Менинг фикрим: Устозни таҳқирлаган “саллачи” раҳбарга не дейин?......

09.02.2022 17:02:42

Мен 50 йиллик педагоглик стажига эга ўқитувчиман.

Барча  юртдошларимиз қатори ёшим 80да бўлса ҳам, невараларим ёрдамида кундалик янгиликларни  теле, радиовоситалардан ташқари ижтимоий тармоқлар орқали ҳам кузатиб бораман. Улар билан баҳс, мунозаралар қиламан.

Хусусан  “Газета.uz”даги “Андижон вилоятида ўқитувчилар ота-оналардан кечирим сўрашга мажбур қилинди” мақоласини нафақт жамият аъзоси, балки мутахассислиги ўқитувчи, педагог бўлган фуқаро сифатида олдин ҳайратланиб, кейин нафратланиб, охирида эса йиғлаб ўқидим.

photo_2022-02-09_17-30-47

Дунёга Алишер Навоий, Абу Али ибн Сино, Ал Хоразмийдек тамаддун пешволарини берган миллатимга не бўлди? Бу не даҳшатки,  ОТАдан-да улуғ даражага ўзи кўтарган УСТОЗни бошини фарзандни тарбияси ва билими учун энг аввало масъул бўлган, боласининг камоли биринчи ўринда унинг учун бўлган ота-она қаршисида эгиб қўйибди???!!!

Ҳозирги айтмоқчи бўлган гапларимни ҳамма чайнаб ташлаб юборган деб айта кўрманг. Бу мени оғриган юрагимдан чиқаётган нолам. Юртбошим бир лаҳза бўлсада эътиборидан қолдирмаётган, сиёсат даражасига кўтарган таълим соҳаси эгаларини, ўзининг фарзанди тарбияси ва таълимига вақт ажратмасдан фақат ҳалол ризқ учун миллат боласига кундузи таълим бериб, кечаси шу таълимнинг режаси ва ижросини тайёрлаб, тунни кунга улаётган инсоннинг қилаётган меҳнатлари учун бош эгдириш, кечирим сўратиш учун масъул лавозимда “ИШЛАЁТГАН”  одам дейишгаям тилим бормаётган шахс маънавий жиҳатдан қанчалик паст бўлиш керак?

Ахир Президентимиз уларга таълим-тарбияни ривожлантириш, такомиллаштириш учун ЎҚИТУВЧИ, ТАРБИЯЧИ ва УСТОЗни таҳқирла демади-ку. Аксинча уни меҳнатини салмоғини улуғла, қадрини кўтар, мавқени баланд қил демадими?

Давлат раҳбаримизни тўғри топшириқ ва вазифаларини ақлу ноқиси билан тушуниб, бутун бир тумани миқёсида шармандалик тадбирларини ўтказиш ташаббуси, мақтов олиш, яхши кўриниш дардида “салла” деса, керак бўлиб қолади деб биратўла калланиям қўшиб олиб келиш туман Халқ таълими бўлими мудири ва ҳоким ёрдамчисига  тегишли эканлигини билгач, нима дейишни, нима деб ўйлашни ҳам билмай қолдим.

Суратдаги бечора устозларимизни ҳолатига, уларнинг афтодалигига сиз ҳам разм солдингизми? Сизни қандай ҳиссиётлар чулғади?

Вилоят ҳокими, туман ҳокими, Халқ таълими вазири, вилоят, туман ХТБ раҳбарлари, блогерлар ва миллат тақдирига бефарқ бўлган юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари озгина бўлсада ҳовуримдан туширди.

Бизни ўқиган, ишлаган, ёшларга таълим-тарбия берган вақтимизда, ўқитувчимиз  йўлда кетаётган бўлса, у киши ўтиб кетгунча орқага қайтиб кутиб турардик, устозимиз олдида овозимизни баландлатмасдик, кўзларига тик боқолмасдик... Хўш, нима ўзгарди? Инсонми, даврми, вазиятми?

Эй халқим, давлатбошинг ўқитувчингни, устозингни қўллаб-қувватлаб, мавқеини кўтариб, уни жамиятнинг энг олди сафига чиқариб турган бир вақтда сен уни ёнида туришинг, унга елкадош бўлишинг керак! 

Сени маънавиятинг, маърифатингга дунё тан берган бир вақтда ўз ўқитувчингга “салла”чиларни бундай муносабат қилишларига йўл қўйма, келажагингни, келажагинг боғбонларини эъзозла халқим....

Гуларо АЗИЗОВА,

меҳнат фахрийси, ўқитувчи,

“Адолат” СДП фаоли

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+