Ҳар қандай вазиятда ҳам ўз йўлимизда давом этамиз

24.04.2020 16:04:48

Коронавирус пандемияси ҳақидаги хабарлар тобора атрофимизни ўраб олмоқда. Қаердадир касалланганлар, қаердадир вафот этганлар, қаердадир тузалганлар сони ортиб бормоқда. Кимдир вируснинг жиловлаш учун курашаётган бўлса, кимдир ўлим кўрсаткичини пасайтиришни ўзининг асосий мақсади қилиб олган. Мамлакакатимиз ҳам ўтган давр мобайнида касалликка қарши курашиш бўйича ўз услубини ярата олди ва бунинг самарасини ҳозирда кўриб турибмиз. Мамлакат аҳолисига нисбатан касалланганлар ва ўлим кўрсаткичи дунё бўйича энг минимал кўрсаткичларни қайд этмоқда. Яъни, ўз вақтида кўрилган тезкор чоралар натижасида мамлакатимизда вируснинг тарқалиши жиловланди, энди навбат у келтириб чиқариши мумкин бўлган ижтимоий ва иқтисодий хавфларни бартараф этишга. Шунинг учун куни кеча мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда мазкур иллатга қарши курашиш ва унинг оқибатларидан аҳолимизни сақлаш мақсадида кўп ишлар қилинаётгани, зарурий барча чоралар кўрилаётгани аммо бунинг ўзи етарли деб ўйласак, халқимиз бизни кечирмаслиги таъкидланди.

Айни пайтга келиб мамлакатимизда карантин туфайли 196 мингта корхонада ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ҳажми кескин камайган. Карантин туфайли, табиийки, ишсизлар сони ҳам ошган. Натижада аҳолимизнинг маълум бир қисми даромадсиз қолишга мажбур бўлмоқда. Албатта, бу ҳолатни бартараф этиш бўйича ҳукумат томонидан, моддий ёрдам, зарурий озиқ-овқат воситалари билан таъминлаш, аҳолини бир марталик ишларга жалб этиш сингари маълум чоралар кўрилмоқда. Ўз ўрнида “Адолат” СДП фракцияси томонидан ҳам ёрдамга муҳтож аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳукуматга таклифлар киритилди.

Дарҳақиқат, бугун давлатимиз нафақат касалланган фуқароларни, балки бутун аҳолимизни ўйлаши лозим бўлмоқда. Бунда барча учун мақбул ва лозим йўлни танлаш энг асосий масалага айланади. Президентимиз томонидан мазкур масалалар ечимига қаратилган бир қатор ташабусслар илгари сурилди.

Жумладан, иш жойи ва даромадсиз қолган аҳолимизга тайёр маблағ ёки зарурий воситаларни бериш бирламчи ва ягона йўл бўлиб қолмаслиги таъкидланди. Яъни эндиликда имкон борича моддий ёрдам эмас, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш амалиёти жорий этилмоқда. Аслида ҳам шуддай бўлиши керак. Иш қилиш қобилиятига эга фуқароларимизга нафақа эмас, иш ўрни яратиб муносиб ойлик маош беришимиз керак. Шунда аҳолимиз ҳам ишли бўлади, ҳам мамлакат иқтисодиёти юксалади. Умуман, меҳнат билан топилган мулкнинг қадри бўлакча бўлади ва оилаларга файз барака киради.

Ўзи бу ташаббус мохияти ва ахамияти жихатдан ўзбек халқига хос қадимий одатларга асосланган десак, янглишмаймиз. Мисол учун аждодларимизнинг “Ер қазимасанг олтин чиқмас, Қармоқ солмасанг балиқ”, “Бировнинг бергани – кўргулик, меҳнатнинг бергани – тўйгулик” каби нақллари гапимизга исбот бўла олади.

