Наримон Умаров: Халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган дастур

03.03.2020 18:03:57

“Халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир”. Ушбу конституциявий норма сўнгги йилларда ҳаётимизда янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Бу ўринда фикримизга далил сифатида ҳар йили ислоҳотларимизнинг асосий йўналишларини белгилаб берувчи Давлат дастури лойиҳасини кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш амалиётини келтиришимиз мумкин. Хусусан, жорий йилги Давлат дастури лойиҳаси ҳам кенг жамоатчилик ва фуқаролар орасида қизғин муҳокама этилиши асосида ушбу ҳужжат янада бойитилди, тадбирларнинг жорий этиш механизмлари аниқ белгилаб берилди.

Муҳокама жараёнида “Адолат” СДП ҳам фаол иштирок этди, албатта. Дастур лойиҳаси партиянинг қўйи тизими бўлган бошланғич партия ташкилотларида кенг муҳокамадан ўтказилди. Билдирилган таклифлар “Адолат” СДПнинг парламент Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва партия Сиёсий Кенгаши билан биргаликда умумлаштирилди.

Бизнинг ана шу таклифларимиз ҳам Президентимиз Фармони билан куни кеча тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастуридан ўрин олди.

Бунда “Адолат” СДПнинг электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Прописка тизимини ислоҳ қилиш, судларда прокурор иштирокини такомиллаштириш, йўл ҳаракати қоидаларини қонун даражасига чиқариш, олий таълимга қабул квоталарини кенгайтириш, “Электрон парламент” тизимини жорий этиш, илм-фан соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш каби ғоялар шулар жумласидандир.

Дастурнинг ҳар бир йўналишида жамиятда адолатни таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш, ислоҳотларда жамоатчиликнинг фаол иштирокини таъминлаш устувор йўналиш сифатида белгиланган.

Суд тизимини янада демократлаштириш ва такомиллаштириш йўналишида “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳририни қабул қилиш назарда тутилган. Унда адолатни таъминлашнинг устувор йўналиши ҳисобланган судьяларнинг мустақиллигини ва уларни мақомининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш кўзланган. Сайловолди дастуримизда асосий эътибор қаратилган коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида давлат органи ташкил этилиши натижасида бу иллатга кураш соҳасида мувофиқлаштириш тизими яратилади.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, уларга муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини кўпайтириш назарда тутилган. Шу билан бирга, тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланган.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, халқимиз муаммолари ечимига қаратилган, аҳоли фикри инобатга олинган ушбу дастурни амалга ошириш асосида давлатимиз иқтисодий ривожланади, фуқароларимиз турмуш даражаси янада яхшиланади. Энг асосийси, дастурнинг ҳар бир йўналишидаги ҳар бир вазифа, ислоҳотлар, аввало, давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи бўлмиш халқимиз манфаатларига хизмат қилади.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+