Ўзбекистоннинг қайси мамлакатлар билан ҳамкорлиги манфаатли?

30.04.2020 08:04:42

Ўзбекистоннинг Евро Осиё Иқтисодий Итифоқига аъзо бўлиши ёки аъзо бўлмаслиги масаласи анча вақтдан бери Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганилди, муҳокамаларга сабаб бўлди. ЕОИИ билан ҳамкорлик масалаларини ўрганиш бўйича Қонунчилик палатасининг ишчи гуруҳи ҳам тузилган эди. Ушбу ишчи гуруҳ Олий Мажлисдаги олимлар ҳамда бошқа ташкилотлардаги холис олимлар, мутахассислар фикрини, шунингдек жамоатчилик муносабатини ўрганиш орқали аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатларини қайд этди.

Хулосага кўра, ЕОИИга тўлақонли аъзолик қишлоқ хўжалиги, чарм саноати, озиқ-овқат каби соҳаларда экспорт ҳажмининг ошишига, темир йўлда ташиш хизматининг арзонлашишига, Иттифоқ мамлакатларида эркин меҳнат қилиш, меҳнат шароити яратилишига, патент олишнинг бекор бўлишига, мамлакат ичкарисидаги товарлар рақобатбардошлиги ортиши, божхона тартибида соддалашувга, мева-сабзавот экспорти ошишига, юк-транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишига, туризм соҳасининг ривожланишига, қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланишига, янги технологиялар кириб келишига, парламентлараро муносабатларга ва ниҳоят Иттифоқнинг кенгайишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда ишлаб чиқариш суръатининг пасайиши, 100 мингдан ортиқ иш ўринлари йўқолиши, учинчи мамлакатлардан инвестиция оқимининг, ишлаб чиқаришни модернизациялашнинг пасайиши, иқтисодиётда икки миллиард доллар йўқотилиши, импорт, тўлов баланси ва миллий валютага салбий таъсири борлиги, йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг  пасайиши ёки тўхтаб қолиши, учинчи мамлакатлар орқали контрабанда маҳсулотларининг кириб келиш эҳтимоли борлиги, миллий регламентларимиз ва Иттифоқ регламентлари ўртасида тафовутлар борлиги, инфратузилмалар учун қўшимча маблағлар сарф бўлиши, ташқи савдога салбий таъсир қилиши ҳам айтилмоқда.

Энди ушбу хулосаларни таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистон бунга аъзоликдан нима ютади деган савол туғилади. Бу бизнинг миллий манфаатларимизга қай даражада мос келади?

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишида юқоридаги масала бўйича ишчи гуруҳ ҳисоботи тингланди ва муҳокама қилинди. Қонунчилик палатасининг депутатлари ичида кузатувчи мақомида қўшилишга ҳам қарши овоз берганлар, шунингдек бетараф қолганлар бўлди. Кўпчилик овоз кузатувчи давлат мақомида қўшилишга розиларни ташкил қилганлиги учун қарор қабул қилинди. Кузатувчи давлат ҳеч қандай мажбурият олмайди ва исталган пайтда ихтиёрий тарк этиши мумкин. Шартномада кўрсатилган ЕОИИга зиён етказадиган хатти-ҳаракатлар қилиши тақиқланади. Икки йилдан буён кузатувчи давлат бўлиб келаётган Молдова тажрибасини ўрганиш орқали янада тугал хулосаларга келиш мумкин. Чунки ҳозирги ҳолат дастлабки ўрганишлар натижасидир.  

Ҳали пандемия даври ўтганидан сўнг жаҳон мамлакатларининг иқтисодиёти қандай аҳволда бўлади-ю, қандай ҳамкорликлар манфаатли бўлишини олдиндан айтиш қийин. Ҳар қандай холатда ҳам барча ривожланган мамлакатлар билан, жумладан, Европа Итифоқи давлатлари  билан иқтисодий ҳамкорлик орқали мамлакатни ривожлантириш маъқул деб ўйлаймиз.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+