Пропискага оид ислоҳотлар адолат сари яна бир қадамдир

29.04.2020 11:04:35

Иқтисодий фаол инсонлар ўзининг яшаш жойини ўзгартириш вақтида ҳар хил маъмурий тўсиқларга дуч келиши хеч кимга сир эмас. Бу муаммолар ичида доимий ёки вақтинчалик прописка масаласи  ҳам жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан ҳисобланади. Деярли ҳамма давлат ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимият органлари билан муносабатларда вақтинчалик ёки доимий пропискаси мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжат талаб қилинади. Ишга жойлашишда, банкдан кредит олишда, ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда, мактабгача таълим муассасига йўлланма олиш учун навбатга туришда ва кўплаб бошқа ҳуқуқий муносабатлар инсоннинг пропискасига боғлиқ бўлиб қолган. Айниқса, Тошкент шаҳар ва вилоятида пропискаси бўлмаган шахсларнинг кўплаб муаммоларга учраб келиши ҳеч кимга сир эмас. Чунки, ҳаммада прописка қилинган жойида истиқомат қилмаётганлигига ўзига яраша сабаби топилади. Кимдир ўзи яшаган жойидан иш топа олмай, кимдир оддий турмуш шароити йўқ жойидан қочиб, кимдир фарзандларини яхшироқ жойда ўқитаман деб ўзини пойтахтга уради. Вилоятдан келганда эса фуқароларни азалий прописка муаммоси кутиб туради. Бу тавофут бартараф қилинмаганлиги сабаб фуқаролар беихтиёр ҳуқуқбузарликлар қилишга мажбур бўлмоқда. Сохта никоҳлар,ноқонуний ишчи кучлар, прописка билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар... Рўйхатни яна давом эттирса бўлади.

 Статистика маълумотларига қараганда, 163,3 мингта вақтинча рўйхатга олинган шахсларнинг аксариятида уй-жой бировнинг номига расмийлаштирилган. Тошкент шаҳрида яширин тарзда истиқомат қилаётган фуқаролар қонуний тарзда мол-мулк сотиб олиш имкониятига эга бўлсагина бу соҳадаги  коррупциоген ҳолатларни бартараф этилиши мумкин бўлади.

Йил бошида мамлакатимиз Президенти парламентга қилган мурожаатида фуқароларнинг мамлакат ҳудудида эркин  ҳаракатланиши, битта жойдан иккинчи жойга бемалол кўчиш конституциявий ҳуқуқини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланган эди. Ушбу вазифани бажариш мақсадида ҳукуматимиз томонидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси порталига жойлаштирилган эди. Лойиҳага доир кўп муҳокамалар бўлди, фуқаролар томонидан таклифлар берилди. 22 апрель куни Президент Ш.Мирзиёевнинг “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жараённи жадаллаштиришига яна бир туртки бўлди. Фармон асосида эски тузумдан қолган, чор Россияси давридан бошлаб қишлоқ аҳолисига нисбатан қўлланилган “прописка” тушунчаси ҳуқуқий лексиконимиздан олиб ташланмоқда. Ўрнига халқаро тажрибада қўлланиладиган турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш тизими ўрнатилмоқда.

