Ўзбекистон изчил тараққиёт йўлидан бормоқда

26.08.2020 16:08:10

Мустақил тараққиёт йўлимизнинг ўтган қисқа даври тажрибаси шундан далолат берадики, бугун биз эришаётган юксак марралар, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга асос бўлувчи улкан ютуқларимиз, кун сайин юксалиб, чирой очиб бораётган озод Ватанимиз манзаралари танлаган йўлимиз, олиб борилаётган ислоҳотлар нақадар тўғрилигидан далолат бермоқда.

Турли соҳаларда эришилаётган ютуқлар замирида аввало фидойи халқимизнинг метин иродаси ва қатъияти эвазига танлаб олинган ўзига хос йўлимизнинг оқилона эканлиги ҳудуд ва минтақаларимиз ҳаётида яққол намоён бўлмоқда. Ҳеч кимга сир эмас, бугунги пандемия даврининг ўта оғир, мураккаб бир шароитда халқимиз қанчадан-қанча оғир синовларни, заҳмат ва машаққатларни бошдан кечираётган айни дамда одамларнинг эртанги кунга ишончи баланд, бунёдкорлик ишларига шижоати, иштиёқи, ғайрати жуда юқори.

Чиндан ҳам, ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган пухта ўйланган ва ўз вақтида узоқни кўзлаб, қабул қилинаётган комплекс чора-тадбирлар юртимиз қиёфасини ва ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб юборгани ҳам айни ҳақиқат.

Юртбошимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг миқёсли, шиддатли ислоҳотлар мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ватанимизни обод диёрга айлантириш, энг муҳими, одамларни рози қилишга, халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бундай кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, бу айни чоғда юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончи тобора ортиб бораётганида, айниқса, ёшларнинг Ватан тақдирига, тараққиётига дахлдорлик туйғуси кучайиб бораётганида янада теранроқ намоён бўлмоқда. Албатта, бу Истиқол шарофати, яратиб берилган шарт-шароит ва амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Ўзбекистон тараққиётининг ўрта ва узоқ муддатли истиқболи ҳақида гап кетганда аввало тараққиётимизнинг янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб берган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” қабул қилиниши ва шу асосда ҳар йили мамлакат ривожланиши муҳим йуналишларини ўз ичига олган давлат дастурларида амалга оширилиши белгиланган муҳим вазифалар мамлакат ривожланиши тараққиётида дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан ушбу йил дастурларини қабул қилиш ва амалга оширишдан асосий мақсад мамлакатда аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга, фаол тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ҳуқуқий, ташкилий шароитлар яратишга, барча соҳаларда илғор инновацион ғоялар ва технологияларни жорий қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Истиқлол йилларда мамлакатимизда тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб қувватлаш, бизнесни юритишда улар билан биргаликда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан давлат органлари маъсулияти оширилиб, бир қатор енгилликлар, қулайликларни ўз ичига олган кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, турли рухсатномалар олиш ва бошқа кўплаб хизматлар тартиб-қоидалари тубдан қайта кўриб чиқилиб анча соддалаштирилди. Бу борада қулайлик яратиш учун янги тизим Давлат хизматлари агентлиги ва унинг жойлардаги марказлари ташкил этилди. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) лавозими жорий қилинди.

Ишлаб чиқариш жараёнларига илғор ғоя, ноу-хаулар яратиш ва “ақлли” технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда инновациялардан фойдаланувчи, рақамли технологиялар киритилишини жадаллаштирувчи, муқобил энергия манбаларини жорий қилувчи, ишлаб чиқаришнинг экологик тоза услубларини йўлга қўядиган субъектларга нисбатан рағбатлантиришлар белгиланиши мамлакат рақобатдошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ишлаб чиқарувчилар ўртасида эркин рақобат муҳитини яратиш, нархларнинг барқарорлиги таъминлаш мақсадида имтиёзларни индивидуал тартибда бериш амалиётидан воз кечилди. Тақдим қилинадиган имтиёзларни муайян молиявий ижтимоий натижага эришиш шарти билан бериш, алоҳида субъектларга эмас, балки соҳалар ёки товарлар турларига нисбатан жорий этиш амалиёти йўлга қўйилгани ҳам адолатни таъминламоқда.

Сўнгги йилларидаги яна бир ўта муҳим қадам валюта сиёсатининг либераллаштирилиши натижасида валюта муомаласи соҳасининг ҳаддан зиёд маъмурий тартибга солинганлиги, алоҳида хўжалик юритувчи субъектлар учун имтиёз ва преференцияларнинг асоссиз равишда тақдим қилиниши натижасида бизнес юритишда тенг бўлмаган шарт-шароитларнинг вужудга келганлиги ҳолатларига тўлиқ барҳам берди. Ташқи савдо фаолиятида ишончга эришган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни мақсадида божхона назоратида тадбиркорлик субъектларининг ишончлилик даражасига қараб “яшил” ва “қизил” йўлаклар орқали ўтказиш тизими жорий этилди.

Бундан ташқари жаҳон ҳамжамияти учун ўта мураккаб бўлган жорий йилда коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, шу даврда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари манзилли қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари юзасидан кечиктириб бўлмайдиган ва ўта муҳим вазифаларни ўз ичига олган кенг кўламли Президент Фармон ва Қарорлари қабул қилиниб, пандемия оқибатларини юмшатишга эришилди. Айни дамда пандемия оқибатларни юмшатиш учун аҳолининг кам таъминланган қатлами ва тадбиркорлик субъектларига солиқ ва божхона тўловлари бўйича кўплаб имтиёзлар тақдим қилиниб, уларни ҳозирги мураккаб вазиятда давлат томонидан молиявий қўллаб қувватланмоқда.

Бундай кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда. Ҳозирги кундаги ўта мураккаб инқироз вазиятида ҳам юртдошларимизнинг эртанги кунга ишончи тобора ортишига, ватан тақдирига, тараққиётига дахлдорлик туйғуси кучайиб бораётганида янада теранроқ намоён бўлмоқда. Албатта, бу Истиқол шарофати, яратиб берилган шарт-шароит ва амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самараси десак, асло муболаға бўлмайди.

Бу борада мустақиллигимизни асраб авайлаш, уни мустаҳкамлаш, дунё ҳамжамиятида томонидан этироф этилаётган Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини янада юксалтиришга бор куч ва ғайратимизни сафарбар этиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

 

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат”СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+