Оилавий тарбия – жамият ривожини белгиловчи муҳим омил

10.05.2022 18:05:04

Оила – жамиятининг энг кичик ва асосий бўғинидир. Оила инсоният пайдо бўлганидан буён давом этиб келаётган, барча анъана ва қадриятларни ўз ичига жамлаган, ўзининг бошқарувига эга бўлган кичик бир давлат мисолида кўришимиз мумкин. Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев саъйи-ҳаракатлари билан юртимизда оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш ҳамда азалдан аждодларимиз томонидан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий урф-одатларимизни келажак авлодга тўғридан-тўғри ва тўлиқ ҳолда етказиш учун амалий ишлар қилинмоқда.

Жумладан, дастлаб “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги”, сўнгра “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси” ташкил этилганлиги бунинг ёрқин мисолидир.

Барчамизга маълумки, ўзбек оилалари азал-азалдан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Қон-қонимизга сингиб кетган урф-одатлар ҳар бир ёш авлодга гўдаклик чоғидан бошлаб ўргатиб борилади. Масалан, ўзидан катталарга салом бериш, ёмон сўзлар ишлатмаслик, барчага хушмуомала бўлиш, ота-онага ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш шулар жумласидандир.

Бой илмий-маданий меросимиз, қадимий урф-одат ҳамда анъаналаримиздан аёнки, ҳар қандай замон ва маконда ҳам оила биз учун муқаддас қадрият саналган. Дарҳақиқат, оилаларда тарбиявий, маънавий-ахлоқий муносабатлар қанчалик мустаҳкам бўлса, жамиятимиз ҳам шунчалик барқарор ривожланиб боради. Шу боис, буюк аждодларимиз Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Aлишер Навоий, Aҳмад Югнакий, Маҳмуд Кошғарий, Беруний, Ибн Сино ва Форобийлар оила муносабатлари, фарзанд тарбияси, ота-онага бўлган ҳурмат эҳтиром каби ҳаётий хулосаларини ўз асарларида ёзиб қолдирганлар.

Жадидчиларимиздан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Aбдурауф Фитрат, Aбдулла Aвлоний, Aбдулла Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори Aбдурашидхоновлар ҳам одоб-ахлоқи гўзал, жисмонан ва маънан етук авлодни тарбиялашнинг ягона йўли – барқарор оила қуриш эканини, оилани мустаҳкамламасдан давлат ва жамият тараққиётига эришиб бўлмаслигини таъкидлашган.

Бола илк тарбияни оилада олади. Бола тарбиясининг илк сабоқлари ҳақида атоқли ўзбек педагоги Aбдулла Aвлоний ўзининг “Туркий гулистон ёхуд Aхлоқ” китобида қуйидаги ибратли ўғитларни айтган эди: “Тарбияни туғилган кундан бошламак, вужудимизни қувватлантирмак, зеҳнимизни равшанлаштирмак лозим”.

Оилада катталарнинг обрўси қўрқитиш асосида эмас, балки самимийлик, ўзаро ҳурмат-эҳтиром замирига қурилиши мақсадга мувофиқдир. Оила аъзоларининг иноқлиги, ўзаро ҳамжиҳатлиги, кийиниш маданияти, меҳнат фаолияти, ўзга кишилар тўғрисидаги суҳбатлари ва уларнинг бошқа сифат ҳамда фазилатлари боланинг мурғак тасаввурига янги тимсолларни олиб киради.       Оила тарбияси боланинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутади, бола дастлаб оилада жамиятнинг қиёфасини кўради, бўлажак фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари, дунёқараши ва ахлоқий қарашлари оилада шаклланади, шу асосда жисман ва руҳан камол топиб боради. Бола учун оиладаги соғлом ижтимоий-руҳий муҳит, маданий-маънавий ва ахлоқий қадриятлар, анъаналар, ижтимоий-ҳаётий тажрибалар, кўникма ва малакалар манбаидир.

Бу оилавий тарбия жараёнида сайқалланиб боради, тарбиянинг моҳияти кишини ҳаётга тайёрлашдан иборат бўлиб, тарбиянинг мазмуни, йўналиши, мақсади ва вазифаси кишиларнинг ижтимоий муносабатларига боғлиқ.

Оиладаги маънавий-руҳий муҳит, бола тарбиясида ғоят муҳим аҳамиятга ега бўлиб, оила аъзоларининг турмуш тарзи кўп ҳолларда фарзандларнинг руҳий кайфияти, тасаввури ва ҳиссиётларини белгилаб беради. Демак оила соғлом, баркамол инсонни тарбиялаб вояга етказишда жамият олдида масъулдир.

