Мурувват ва саховат мутасадди раҳбарларнинг асосий вазифасига айлансин

21.04.2020 12:04:48

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги амалга оширилиши лозим бўлган кечиктириб бўлмайдиган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилиш кун тартибига киритилган вазифаларни муҳокама қилишдан олдин бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солаётган коронавирус эпидемиясига қарши курашиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари агар барчамиз тиббиёт ходимларини кўрсатмаларига амал қилиб, темир интизом билан карантин қоидаларига риоя қилсак? бу балоларни талофатларсиз енгиб чиқишимизни таъкидламоқда.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, ҳукумат комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан кўрилиши лозим бўлган кечиктириб бўлмайдиган бир қатор чоралар ҳақида айтиб ўтди.

Республика комиссияси мутасадди вазирлик ва идоралар билан бирга, жойлардаги ҳокимлар, секторлар раҳбарларининг коронавирус тарқалиши олдини олиш ҳамда унинг иқтисодиёт ва инсонлар ҳаётига салбий таъсирини имкон қадар чеклаш учун масъулиятини янада ошириш чораларини кучайтириши керак.

Айниқса, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш, нарх-навонинг ошиб кетмаслигига эришиш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлиги учун шахсан жавоб беради.

Президентимиз таъбири билан айтганда, ижтимоий нафақа ёки моддий ёрдам пулини ошириш билан муаммони ҳал этиб бўлмайди. Камбағалликни қисқартириш учун аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни изчил амалга оширишимиз зарур.

Юқоридаги ишларни амалга ошириш борасида ҳудудларда тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган товарларни ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳаллийлаштирилган саноат маҳсулотлари ҳажмларини ошириш ва турларини кўпайтириш, аҳоли даромадларини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришни йўлга қўйиш, шунингдек, 2020 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш Давлат дастури доирасида ташкил этиладиган доимий иш ўринларини яратиш керак бўлади.

Шунингдек, Давлат раҳбари марказий идоралар раҳбарларидан, бошқа мутасаддилардан улар бириктирилган ҳудудларда ҳар бир бемор аҳволи юзасидан ҳисобот олган, яратилган шароитлар ҳақида батафсил сўраб суриштирган.

Ундан ташқари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт илмий марказлари раҳбарлари ўзлари масъул бўлган ҳудудлардаги ҳар бир бемор ҳолидан шахсан хабар олишлари, давлатимиз томонидан яна қандай шароит ва ёрдам кераклиги устида тинимсиз қайғуришлари зарурлиги таъкидлаб ўтилган.

Бугунги кун барчамиздан, бутун халқимиздан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин кучайтириш, карантин билан боғлиқ жорий этилган барча тартиб-қоидаларга сўзсиз ва қатъий амал қилишни талаб этмоқда.

Зеро, айни пайтда, ҳеч бир фуқаро қийинчилик билан юзма юз қолмаслиги, кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга мурувват ва саховат кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш,
бу каби эзгу ташаббусларни кўпайтириш жойлардаги барча мутасадди раҳбарларнинг асосий вазифаларидан бири бўлмоғи лозим.

Иномжон ҚУДРАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+