Ўқитувчи ва мураббийлик касби улуғ ва шарафли касб

01.10.2020 22:10:01

Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат – эҳтиром ва чексиз миннатдорчилик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб, адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Бу ёруғ оламда онадек меҳрибон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва муътабар бўлган улуғ зот – бу муаллим ва мураббийлардир.

Ҳар қайси инсон илк бор ёзиш, чизиш, ўқишни ана шу мўътабар касб эгалари бўлган ўқитувчидан ўрганади. Унинг қўлида савод чиқаради, таълим-тарбия олади. Бугун биз бирон касбни эгаллаб, юрт корига хизмат қилар эканмиз, аввало, устоз ва мураббийларимиздан миннатдор бўламиз. Фарзандлар таълим-тарбияси, ёш авлодни бирор бир касб-ҳунарнинг эгаси, билимли, баркамол инсонлар этиб камолга етказишга алоҳида эътибор қаратиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Халқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган пурҳикмат нақлида ҳам ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиром, ҳурмат намоён.

“Ўқитувчи ва мураббийлар куни” юртимизда 1997 йил 1 октябрдан бошлаб умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келинмоқда. Жаҳонда ягона касб байрамининг умумхалқ байрами сифатида мамлакатимизда кенг нишонланиб келинаётгани давлат, миллат ҳамда жамият келажагини белгиловчи ёш авлодни комил инсонлар қилиб тарбияловчи, энг улуғ касб эгалари бўлмиш ўқитувчи ва мураббийларга ҳукумат даражасида берилаётган юксак эътибор натижасидир

Ёшларни баркамол шахс сифатида камол топишида, уларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни шакллантиришда ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштирокидаўқитувчи ва мураббийларимизнинг ўрни беқиёс ҳисобланади Шундай экан, ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеини ошириш жамият ривожланишининг муҳим асоси ҳисобланади. 

Сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизими тубдан ислоҳ қилинмоқда. Юқори малакали кадрлар тайёрлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Қисқа вақт оралиғида янги мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари янгидан барпо этилди, мавжудлари таъмирланди. Улар замонавий компьютер техникаси билан жиҳозланди. Таълим даргоҳларида ўқув жараёнларига илғор педагогик ва ахборот технологиялари жорий этила бошланди. Электрон дарсликлар, видео ва аудио дарслар, интерфаол ва виртуал дарслар, тестлар, интерактив ўқув ўйинлари ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.

Куни кеча қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги қонунда педагог ходимларнинг хуқуқий мақоми учун алоҳида боб ажратилган бўлиб, уларни ижтимоий қўллаб қувватлаш, касбий фаолиятини амалга оширишда обрўсини ошириш, ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар белгилаб қўйилган. Шунингдек педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва обрўси давлат ҳимояси остида эканлиги, уларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларни хизмат мажбуриятларини бажаришга тўсқинлилик қилишга йўл қўйилмаслиги қонун билан ўз ифодасини топди. 

Республикамизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятда мавқеи ошиб бориб, касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган турли ишларга жалб этишга барҳам берилди, ойлик маошлар ҳам бир неча баробар ошди. Ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеи кундан кунга ўсиб бормоқда. Олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизни учинчи уйғониш даврига замин яратиб беради.

 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Фан, таълим, маданият ва

спорт масалалари қўмитаси аъзоси,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+