Мавзуга қайтиб: “Прописка” тизими ислоҳотлар жараёнида!

20.04.2020 12:04:08

Конституциямизнинг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақидаги қатъий қоида белгиланган.      Лекин, шу ўринда бир савол туғилади: Ўзбекистон фуқаролари Конституцияда белгиланган республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш борасидаги ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана олдиларми? Афсуски, баъзи истисноларни ҳисобга олмаганда, йўқ.

Бунга сабаб, бир пайтлар аслида Конституциянинг юқоридаги модда талабларига зид равишда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий “прописка” қилиниши лозим бўлган шахслар учун “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши бўлган эди.

Биринчи галда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тизимининг бир мунча мураккаблашган ва айрим чекловлар вужудга келган. Яъни, фуқароларни пойтахт ва Тошкент вилоятида доимий “прописка” қилиш қонун билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ амалга оширилиши, рўйхатда назарда тутилмаган шахслар тоифаси эса доимий “прописка” қилинмаслиги қатъий белгилаб қўйилганди.

Шундай қилиб, сўнгги 10 йил давомида фуқаронинг Тошкентда ишга жойлашиши ва уй-жой тасарруф этиши билан боғлиқ мураккабликлар, низолар ва коррупция ҳаракатларига дуч келиши ҳолатлари кўзга ташланиб қолган эди. Бу эса турли эътирозларга сабаб бўлди.

Муҳтарам Президентимиз шу йил Олий Мажлисга қилган мурожаатида урбанизация жараёнларини жадаллаштирган ҳолда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш кераклиги ҳақида тўхталиб, бу вазифа билан боғлиқ яна бир масала – асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудларимиз ўртасида тафовут борлигини алоҳида таъкидладилар. Албатта, давлат раҳбари томонидан муаммонинг ечими аниқ нишонга олинди. Яъни, ички миграцияни эркинлаштириш, парламент ва ҳукумат эскича “прописка” тизимини ислоҳ қилиш бўйича халқаро тажрибани ўрганиб, аниқ таклифларни ишлаб чиқиши кераклиги сабаб қилиб кўрсатилди. Муаммонинг қанчалик долзарб эканлигини англаш учун одам пойтахтда ўттиз йил давомида сарсон юрган қайсидир фуқаронинг ўрнига ўзини қўйиб кўриши керак.

2020 йил –“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” давлат дастурида ҳам мурожаатномада келтирилган ва амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим тадбирлар қаторида “прописка” тизимини ислоҳ қилиш ҳам назарда тутилган. Унга кўра, жорий йил
1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда доимий прописка мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилинди.

Юртимизда доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий “прописка”га эга фуқароларимиздан пойтахт ва Тошкент вилоятида янги қурилган кўчмас мол-мулк бўйича олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганлик учун ундириладиган давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш белгиланди. Шунингдек, асосий ишчи кучи яшайдиган ва иш ўринлари яратилаётган ҳудудлар ўртасида тафовутни йўқотиш ва ички миграцияни эркинлаштириш нуқтаи назаридан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланди.

Давлат дастури ижроси доирасида бу борада алоҳида Қонун лойиҳаси ва Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳалари ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат лойиҳаларида юқорида санаб ўтилган ҳуқуқий енгилликларга мос равишда яна бир қатор ижобий янгиликлар бор. Масалан:

- фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини ўзи доимий рўйхатда турган манзилдан ташқари, эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи бўлиши;

- бошқа ҳудудларда доимий рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Тошкент шаҳри ва вилоятида уйни умумий мулк ҳуқуқи асосида олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя, рента, умрбод таъминлаш шарти билан бошқа шахсга бериш, гаровга (ипотекага) қўйиш, кўчмас мулкдан воз кечиш ва кўчмас мулкни ўзгага беришнинг бошқа усулларига оид битимларни нотариал тасдиқлашда ҳам ижтимоий норма тўғрисидаги қоидалар инобатга олиниши лозимлиги;

- илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келганда, ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши мумкинлиги, вакиллик органига сайланган, тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда республика аҳамиятидаги бошқа давлат ташкилотларига тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чекловни олиб ташлаш;

- вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддатини уй-жой эгасининг розилиги асосида 5 йилгача узайтириш мумкинлиги;

- Тошкент шаҳри ва вилоятида фуқароларнинг доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 10 кундан 15 кунга ўзгартирилиши;

- доимий рўйхатни расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига штамп босиш амалиётидан воз кечиб, бу жараёнларни рақамлаштириш;

- доимий рўйхатга олишни расмийлаштиришда аввалги яшаш жойидан мустақил рўйхатдан чиқиш тартиби ҳамда ҳарбий хизматга мажбурларнинг доимий рўйхатга туришдан олдин ва кейин ҳарбий ҳисоб учун мудофаа бўлимларига бориш тартиби бекор қилиниб, бу ишлар идоралараро электрон дастур орқали амалга оширилиши каби ижобий ўзгаришлар назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг сайловолди дастурида “прописка”дан ўтиш тизимига янгича ёндошиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш ғоялари илгари сурилган эди.

Зеро, ушбу ғоялар амалга ошиши пойтахтга ҳаёт тақозоси билан узоқ йиллар ишлаш ва илмий фаолият олиб бориш учун келган, топган даромадига эса кичкинагина бўлсаям уй-жой олиш истагида бўлган юртдошларимиз фойдасига хизмат қилиши шубҳасиз.

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда:“Ватанимиз ичра ҳар бир инсон ўзининг “кичик ватани”га – уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади”.

 

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+