Олимпия чемпионларини етиштириш шифокорларга боғлиқ

03.04.2020 17:04:03

 

Инсоният бор эканки, ҳамиша ўзининг ҳаётий самарадорлиги устида бош қотириб келади. Инсон капиталидан тўғри фойдаланиш, салоҳиятнинг барча имкониятларини рўёбга чиқариш, онг ҳамда жисмоний фаолиятни янада ривожлантириш ва тараққий эттириш масалалари ҳамиша долзарб бўлиб келган.

Ҳар бир мамлакат ўз фуқароларининг яшаш тарзи ва турмуш даражасини янада юқори поғонага кўтариш мақсадида муайян чора-тадбирлар режасини қўллайди. Юртимизда бу борада талайгина ишларнинг амалга оширилганини айтиб ўтишимиз жоиз.

Жорий йилнинг 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг навбатдаги ялпи йиғилишида “III ва IV даражали “Соғлом авлод учун” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги ҳамда “Соғлом авлод учун” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари депутатлар муҳокамасидан ўтди.

Ушбу қонунларда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оммалаштириш, жисмонан соғлом ҳамда баркамол авлодни тарбиялашдаги алоҳида хизмат кўрсатган фуқароларни мукофотлаш назарда тутилган.

III ва IV даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оммалаштириш, жисмоний ва тиббий маданиятни ривожлантириш орқали аҳоли саломатлик даражасини юксалтириш, бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланади. Низомга кўра, ушбу орден билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланишлари мумкин.

Мукофотлаш, қоида тариқасида, қуйидаги тартибда: аввал IV даражали, орадан камида уч йил ўтганидан кейин III даражали орден билан тақдирлаш тарзида амалга оширилади.

«Соғлом авлод учун» медали билан мамлакат аҳолисининг саломатлигини муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, зарарли одатлар ҳамда турли касалликларнинг олдини олиш
ва соғлом тyрмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ўсиб келаётган авлодни жисмонан камол топтириш, соғлом бадантарбия ва тўғри овқатланиш маданиятини юксалтиришга қўшган катта ҳиссаси ва ибратли фаолияти учун мукофотланади.

III даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти, IV даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти, «Соғлом авлод учун» медали билан мукофотланган шахслар эса базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

Жаҳонда турли вирус ва инфекциялар инсоният ҳаётига хавф туғдираётган бир вақтда аҳоли саломатлигини турли хатарлардан ҳимоялаш, иммунитетни мустаҳкамлаш жуда муҳим омилга айланди. Бунинг учун, авваламбор, одамзоднинг фикрлаш тарзини тўғри тарбиялаш зарур. Тўғри тартиб-интизомга ўрганган организм ўзи учун нима фойда ва ёки нима зарар эканини тўғри англайди. Бу борада шифокор ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга йўналтирадиган мутахассисларнинг роли каттадир.

Тарихдан маълумки, спорт соҳасида олимпия чемпионларини етиштириш кўп ҳолларда шифокорларга боғлиқ. Ҳар бир инсонга унинг организм хусусиятидан келиб чиқиб индивидуал тадбир қўллаш, ундаги динамикани кузатиш ва керакли натижага эришишда кўмаклашиш жуда мураккаб жараён бўлиб, мутахассисдан юксак даражадаги маҳорат ва фидойиликни талаб этади.

Спортга алоқаси бўлмаган одамлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва унинг тадбирини қўллашни ўргатиш эса ундан ҳам мураккабдир. Сир эмаски, бугунги кунда Ғарбдан кириб келган иллат – телевизор олдида емак ейиш, турли хил бургерлар билан тамадди қилиш, кам ҳаракатлилик орқасидан ортиқча вазн ва семизликка дучор бўлиш жараёни кузатилмоқда. Бундай салбий ҳолат айрим ўлкаларда одат тусига кириб ҳам улгурди. Нотўғри турмуш тарзини олиб бораётган ота-онанинг фарзандга кўрсатадиган ножўя таъсири келгуси авлоднинг ҳам турли касаллик ва иллатларга юз тутишига олиб келади.

Бизнинг халқимиз азал-азалдан тартиб-интизом ва гигиена қоидаларига амал қилиб келган. Далада меҳнат қилаётган бобо деҳқон, бозорда ишлаётган савдогар, мадрасада талабаларга сабоқ бераётган мударрис ва яна ким бўлишидан қатъий назар, ўз вақтида таҳорат олиб, ибодатга киришган, соғлом турмуш тарзига риоя этган.

Бугунги кунда ёш авлодга аждодларимиздан қолган табаррук удумларга амал қилишни ўргатиш, соғлом танда соғлом ақлни шакллантириш борасида тинимсиз меҳнат қилиш зарур.

Шу боис, соғлом авлодни тарбиялаш борасида хизмат қилаётган жонкуяр фидойиларимиз бугун ҳар кунгидан кўра эътибор марказида. Уларнинг меҳнатини юқори баҳолаш, тизимли равишда рағбатлантириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифаларидан биридир.

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+