Рўмол ўзбек аёлининг ҳаёси, ифтихори бўлсин  

01.10.2019 15:10:57

 

30 сентябрь куни Кўксаройда бўлиб ўтган Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида юксак натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийларни фахрий унвон ва медаллар билан тақдирладилар. Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спорт федерациялари раҳбарлари, боксчиларнинг ота-оналари иштирок этди Ана шу юксак мукофотларни топшириш маросимида енгилмас, навқирон, кучли ўғлонларни табриклаб маросимда иштирок этаётган фахрли спортчиларимизнинг оналарига ҳам миннатдорчилик билдирди ва рўмол ўраган онани ҳақиқий ўзбек аёлининг тимсоли эканлигини эътироф этди... 

Мен  аёлларимизга берилган эътирофни кузатар эканман ижтимоий тармоқларда рўмол ҳақидаги турли фикрлар, мулоҳаза ва таҳлиллар ҳақида ўйлаб қолдим. Аслида рўмол қадим-қадимдан миллийлигимиз, ўзлигимизнинг ҳам ажралмас қисми бўлган. Шу нуқтаи назардан, ҳозирги кунда она сиймоси тасвирланганда сипо кийинган, енги узун,  ёпиқ, бошига аввал кичкина рўмол ўраган, устидан катта рўмолини елкалари узра ташлаб олган аёл сиймоси гавдаланади.

Аслида, ким қандай кийиниши ҳар бир инсоннинг шахсий ишидир. Лекин бир туйғу борки, уни писанд қилмаслик кўнгилга хавотир солади. Бу туйғу – гўзал хулқ, ўзбекона одоб-у ва андишага нисбатан эҳтиром ҳамда ҳурматдир. Чуқур ва холис назар ташлаганда кийиниш одоби миллийликка хослик, қадриятлар ва анъаналардан келиб чиқади. Зотан, азалдан халқимизда "Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши - кийимдур", мазмунидаги ҳикмат бор. Ҳазрат Мир Алишер Навоий : 

Яхши суҳан жонга оройиш,

Яхши либос танга оройиш,

деган  ҳикматли байтларида инсоннинг кийими ҳам улуғлар мақомидан бир белги бўлишига ишора қилган. Кийим инсоннинг кайфиятини, руҳиятини – ички олами, маънавиятини, қолаверса, қай даражада тарбияли эканини белгилаб беради. Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, бизнинг барча миллий кийимларимиз нафақат маънавиятимизни, балки  саломатлигимизни ҳар жиҳатдан муҳофаза қилади. Ёки дўппиларни олайлик. Ҳар вилоятнинг ўзига хос дўпписи бўлиб, уларга солинган нақшлар олам-олам маъно, диний ва миллий қадрият ҳикматларини ифодалайди. 

Мен жуда ёшлигимда оналаримиз, бувиларимиз сочларимизни ойпопук қилиб ўриб қўйишарди-да бошимизга чиройли дўппи ёки гулли рўмолларни танғиб қўйишарди. Рўмол сочларни иссиқ бўлганда офтобда куйишидан ёки совуқ бўлса совуқ уришидан асрашини уқтиришар эди. Биз ҳам ёши улуғларнинг панд-у насиҳатларига амал қилиб, бошимизда дурра тақиб улғайдик. Халқимиз азалдан гўзал хулқи билан шуҳрат қозонган. Меҳмоннавозлик, олижаноблик, меҳр-мурувват, саховат, раҳм-шафқат, буларнинг бари бизнинг ахлоқимизда мужассам. Демак, кийинишимиз ҳам, рўмол тақишимиз ҳам шунга яраша бўлиши лозим. Зукко аёлларимиз, паричеҳра қизларимиз калта кўйлаклар, тана аъзолари кўриниб турадиган кийимлар кийишни ўзларига ор деб билишган. Уларни қалб гўзаллиги сержило матолардан шарқона назокат ила тикилган кийимларда ёрқин акс этиб турган. Бугунги ёшларимиз ҳам тарихимиздан, момоларимиздан қолган анъаналардан ибрат олишлари лозим. Масаланинг яна бир томони рўмол ўрашда ҳам ўзимизнинг менталитетимизга мос равишда кийиниш зарур деб ўйлайман. Яъни бош-оёқ оппоқ ёки қоп-қора эмас, балки, атрофдагилар эътиборини ўзига тортмайдиган, ўзбекона руҳда кийиниш, рўмол ўраш лозим деб биламан.

Либос замон ва миллий қадриятлар талабларига жавоб берсин. Илм-фан, спорт ва бошқа соҳалардаги ютуқларимиз билан фахрланганимиз каби, миллий кийимларимиз билан ҳам ифтихор туйишимиз керак. Зеро, миллий либосларимиз миллатимизга ҳурмат ва муҳаббатни билдиради.

Қизларшой Раҳматова,

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши депутати

 

 

Улашинг!