ЙПХ ходимининг хавфсизлиги тўғрисида қонун қабул қилиниши керак

18.02.2022 13:02:01

Яқинда давлатимиз раҳбари бошчилигида «Йўлларда инсон хавфсизлигини кучайтириш чора-тадбирлари» юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ушбу видеоселекторда йўл ҳаракатига оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш вазифаси илгари сурилди.Барча ҳудудларда “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” умуммиллий дастури амалга оширилиши белгиланди. Автомактаблар ва имтиҳон марказларига бўлган талабларни қайта кўриб чиқиш, ҳайдовчиликка ўқитиш самарадорлиги ва ўқитувчиларнинг малакасини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

 Дарҳақиқат, сўнги вақтларда йўл ҳаракати қоидаларини писанд қилмай қўйган ҳайдовчи ҳамда йўловчилар кўпайиб бормоқда. Қонунларни менсимаслик, ўзгалар ҳаёти олдидаги масъулиятни ҳис этмаслик кўпгина кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда. Шундай экан, тизимни ислоҳ қилиш навбати етиб келганини ҳар бир юртдошимиз ич-ичидан ҳис этаётган бўлса керак. Биринчи галда ЙПХ ходимининг қадр-қиммати, хавфсизлиги тўғрисида алохида қонун қабул қилиниши керак. ЙПХ ходими қоидабузар машинасини тўхтатганида ҳар хил хақоратли сўзларни ишлатиб, давлат органи ходимига қўполлик қилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш зарур. Афсуски, айрим фуқаролар демократия деганда истаган ишини қилишни тушунмоқда. Майнавозчилик йўли билан давлат органининг қонуний талабини четлаб ўтаётганларига гувоҳ бўлиш мумкин. Сўз эркинлигини бошқача тарзда талқин қилаётган бундай фуқароларга нисбатан қонунлар ва зарур керакли чора-тадбирларни кучайтириш лозим. Тан олиш керак, бизда давлат органи ходимлари билан мулоқотга киришишда маданият етишмайди.

Президентимиз томонидан видеоселектор йиғилишида қоидабузарларнинг кўпайишига аввало, автомактабларнинг талабга жавоб бермаслиги, ҳар йили 500 минг ўқувчи хайловчилик гувохномаси олгани ҳолда шундан 25 фоизи ўқув машғулотларига қатнашмаслиги таъкидлаб ўтилди. Ўтган йилнинг ўзида 10 мингдан ортиқ автоҳалокат юз бергани, шундан 9 мингдан ортиқ фуқаролар жабрлангани, 2,5 мингдан ортиғи халок бўлгани, булар ичида 263 нафар ёш болалар борлиги аянчли ходиса эканлиги айтиб ўтилди. Эндиликда хайдовчиликка ўқитиш ва гувохнома бериш бўйича янги тизим яратилиши алоҳида таъкидланди. Айтиш керакки, кўпчилик фуқаролар хусусий автомактабларда таҳсил олишни мақбул кўради. Чунки, унда эмин-эркин машғулотга қатнаш ёхуд машғулотга қатнамай туриб ҳам гувохнома олиш мумкин деб хисоблашади. Бу борада давлат автомактаблари қатъий-қонун қоидаларга риоя этади. Бироқ уларда бугунги кун талабига жавоб берадиган моддий-техника базаси йўқ. Автохалокатларнинг 75 фоизини 35 ёшгача бўлганлар содир этаётгани эса юқоридаги фикрларни яна бир бор тасдиқламоқда. Айниқса, ёшларга хайдовчилик гувохномаси беришда қатъий талабларга, қонунларга риоя этиш муҳимдир. Бу келгусида рўй бериши мумкин бўлган кўнгилсиз ходисаларнинг олдини олган бўлади.

Мирзоҳид АБДУҚОДИРОВ,
Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати,
Чилонзор тумани Маҳаллабай ишлаш ва
тадбиркорликни ривожлантириш маркази бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+