Президент мурожаати амалда: Жамоатчилик палатаси ташкил этилди

17.04.2020 14:04:39

Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев томонидан 16 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида»ги фармон имзоланди.

Мазкур тузилмани ташкил этиш таклифи давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 24 январдаги Парламентга мурожаатларида билдирилган бўлиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилган эди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси, унинг ҳар бир ҳудудда бўлимлари ташкил этилиши, уларнинг асосий вазифалари ҳамда фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳужжат бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган 10 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари учун узоқ кутилган воқеликдир. Чунки бу ташкилотлар манфаатларини ифода этувчи, давлат билан кўприк вазифасини бажарувчи яхлит тизим йўқ эди. Аксарият ННТларнинг фаолияти  расмиятчиликдан иборат бўлиб қолганлиги ҳам сир эмас. Натижада, жамоатчилик билан ишлаш тизими жойларда ва соҳаларда халқимизни қийнаётган масалаларни давлат миқёсига олиб чиқиб, ҳал қилишда ўзининг ижобий самарасини бермади.

Бундан ташқари нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда давлат идоралари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолияти ҳам талаб даражасида эмас. Баъзи вазирликларда ҳануз ушбу кенгашлар мақсад-вазифалари тўлиб тушуниб етилмаган. Шу боис жамоатчилик кенгашлари фаолиятини жонлантириш, уларга ҳар томонлама услубий кўмак бериш ҳам янги палата фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлади.

Мазкур вазифаларни бажаришда Жамоатчилик палатаси аҳоли фикрини мунтазам равишда ўрганиб бориши, уларнинг ечимини топиш бўйича давлат идоралари олдига аниқ вазифаларни қўйиши, бунда «жамоатчилик эшитуви», «жамоатчилик мониторинги», «жамоатчилик экспертизаси», «жамоатчилик ташаббуси» каби таъсирчан назорат шаклларини ҳаётга татбиқ этиши давр талабидир.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+