларни кенг жалб қилиш вазифалари режалаштирилган.

Иқтисодиёт соҳасида эса яшил иқтисодиётга ўтиш стратегиясини ишлаб чиқиш, табиий ва энергия ресурсларида оқилона фойдаланишни илгари сурмоқдамиз.

Дастуримизда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатори блогерлик фаолиятини ҳам тегишли қонунларда ҳуқуқий асосларини шакллантириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини янада такомиллаштиришни режалаштирганмиз.

Партия аъзоларининг 25 фоизи меҳнат қилаётган таълим тизимда — умумий таълим соҳасида сифатни кескин ошириш, олий таълимда қабул квоталаридан воз кечиш, илм-фаннинг иқтисодиётда ролини кучайтириш белгиланган.

Сизнингча, бўлажак сайловларда партиянгиз етакчилик қила оладими?

Ҳозирги кунда партиямиз аъзолари сони 400 мингга яқинлашган бўлиб,  улар 6 500 та бошланғич партия ташкилотларига бирлашган. Ҳар бир ҳудудда ва туман (шаҳар)ларда партия тузилмалари шаклланган.

“Адолат” СДП ўз ғоялари ва ташаббуслари билан сиёсий майдонда ўз ўрнига эга ва халқ ичида танилган. Қисқача айтганда, ҳар қандай сиёсий курашга тайёрмиз ва мақсадимиз эса парламентда ҳамда вакиллик органларида энг кўп депутатлик ўринларини олиш.

Партияларимиз замонавий политтехнологиялардан фойдаланишда анчайин суст. Улар шу пайтгача анъанавий ва қотиб қолган тарғибот усулларидан фойдаланиб келмоқда. Айрим жузъий ўсишларни ҳисобга олмаганда, албатта. Мазкур ҳолат партиянинг молиявий аҳволи билан боғлиқми ёки лидерларида ташаббускорлик етишмаслигидами?

Албатта, яқин-яқингача партия тарғиботи, деганда маърузабозликдан иборат анъанавий тадбирлар ва уларни газета, веб-сайт, телевидениеда ёритишнинг ўзи билан чекланиб қолганимиз рост. Аммо жорий йилдан партиямиз ташвиқот фаолиятида янги услублар, янги йўналишлар асосида ишлашга ўтмоқда. Бунда асосий эътиборни кенг аудиторияга эга ижтимоий тармоқлардаги саҳифа ва каналлар, уларда фаолият юритувчи блогерлар билан ишлашга қаратмоқдамиз. Ўз навбатида, уларнинг ҳар бирида партия расмий саҳифалари ҳам очилди ва матн, аудио, фото, видео форматдаги янгиликларни намойиш қилиш йўлга қўйилди.

Бу билан ҳали аҳолимизни тўла қамраб олдик, дейишдан йироқмиз, аммо сайловлар жараёнигача вақтимиз кам қолганини ҳам тушуниб турибмиз. Шунинг учун ҳозир барча саъй-ҳаракатларимиз партиямизни кенг аҳоли орасида тарғиботини кучайтиришга қаратганмиз. Бу борада айни кунларда янги имкониятлар, интерактив хизматларга эга янги веб-сайтимиз ишга тушишини ҳам таъкидлаш ўринлидир.

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+