Ишни натижасига қараб баҳолаш даври келди

05.04.2020 08:04:46

Икки ҳафтадирки карантин бизни синаб келмоқда. Ҳар биримизни. Лавозимимиз, ёшимиз, миллатимиз, динимиз, ижтимоий келиб чиқишимиздан қатъий назар – барчамизни. Сабримизни, эътиқодимизни, ишончимизни, заковатимиз, билимимизни, энг асосийси, вақтимизни.

Биз ҳам ўз ўрнида, ҳеч ҳам карантиндан қолишмаган ҳолда, “синов мусобақасини” ташкиллаштирмоқдамиз. Шу кунга қадар 23 минг марта қоидаларни буздик, 330 нафаримиз карантин ҳудудини ташлаб қочдик, 24 тамиз эса оммавий тадбирларни қарсбадабанг қилиб ўтказдик. Бундан ташқари, 10-20 нафаримиз юк машиналарига беркиниб олиб Хоразмга, водийга қараб қочмоқдамиз.

Бу каби ҳолатларни кўриб, эшитиб, ҳам фикр қиласан киши, ҳам зикр. Яқинда бир китоб варақлаб туриб, Арастунинг “Ҳар бир киши асосан қўлидан келадиган ва ўзига ярашадиган ишга уриниши зарур” деган фикрини ўқиб, ўйланиб қолдим... Замондашлар, ахир қўлимиздан келмайдиган нима талаб қилинмоқда?! Уйда қолиб, оиламиз бағрида бўлишми, фарзандларимиз билан кўпроқ бўлиб, китоб ўқишми? Йиллар давомида отасининг дийдорига тўйолмаган болачанинг ниятини амалга оширганимизни ёки онасининг иссиқ бағрига қайтарган қизалоғимизми?

Ёки бўлмаса, ўзимизни ва яқинларимизни асраш учун озодаликка қатъий риоя қилиш, эҳтиёж билан кўчага чиққанда масофани сақлашми? Ахир барча талаблар жуда оддий ва жўнку?! Ахир бу карантин даврини қисқартириш ҳам унинг муддатларини узайтириш ҳам фақат ва фақат ўзимизга, ҳар биримизга, шахсан боғлиқ эканлиги кундек равшан-ку?!

Давлатимиз раҳбари бугунги мурожаатларида айнан шу каби масалаларга катта хавотир билан тўхталиб, “вазиятни қўлдан бой берсак, жиловламасак, қаттиққўл бўлмасак, вазият кескинлашиб бораверади” дедилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг халққа қилган ҳар бир мурожаатларидан сўнг ҳукуматга аниқ чораларни белгилаб берадилар. Бугунги шундай қийин вазиятда иқтисодиётимизни, тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш учун яна бир муҳим фармонни имзоладилар. Таъбир жоиз бўлса, Арастунинг сўзи билан “.... ўзига ярашадиган ишга уриниши” амалга оширилди. Яъни, шундай ҳам иқтисодий, ҳам маънавий оғир  бир шароитда бу каби ҳужжатнинг қабул қилиниши, унга асосан катта миқдордаги маблағларнинг мақсадли  йўналтирилиши, хусусан, карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади, интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси кафиллик бериб, унинг чегараси 8 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилади. Бундан ташқари, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади. Болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамлар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади.

Дарҳақиқат, охирги кунларда қабул қилинаётган фармонлар қатори, мазкур ҳужжатда ҳам мамлакатнинг барча жабҳалари, соҳалари, аҳолининг барча қатламлари қамраб олинган. Бунда аниқ муддатлар, масъуллар, маблағлар, асосийси, аниқ мақсад ва натижа белгиланган.

Бундай шароитда биз, фуқаролар нима қилишимиз керак, деган саволга, мурожаатдан жавоб топамиз: “Ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлсак, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак касалликни енгамиз. Бу курашда юксак тафаккур, қатъий интизом, сабр-тоқат ва улкан масъулият кўрсатишимиз лозим”.

Яна ҳамма гап ўзимизда, ўзимизни ўзгартиришда, шахсий намуна ва масъулликда. Келинг, азиз ватандошим, ниқобсиз кўчага чиққанимизда, шахсий гигиенага риоя қилмаганимизда, умуман карантин қоидаларини бузаётганимизда, кўз олдимизга неча кундан бери уйига, оиласига бора олмаётган, фарзандларини бағрига боса олмаётган, янги туғилган гўдагини кўрмаган, фарзандига куюниб тўшакда илҳақ ётган ота-онасидан хабар ололмаётган ИНСОНЛАР келсин. Уларга иш кўпайтирмайлик. Зеро, ишни натижасига қараб баҳолайдиган соат ишга тушди.

Фикрим сўнгида яна бир иборани эсладим. “Фойданг тегмаса, зараринг ҳам тегмасин”.

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+