Ислоҳотлар натижалари парламент фаолиятини ҳам жонлантирмоқда

16.03.2022 11:03:06

Сўнгги беш олти йил ичида мамлакатимизда қўлга киритилган ютуқларни, эришилган марраларни таҳлил қилар эканмиз, «Ўзбекистон Президенти танлаган янги сиёсий йўл ўзини оқлади», деб ишонч билан айта оламиз. Зеро, «инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари», «очиқлик ва ошкоралик», «жамоатчилик назорати», «хусусий мулк даҳлсизлиги» каби тушунчалар айнан Шавкат Мирзиёевнинг президентлик фаолияти билан бирга инсонларнинг реал ҳаётига чуқур кириб, амалий аҳамият касб этиб бордики, бундан буён одамлар ўз тақдирини ушбу тушунчаларсиз тасаввур эта олмайди.

Мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлиснинг ролини янада кучайтириш борасида муҳим омил бўлди. Ушбу тарихий ҳужжат ўтган қисқа даврда халқ сайлаган вакиллик органлари — парламент ва халқ депутатлари Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан ўзгартирди. Давлат раҳбарининг ўзи ҳам Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олдимизда турган ўта долзарб ва мураккаб вазифаларни муваффақиятли ҳал этиш учун аввало қонун ижодкорлиги соҳасида ишни бутунлай янгича ташкил этиш масаласини олға сурди. Қонун ижодкорлиги — Қонунчилик палатаси фаолиятининг энг муҳим, биринчи галдаги вазифасидир. Қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади. Қонун ижодкорлиги фаолияти «Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт» деган устувор тамойилга асосланди. Бу эса Қонунчилик палатасини ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам «демократия мактаби»га айлантирмоқда.

2018 йилда қабул қилинган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишлари ҳам бутунлай янги йўналишда ташкил этилди, шунингдек, қонун лойиҳаларини қабул қилиш ва кўриб чиқишнинг демократик тартиб-қоидалари амалда жорий этилди. Жумладан, Қонунчилик палатасидаги ­сиёсий партиялар фракцияларининг қонун лойиҳалари бўйича фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиш ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиш лозимлиги белгилаб қўйилди. Сиёсий хилмахиллик, кўппартиявийлик, масалаларни эркин муҳокама қилиш ва жамоа бўлиб ҳал этиш тамойилларига асосан ҳар бир қонун лойиҳаси ёки масала сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида дастлабки тарзда кўриб чиқилмасдан туриб Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилмаслик принципи амалда қатъий мустаҳкамлаб қўйилди. Натижада 2020 ва 2021 йилларда Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилаётган пайтда қатор қонун лойиҳалари фракцияларнинг қатъий позицияси туфайли мажлис кун тартибидан чиқарилиб, қайта ишлаш ва такомиллаштириш учун масъул қўмиталарга қайтарилди.

Мен шу ўринда бугунги парламент аввалги парламентлардан тубдан фарқ қилишини айтиб ўтмоқчиман. 2004 йили Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, мамлакатимизда ташкил этилган биринчи профессионал парламентга сайланиб, 10 йил турли раҳбар лавозимларда ишладим. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари бўлдим. Аммо ўша кезларда депутатларнинг мақоми, уларга яратилган шароитлар мақтайдиган даражада  эмасди, депутатлар ташаббуссиз, таклиф бермайди, дея жар солинарди, аммо ташаббус билан ишлашга имкон берилмасди. Депутат ўзига ўзи ҳам котиб, ҳам ёрдамчи эди, сайловчилар билан учрашувлар ҳам депутатларнинг ўз ҳисобидан ўтказиларди, вазирликлар, ҳокимликлар, турли идора ва ташкилотларга сайловчилар мурожаатлари бўйича юборган хатларимизга жўяли жавоб ҳам ололмасдик.

