Озодалик ва орасталик олижанобликнинг ўзагидир

06.04.2020 12:04:57

Бугун дунёнинг 200 дан ортиқ давлати глобал пандемияга айланиб улгурган коронавирус балосидан азият чекмоқда. Афсуски, бу инфекция мамлакатимизҳам кириб келди.

Давлат ва Ҳукумат томонидан эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўз вақтида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда, барча куч ва имкониятлар коронавирусга қарши кураш учун сафарбар этилган.

Бугунги мураккаб вазият Президентимиз раҳбарлигида қатъий назорат остига олинган, чегаралар вақтинча ёпилди, оммавий тадбирлар ўтказиш тўхтатилди, барча муассасаларда таътил эълон қилинди, транспортлар ҳаракати чекланди.

Давлатимиз раҳбари 3 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида халқимизга яна бир бор мурожаат қилар экан, қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётганини афсус билан қайд этди. Дарҳақиқат, бугунги кунга қадар 30 мингга яқин қоидабузарлик ҳолатларига йўл қўйилгани, 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетгани, карантин вақтида айрим масъулиятсиз шахслар 24 та турли оммавий маросимлар ўтказганини сира оқлаб бўлмайди. Бутун халқимиз ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин қонуний чоралар кўрилиши табиий ва мақсадга мувофиқ.

Президент мурожаатида айрим давлатларда юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, миллий урф-одатлар бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлаётгани ибрат қилиб кўрсатилди. Жумладан, аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган бўлишига қарамасдан, Япония вируснинг кенг тарқалашига йўл қўймади.

Мутахассислар “япон феномени”ни улардаги ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13 та қоида ва урф-одатлар сақланиб қолгани билан асослаётгани эътироф этилди.

Шу ўринда коронавирус инфекциясидан ҳимояланиш шартлари халқимизнинг азалий миллий қадриятлари билан уйғун эканини ҳам таъкидлаш жоиз. Яъни, тозаликка, саранжом-саришталикка, озодалик ва покликка, соғлом турмуш тарзига амал қилиш кифоя. Шу билан бирга, карантин шароитида эълон қилинган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этишимиз шарт ва зарур.

Ҳозирги кунда мутахассислар биздан уйда қолишни, масофадан туриб ишлашни, ўта заруратсиз кўчага чиқмасликни, шахсий гигиена қоидаларини бузмасликни, фарзандларимизнинг уйда туриб онлайн дарс сабоқларини тинглашларини ва бошқа фойдали машғулотлар билан шуғулланишларини тавсия қилишмоқда.

Шундай экан, давлат томонидан халқ саломатлигини ўйлаб эпидемиологик хавф-хатарга қарши барча чора-тадбирлар кўрилаётган бир вақтда, берилаётган кўрсатма ва тавсияларга амал қилмаслик, лоқайд ва бепарво бўлиш бизга умуман ярашмайди.

Маърифатпарвар жадид бобомиз Абдурауф Фитрат “Оила” асарида ёзган ушбу ҳикматли сўзларни бир ёдга олайлик: “Ҳар бир миллатнинг саодати ва иззати албатта шу халқнинг ички интизоми ва тотувлигига боғлиқ. Тинчлик ва тотувлик ана шу миллат оилаларининг интизомига таянади. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва муаззам бўлади”.

Ёки буюк мутафаккир аждодимиз Ибн Сино оилада болани тарбиялаш ота-онанинг асосий мақсади ва вазифаси экани, ўз камчиликларини тузатишга қодир бўлган ота-онагина тарбиячи бўлиши мумкинлигини эътироф этади.

Юсуф Хос Ҳожибнинг уқтиришича, ҳар бир киши жамиятга муносиб бўлиб камол топмоғи керак.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) эса, биронтангиз ўз фарзандларингизни тартиб-интизомга ўргатса, бу ҳар куни садақа бергандан яхшироқдир, дея марҳамат қилганлар.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, бугунги синовли дамлардан соғ-омон, талафотларсиз чиқиб олишимиз, энг аввало, ўзимизга боғлиқ. Аслини олганда, биздан кўп нарса талаб этилаётгани йўқ, фақат карантин қоидаларини бузмаслик, уйда бўлишимиз сўралмоқда холос. Аммо, айримларимиз мана шу оддий тартиб-қоидаларни менсимаяпмиз ёхуд инфекция тарқалиши қандай фожиали оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ўз танамиздан ўтказмаяпмиз. Интизомга риоя қилмай, ўзимиз ва яқинларимиз соғлиғини, қолаверса, бутун жамиятни жиддий таҳдид остига қўймоқдамиз.

Президентимиз кечаги видеоселектор йиғилишида талаба ва ўқувчи ёшларимизга ҳам алоҳида мурожаат қилиб, фарзандларимизни уйда вақтларини бекор ўтказмасликка, онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиришга, китоб ўқиб, билимларини оширишга, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирмасликка даъват этди.