Ёки бўлмасам, ёшлигимизда боболаримиз томонидан айтилган қуйидаги ривоят мағзига ҳам эътибор берайлик. “Ота ўғлига бир танга беради ва уни оловга ташлашни буюради, ўғил уни бироз иккиланиш билан оловга ташлайди. Бу ҳолат яна икки марта такрорланади. Кейинги сафар эса ота ўғлига иш топиб беради ва иш ҳақисини ўзига олиб келишини айтади. Ўғил кун бўйи пешона териси эвазига топган тангасини хурсандчилик билан отасига олиб келади. Ота буни ҳам оловга ташлашни буюрганида, ўғил бу сафар ундай қилолмаслигини айтади. Шу йўл билан ота ўғлига меҳнат билан топилган даромаднинг азизлигини кўрсатиб берган экан. Дарҳақиқат, аждодларимиз закосига мурожаат қилиш орқали барча масалаларга жавоб топиш мумкинлигининг яна бир амалий исботидир ушбу ташаббус.

Бугунги синовли кунларда ҳам энг маъқул ва синалган йўл сифатида мазкур йўналиш танланди. Ташаббуснинг ҳаётда, амалиётда қанчалик рўёбга чиқиши эса Наманаган ва Самарқанд вилоятлари мисолида таҳлил қилиб берилди.

Мисол учун, Самарқанд вилоятидаги биргина тадбиркорнинг ўзи айни кунларда 1,5 мингдан ортиқ фуқароларни қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд қилаётгани, Наманган вилоятидаги тадбиркорлар эса 3 минг нафар оилага ёрдам бериш ташаббуси билан чиққанлари эътироф этилди.

Албатта, бу каби фидойи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, жойлардаги мутасаддиларга қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва хонадонларда иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобига қўшимча 14 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. 110 минг кишини мавсумий, 167 минг фуқарони жамоат ишлари билан қамраб олиш вазифаси қўйилди.

Жумладан, мамлакатимиздаги кўплаб ерларга сув танқислиги туфайли ҳеч қандай экин экилмай, бўш, қаровсиз ётибди. Агар жойлардаги мутасаддилар ташаббуси билан ўша ерларда қудуқ қазилса неча гектар майдонда боғлар, токзорлар ва иссиқхоналар ташкил этилиб ўн минглаб янги иш ўрни яратиш мумкин бўлиши таъкидланди.

Шу билан бирга барча туман ва шаҳарларда ишсиз қолган ҳамда эҳтиёжманд аҳолини номма-ном аниқлаб, шакллантирилган рўйхатлар асосида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги ишларни манзилли йўлга қўйиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

Карантин даври инсонларни синаш билан бирга кўплаб соҳаларимиздаги муаммоларни ҳам намоён қилди. Мисол учун, ўз-ўзини банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш бўйича ишлар ҳали етарлича олиб борилмаётганини ёки иқтисодиётда норасмий банд бўлган аҳоли юқорилиги ва шунақанги вазиятларда ҳимоясиз қолиб кетишини кўрсатиб берди. Шунинг учун Президентимиз томонидан ўзини ўзи банд қилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш уларнинг қонуний фаолият юритиши учун қулай ва содда ҳуқуқий тизим яратиш зарурлиги таъкидланди.

Бу ҳам адолатли қарор деб биламиз. Ҳозирда бундай кишиларга 85 та фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилган бўлса, бу рўйхатни кенгайтириш, қонунчиликда тақиқланмаган барча тадбиркорлик турларига рухсат бериш кераклиги топширилди. Ўзини ўзи банд қилган одамлар фақат хабардор қилиш орқали рўйхатдан ўтиб ишлайдиган механизм жорий этиш вазифаси юклатилди.

Албатта, юқорида таъкидланган барча тадбирлар социал-демократик йўналишдаги партиямиз ғояларига тўла мос тушади. Бу эса қўйилган вазифаларни жойларда ижросини таъминлашга кўмаклашиш ва унинг қонунчилик базасини шакллантиришда бизга янада кўпроқ масъулият юклайди. Буни тўла ҳис қилган “Адолат” СДП депутатлари ва унинг жойлардаги фаоллари аҳолини ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган вазифаларни тўла қўллаб-қувватлайди ва унга ўз хиссасини қўшади.

Айни кўрилаётган чоралар, қилиниши лозим бўлган барча ишлар одамларни ҳам банд, ҳам рози қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу эса мамлакатимиз ҳар қандай шароит, ҳар қандай вазиятда ҳам ўз танлаган йўлидан ортга чекинмаслигини, инсон ва унинг манфаатлари энг олий қадрият эканлигини яна бир амалий ифодаси бўлмоқда.

 

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+