Сардобадан пайдо бўлган юрак зардоби...

02.05.2020 19:05:32

Йил бошидан яхши ниятлар қилган ўзбек халқи, катта мақсадлар сари улкан режалар қўйган мамлакатимиз бошига катта синовлар тушди. Аввалига пандемия, кейин Бухорода шамол талафоти, ортидан, мана, Сардобадаги сув тошқини....

Бу воқеалар, айниқса, Сардоба воқеаси ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбини ларзага келтирди. Ўзбекистон халқи тезлик билан сардобаликларга ёрдам қўлини чўза бошлади. Катта-катта юк машиналарида тадбиркорлар, ташкилотлар ва фуқароларнинг хайриялари жўнатила бошлади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Миромоновичнинг воқеа жойига дарҳол етиб борганлари сардобалик аҳолига катта далда бўлди. Президентимизнинг ҳолат ўнгланмагунча ҳеч қайси раҳбар бу ердан кетмаслиги, ҳеч қайси хонадон эътиборсиз қолмаслиги ҳақидаги фикрлари одамларда ишонч уйғотди.

Бугун ҳеч ким ҳолатга бефарқ эмас. Бу офат фақат сардобаликларнинг эмас, ҳаммамизнинг бошимизга келган офат. Буни шундай ҳис қилган ҳар бир одам ёрдамга шошилмоқда. Олий Мажлисга Сирдарё вилоятидан сайланган депутатлар ҳам тезлик билан етиб бориб амалий ёрдам кўрсатишни бошлаб юбордилар. Жабр кўрган инсонларга озиқ-овқат тайёрлаб тарқатиш, керакли зарурий маҳсулотлар билан таъминлаш ишлари олиб бормоқдалар. Қонунчилик палатасининг бошқа депутатлари ҳам бугун хайрия ташкил этиб, Сардобага маблағ йўналтирдилар. Ундан ташқари Тошкентда кийим-кечак тўплаб жўнатиш ҳаракатидалар. Депутатларимизнинг ҳамдардлик муносабатлар и оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда чиқиб турибди.

Бу офатни фақат ҳамжиҳатлик, матонат, бирлик билан енгиб ўтамиз. Иккинчи жаҳон уруши пайтида бутун мамлакат бошига иш тушганда миллионлаб одамларни ўз бағрига қабул қилиб, бошини силаб, ош-овқат берган, Шомаҳмудовлар оиласи мисолида дунёга танилган  ўзбек халқи бугун ўз бошига иш тушганда ҳам энг эзгу фазилатлари билан ўша меҳрибончилигини кўрсата олади. Айтмоқчиманки, бу офат халқимизнинг энг гўзал фазилатларини, жиҳатларини юзага чиқариб берди.

Сардоба фожеаси фақат сардобаликлар бошига тушган иш эмас, ҳаммамизнинг бошимизга тушган офатдир. Тананинг бир жойини кесса бутун танага оғриқ киргани каби бугун бутун Ўзбекистон дард чекмоқда. Матонат бугун шиоримиз, бу офатни фақат ҳамжиҳатлик билан, матонат ва бирлик билан енгиб ўтамиз.

Сардобаликларнинг давлатимиз ва олижаноб халқимиз кўмагида тез орада яна ҳаётларини ўз изига тушириб олишларига ишонаман. Биз ҳаммамиз қалбан биргамиз.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+