Албатта, бу ўринда ҳам асосий масъулият ота-оналарнинг зиммасига тушади. Зеро, бугун ота-онасининг измидан чиқмай, уйда ўтирса ҳам фойдали юмушлар билан банд бўлаётган ёшларимиз жуда кўп эканлигидан яхши хабардормиз. Шу ўринда, Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббусни амалга ошириш учун ҳозир керагидан ортиқ имконият борлигини айтиб ўтиш ўринли. Хусусан, фарзандларимизни китобхонликка иштиёқини ошириш, уларда ахборот технологиялари ва интернет тармоғидан тўғри фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, мусиқа ва санъат билан машғул бўлиш, ёшларимиз, айниқса, қизларимизга тикувчилик, чеварчилик, касаначилик каби ҳунарларни ўргатиш, соғлом турмуш тарзига кўниктириш учун етарлича вақт бор. Бунинг учун фақатгина ота-оналар, нуроний бобо-бувилар қунт қилиб озгина жон куйдирсалар бас.

 

Президентимизнинг халқимизга мурожаатида, шунингдек, карантин даврида ижтимоий ҳимоя масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилди. Жумладан, жорий йил март-июнь ойларида муддати тугайдиган болали оилаларга нафақа, бола парваришлаш нафақаси ва моддий ёрдамларни тўлаш учун қўшимча мурожаат ва ҳужжатлар талаб этилмаслиги, улар автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилиши, ушбу даврда бошқа муҳтож оилаларга ҳам шундай нафақалар тайинлаш давом эттирилиши айтилди. Бу чоралар орқали ҳозирда 600 мингта кам таъминланган оилага қўшимча равишда яна 120 мингдан зиёд оилани қамраб олинадиган бўлди. Ушбу имтиёзлар ҳам эҳтиёжманд оилалар, уларда тарбияланаётган ёшларимиз учун беқиёс ғамхўрлик ва эътибор намунасидир.

Бу ўринда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Хайрияларни мувофиқлаштириш маркази тузилиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига давлат эътиборининг юқорилигидан далолат беради. Аҳоли мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилган Колл-марказда (қисқа рақам – 1197) волонтёр ёшларимизнинг сафи кун сайин кўпайиб бораётгани қувонарли ҳол, албатта. Марказнинг дастлабки иш кунида Тошкентдаги 514 та маҳалла томонидан берилган рўйхат асосида 2000 га яқин эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилган. Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилмоқда.

Коронавирус касаллиги билан кексалар хасталанганларида организмдаги ёшга доир физиологик ўзгаришлар, сурункали касалликлар туфайли унинг оғир кечиш хавфи юқорилиги қайд этилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа ҳудудий бюроси директори Ханс Клюге ёлғиз яшовчи кексаларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоялаш ҳар биримизнинг ишимиз эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, барча давлатларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қарияларга қаратилган чора-тадбирларга ҳар томонлама кўмаклашиш зарурлигига, ёши катталарга ҳурмат-эътибор билан муносабатда бўлишга ундади. Аслида катталарга ҳурмат-иззат, эъзоз--эҳтиромда бўлиш уларни асраб-авайлаш, юксак даражада қадрлаш халқимизга хос бўлган азалий анъана ҳисобланади. Шундай экан, бугунги ташвишли кунларда ҳам биринчи навбатда нуроний кексаларимизнинг саломатлигини асрашга биринчи галдаги вазифа деб қарамоғимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

– Озодалик ва орасталик олижанобликнинг ўзагидир, – деган эди буюк алломамиз Беруний. Олижаноблик эса, бугунги мураккаб вазиятда қатъий тартиб-интизомда намоён бўлмоқда. Шундай экан, ёшларимизни ҳам тартиб-интизомга ўқитайлик-ўргатайлик, улар онгига бу борадаги қадриятларимизни чуқур сингдирайлик.

Халқимизда “Қарс икки қўлдан чиқади”, деган пурмаъно мақол бор. Бугун Президент ва Ҳукумат одамларимизни пандемиядан асраш йўлида барча зарур чораларни амалга оширмоқда. Демак, бунга жавобан биз ҳам жипслашиб, бир мушт бўлиб, белгиланган тартиб-таомилларга қатъий риоя қилиб, ўз бурчимизга масъулият билан ёндашишимиз, сабр-тоқатли бўлишимиз шарт ва зарур.

Зеро, коронавирус пандемияси бутун курраи заминни қамраб олиб, минглаб инсонлар умрига зомин бўлаётган бир вақтда, ўзимизнинг, оиламиз, яқинларимиз ва миллатимизнинг соғлиғига, юртимизнинг тинчлигига бефарқ қарашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Унутмайлик, карантин қоидаларини бузиш бошқа инсонлар ҳаётига дахл қилиш билан баробар.

Дилором ТОШМУҲАМЕДОВА,

Олий Мажлис Сенатининг

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси раиси ўринбосари

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+