Сўз эркинлиги чекланган, халқаро алоқалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Масалан, биз Ўзбекистон социал-демократик партияси вакили сифатида бошқа ривожланган мамлакатлар социал-демократлари билан алоқа қилишимизга рухсат йўқ эди, уларнинг тадбирларига қатнашаолмасдик, янги ғоялар билдиришни гапирмаса ҳам бўлади. Ҳамон ёдимда, биз инновация, электрон ҳукумат, масофадан ўқитиш, муқобил энергетика каби ғояларни кўтариб чиққанимизда катта қаршиликларга учраганмиз. Хуллас, бундан 5-6 йил аввал парламентимизга, сиёсий партияларга жамиятимизнинг демократик тамойилларга амал қилаётганини билдириш учун декорация вазифасини бажарувчи ташкилотлар сифатида қараларди.

Янги Ўзбекистоннинг янги ислоҳотлари туфайли “сохта манзара” лар йўқ бўлди, парламент реал, амалий ташаббусларни илгари сура бошлади. Ҳозирги депутатларимизга ҳавасим келади, қўрқмасдан олдин ёпиқ ҳисобланган “нозик” мавзулар бўйича ҳам бемалол ўз муносабатларини билдиришмоқда, энг муҳими уларни халқ танийди, ишонади.

Алоҳида таъкидлаш керакки, парламентимиз ҳақиқий халқ вакилларига айланмоқда, унинг фаолияти кундан кунга шаффофлашиб бормоқда, депутатларимизнинг қандай ишлаётганини, халқ манфаатлари йўлида қандай таклифлар илгари сураётганини ОАВ, телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали ҳаммамиз бемалол кузатаяпмиз.

Ўтган даврда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулияти янада оширилди. Эндиликда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда, қоида тариқасида, ташаббускор субъект ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши белгиланди. Натижада қонун лойиҳасининг биринчи ўқиш жараёнидаги муҳокамаси том маънода жонланди. Қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилганлиги мамлакатимиз халқаро ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг тўлақонли бажарилишига эришиш, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини янада яхшилашда муҳим ўрин тутмоқда. Қонунларни қабул қилиш жараёнида кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш, бунда фуқароларнинг хоҳиш-истакларига қулоқ тутиш, аҳоли ўртасида очиқ муҳокамалар ўтказиш ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатли бўлишида муҳим аҳамият касб этади.

Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси томонидан ҳам қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш тартиби қабул қилинди. Жумладан, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида «Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари» махсус рукни ташкил этилди.  Мазкур амалиёт, биринчи навбатда, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда сайловчилар манфаатларини янада тўлиқ ифодалашга ҳамда ушбу қонунларнинг ҳаётга самарали жорий этилишини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бугун ривожланган демократик давлатлар тажрибасидан кўриш мумкинки, ислоҳотларнинг сифати ва самараси кўп жиҳатдан миллий парламентнинг иштироки даражасига боғлиқ. Парламентимизда нафақат қонунлар ижроси, парламент ваколатларига киритилган йўналишларда Ҳукумат фаолиятини назорат қилиш, балки парламент бошқаруви шаклига асосланган республикалардаги каби Ҳукумат аъзолигига номзодларни Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллаш амалиёти жорий этилди. Ўтган даврда Қонунчилик палатаси ўзининг асосий вазифасини, яъни қонун ижодкорлигини амалга ошириш билан бирга, ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини олиб борди.

Бугунги кунда парламент минбари чинакам баҳс-мунозара, принципиал тортишувлар майдонига айланди. Бунда сиёсий пар­тиялар фракцияларининг ҳақиқий қиёфаси ва позицияси яққол намоён бўлмоқда. Қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича фракциялараро рақобат кескин кучайди. Айни пайтда фракцияларнинг ўзи мансуб бўлган сиёсий партиялар билан узвий алоқасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сиёсий партиялар ҳамда жойлардаги халқ депутатлари Кенгашларини фракциялар томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ва тегишли масалалар хусусида хабардор қилиб бориш тизими йўлга қўйилди. Бу амалиётга кўра, фракциялар томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари жойларда муҳокама қилиш учун тегишли партияларга юборилмоқда, сиёсий партиялар эса уларни жойлардаги партия ташкилотларига етказмоқда.

Исмоил Саифназаров,
фалсафа фанлари доктори,ТДИУ профессори

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+