Парламент дипломатияси давлатлараро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ёрдам беради

12.08.2020 14:08:10

Кейинги йилларда Ўзбекистон кўплаб нуфузли халқаро парламентлараро ташкилотларнинг фаол иштирокчисига айланди. Хусусан, Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ ва МДҲнинг Парламентлараро ассамблеялари каби нуфузли уюшмаларга аъзо бўлди.

ЎзА мухбири Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қодир ЖЎРАЕВнинг парламент дипломатияси Ўзбекистон ташқи сиёсатида қандай аҳамиятга эгалиги ҳақидаги фикрларини ёзиб олди.

– Халқаро муносабатларда фундаментал ўзгаришлар юз бераётган даврда парламент дипломатиясининг мамлакатимиз ташқи сиёсатини амалга оширишдаги ўрни яққол намоён бўлмоқда, – деди Қ.Жўраев. – Парламент дипломатиясининг ролини кучайтириш, хусусан, давлатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ошириш, фаол ташқи сиёсат олиб боришда иштирок этиш Олий Мажлис олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги таркибдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг илк йиғилишидаги маърузасида (2020 йил 21 январь) халқаро парламентлараро алоқаларни тизимли равишда ривожлантириб бориш бундан кейин ҳам депутатлар ва сенаторларнинг доимий эътибор марказида бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Ушбу муҳим вазифадан келиб чиқиб, Ўзбекистонда парламент дипломатиясини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва ҳозирда кенг муҳокама қилинмоқда. Мазкур концепция лойиҳасида парламент дипломатиясининг мақсади, вазифалари ва принциплари, шунингдек, Ўзбекистонда парламент дипломатиясининг шаклланишига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар ҳамда парламент дипломатиясини амалга ошириш механизмлари ўз аксини топган.

Парламент дипломатиясини амалга оширишнинг энг самарали усулларидан бири, шубҳасиз, хорижий мамлакатларнинг парламентлари билан ҳамкорлик гуруҳларини ташкил қилиш ва уларнинг фаолиятини изчил йўлга қўйишдир.

Таъкидлаш жоизки, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари хорижий давлатлар қонун чиқарувчи органлари билан алоқаларни ривожлантириш учун доимий майдон вазифасини ўтайди. Бундай гуруҳларни ташкил қилиш давлатга ҳеч қандай қўшимча мажбуриятларни, шу жумладан, молиявий ажратмаларни келтириб чиқармайди. Аксинча, бу чет эллик ҳамкорлар билан очиқ, конструктив ва жонли мулоқот олиб боришнинг қулай механизмидир. Ҳамкорлик гуруҳлари, қоида тариқасида, ўзаро тенглик тамойили асосида тузилади, яъни тегишли хорижий давлатнинг парламентида ҳам шу каби ҳамкорлик гуруҳини яратишни назарда тутади.

Дунёнинг аксарият мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, парламентдаги ҳамкорлик гуруҳлари салоҳиятидан нафақат муайян хорижий мамлакатнинг қонунчилик органи билан, балки давлатнинг бошқа органлари билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишда самарали фойдаланиш мумкин. Ҳамкорлик гуруҳлари одатда ўзаро алоқалар юқори даражада бўлган ёки ушбу алоқаларни янада жонлантириш зарур бўлган давлатлар билан тузилади. Ҳозирда айрим ривожланган мамлакатлар қонун чиқарувчи органларида 100 га яқин парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари тузилганини кўришимиз мумкин.

2015-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида жами 28 давлатнинг қонунчилик органлари билан ҳамкорлик гуруҳлари фаолият олиб борган бўлса, 2020 йилда 42 давлат ва 1 та Европа Иттифоқи парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил қилинди.

Афсуски, пандемия сабабли халқаро парламент делегациялари, шу жумладан, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг ўзаро ташрифлари бир оз секинлашиб қолди. Бироқ халқаро алоқаларни олиб бориш, парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ривожлантириш мақсадида парламентлараро дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари ўртасида қатор онлайн учрашувлар ва конференциялар ташкил этилмоқда.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Ўзбекистон – Франция” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи аъзоларининг Франция Миллий Ассамблеядаги “Франция – Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи аъзолари билан видеоконференция шаклидаги онлайн мулоқоти ўтказилди. Қўшма мажлисда ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шу каби видеоконференция форматидаги қўшма йиғилиш ва форумлар АҚШ Конгресси, Малайзия Парламенти Вакиллар палатаси, Чехия Республикаси Депутатлар палатаси, Канада парламенти ва бошқа бир қатор давлатларнинг парламентлари билан ҳам ўтказилди.

Келгусида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг фаолиятини изчил тарзда йўлга қўйиш, хусусан, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда, шунингдек, мамлакатимизга хорижий инвестициялар жалб қилиш масалаларида амалий ишларни бажариш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, хорижий парламентлар билан ўзаро тажриба ва тезкор маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш, давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида турли тадбирлар ва ўзаро ташрифлар ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, 2020 йилда янги таркибда шаклланган Олий Мажлисда парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг тузилиши ва фаолият олиб бориши хорижий давлатларнинг парламентлари билан доимий тарздаги ҳамкорликни янада кучайтириш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда, шунингдек, хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш учун узвий алоқаларни ўрнатиш имконини беради. Ушбу ҳамкорлик гуруҳлари хорижий парламентлар билан ўзаро тажриба ва тезкор маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда тадбир ва ташрифларни ташкил қилиш ҳамда улар орқали давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳар томонлама ёрдам беради. Бундан ташқари, ҳамкорлик гуруҳлари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказишда ҳам самарали механизм сифатида хизмат қилади.

 

Манба: Uza.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+