Оилада тарбия топган ҳар бир инсон ҳар жиҳатдан умуминсоний ахлоқий, илмий, эътиқод ва бошқа соҳаларда камолотга етган хислатларни ўзида мужассамлаштирган бўлиши лозим, камолот сари интилган киши аста-секин оламни, ўзлигини таний бошлайди.

Оилага масъулият билан ёндошиш муҳим вазифалардан бири саналади. Афсуски, сўнги йилларда оилавий ажримлар сони кескин ошган. Бунинг асосий сабаблари ёшларимизнинг оилага масъулият билан ёндашмаётганлиги, енгил-елпи қараётганлиги бўлса ажаб эмас. Шунингдек, баъзи ҳолларда бу ажримларга ота-оналарнинг ҳам айби борлиги кўриниб қолмоқда. Одамлар ўртасида ким ўзарга тўй қилиш, келин томон олиб келаётган сарполарига қараб инсон қадри ўлчанаётганлиги жуда ҳам ачинарли ҳолат. Ахир, тарихда аждодларимиз лойшувоқдан қилинган уйда, қўл учида кун кўришган бўлсада, бахтли ҳаёт кечирганлари маълум.

Шу ўринда айтиб ўтишимиз лозимки, бугунги глобаллашув жараёни ёшу-қари, каттаю-кичикни бирдек қамраб олмоқда. Телевидение, интернет тармоғи тўғрисида билмайдиган инсонлар деярли топилмаса керак. Бу бир жиҳатдан жудаям яхши, чунки дунёда бўлаётган янгиликлардан бохабар бўлиш, замонавий техника-технологиялардан фойдалана олиш – давр талаби. Аммо, танганинг икки томони бўлган каби, бу жараёнларнинг салбий жиҳатлари ҳам мавжуд. Жумладан, аксарият ўзбек оилалари куни билан ишда, лекин, кечки овқат маҳали бир дастурхон атрофига йиғилишади. Албатта, бу маҳалда телевизор ҳам ёниқ бўлади. Телевидение орқали эфирга узатилаётган хорижий кўрсатув ва сериалларининг деярли барчасида бизнинг менталитетимизга ёт урф-одатлар ва анъаналар мавжудлиги, бу ёшларимиз онгига бевосита таъсир ўтказаётганлиги, сериал ва кўрсатув қаҳрамонларига нисбатан тақлид қилишлари, оила ва урф-одатларга нисбатан нотўғри тасаввур шаклланиши, бу эса ўз навбатида янги оилаларда ўз аксини топмоқда.

Ўзбек ёшларининг истеъдодли, қизиқувчан, илмга чанқоқ бўлишлари барчага маълум. Албатта бу ижобий ҳолат. Уларни тўғри йўлга йўналтириш биринчи навбатда ота-онанинг, маҳалла-кўйнинг ва устозларнинг асосий вазифаларидан бўлиши лозим.  Аммо, шундай ҳолатлар борки, унга кўпчилик эътибор беришмайди. Бугунги ёшларимизнинг асосий кўмакчиси, дастёри, шунингдек, энг яқин дўсти десак ҳам муболаға бўлмайдиган ижтимоий тармоқлар орқали ёшларимиз онгини эгаллаётган ғарб маданияти, урф-одатлари тўғридан-тўғри таъсир ўтказмоқда ҳамда айтишимиз мумкинки –“тарбияламоқда”.

Ғарбда, яъни Америка қўшма штатлари ва Европа иттифоқи каби давлатларнинг ўз маданияти, урф-одатлари мавжуд. Уларнинг менталитетларига кўра карьера қилиш биринчи навбатда туради. Ўн саккиз ёшга кирган ҳар бир шахс оиласини тарк этади ва ўзи хоҳлагандек яшайди. Оила қуришга эса кейинги ўринларда қарашади. Бу улар учун тўғри деб қабул қилинган мезон.

Албатта, ғарб маданияти қанчалик жозибадор ва чиройли кўринмасин, асрлар давомида шаклланиб келаётган, муқаддас ислом динимиз асосида қуриладиган оилаларимиз пойдеворини мустаҳкам қуришимиз керак бўлади. Чунки, ҳар бир миллатнинг ўзига хослиги, ажралиб турадиган томони бўлади. Ўзбек халқининг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бу одатларини бекаму-кўст ва гард юқтирмасдан келажак авлодга етказиб бериш бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади.

Ёшларимизни ёт ғоя ва одатлардан сақлаган ҳолда, уларнинг зарарли таъсирига тушиб қолмаслигини назоратга олиш ҳаб биримизнинг вазифамиз ҳисобланади. Айниқса, асосий урғуни оилага берсак, тўғри тарбияни оилада олган фарзанд келажакда жамият ва миллатнинг таянчи бўладиган инсон бўлиб етишиши шак-шубҳасиздир.

 

Очилхонов Абдулазизхон,

“Ёш адолатчилар” қаноти фаоли   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+