“Прописка” тизимида фуқаро бошқа жойга кўчиб бориб яшаши учун ваколатли органдан рухсат олиши лозим эди. Рухсатсиз ёҳуд доимий ёки вақтинчалик пропискасиз яшаш эса ҳуқуқий жавобгарликка олиб келар эди. Бу ўз навбатда, фуқаро ва мансабдор шахс ўртасида коррупцион ҳолатларга олиб келиши табиий эди. Рўйхатдан ўтиш тизимида фуқаро яшаш жойини бошқа жойга ўзгартирганда ваколатли органларни хабардор қилади холос. Чет эл мамлакатларида ҳам айнан хабардор қилиш тизими ишлайди. Масалан, АҚШда инсон хоҳлаган штат ёки шаҳарда истиқомат қилиши ва бу ҳақида ҳеч кимга айтиши ҳам шарт эмас. Фақат борган жойнинг қоидаларига риоя этса бўлди. Фуқаро тўғрисида маълумотлар, қаерга кўчди, қаерга ишга кирди - автоматик равишда шакллантирилади. Ҳар бир фуқарода 9талик рақамдан иборат ижтимоий полиси мавжуд. Бу ҳужжат орқали фуқарога барча ижтимоий тўловлар ва ёрдамлар берилади. Шунинг учун ҳам ҳар бир фуқаро ўзи яшаш манзилини давлат органларига маълум қилишдан манфаатдор бўлади. Канадада мамлакат фуқароларига паспорт фақат чет эл мамлакатларига чиқиш учун керак бўлади, мамлакат ичкарисида шахсни тасдиқловчи бирор бир ҳужжат кўтариб юриш талаб этилмайди. Ким қаерда яшашини ўзи мустақил белгилайди, ҳужжатларда яшаш манзили кўрсатилмайди. Лекин ўзининг почта манзилини фуқаролар ўз хоҳиши билан давлат органларига билдиради. Чунки инсонлар ҳокимият билан муносабатларда масофа ўрнатишни афзал кўрадилар. Фуқаролар идентификацияси билан полиция ўзи шуғулланади. Мексикада ҳам фуқаролар прописка қилинмайди. Буюк Британияда эса ўз фуқароларига прописка, регистрация белгиланмаган ва ички паспорт ҳам мавжуд эмас. Урбанизация жараёнлари табиий ҳол ва ички миграцияни ҳеч ким назорат қилмайди. Францияда фуқарони қаерда яшашини аниқлаш учун электр энергия бўйича тўлов чиптасидаги манзили кифоя. Кўриб турганимиздек, ривожланган кўплаб мамлакатларда фуқаро билан давлат ўртасидаги муносабатларда прописка қилиш масаласи умуман йўқ. Мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишига, ишчи кучининг миграциясига ҳам ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

Ўзбекистонда ҳам халқаро тажрибага таянган ҳолда босқичма-босқич доимий прописка тизимидан хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтиш тизимига ўтиш бошланмоқда. Тошкент шаҳри  ва вилоятида кўчмас мулк олишда доимий пропискага эга бўлиш ва бирламчи бозордан уй олишда давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш тартиби бекор қилинмоқда. Бу қоидага мувофиқ энди Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан уй сотиб олиш учун ушбу ҳудудларда доимий пропискада туриш  талаб этилмайди. Ўзбекистоннинг  фуқаролари қайси региондан келганлигидан қатъи назар уй сотиб олганда давлат божининг алоҳида ставкасини эмас, балки ҳамма учун бир хил бож тўлаши назарда тутилди. Биринчи ва иккинчи даражали қариндошларни нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда. Доимий прописка учун эр-хотиннинг никохдан кейин 1 йил давомида биргаликда яшаш шарти ва 1 йил ичида никоҳ бекор қилинганда прописка йўқотилиши ҳақидаги қоида чиқарилмоқда. Оилага тарбияга олинган патронат шаҳслар уларнинг тутинган ота-онасининг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга туриш имкониятига эга бўлмоқда. Вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш муддати уй-жой эгасининг розилиги асосида 5 йилгача узайтирилмоқда. Тошкент шаҳрида ва вилоятида доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 15 кунга узайтирилади. Доимий ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш фуқаронинг хоҳишига кўра ички ишлар органлари, ДХМлар ёки Ягона портал орқали амалга оширилади ва унинг муддати 1 кунга қисқартирилади.

Глобаллашув даврида шахснинг тўлиқ эркин ҳаракатланишини таъминлаш бўйича изчил ислоҳотлар нафақат ички миграция  жараёнларини жадаллаштиради, балки иқтисодиётнинг ўсишига ҳам кўмак беради.  Демак,  қарор орқасидан Ўзбекистон янги ютуқларга эга бўлиши табиий.

 

Нодира ДЖАНИБЕКОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси,

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+