Томорқа ер эгаларига қандай имтиёзлар яратилади?

15.04.2020 16:04:08

Бир неча кун аввал Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган видеоселектор ўтказилди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлилига тўхталиб, аҳоли даромадининг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар ва бу соҳада белгиланган вазифалар ҳам муҳокама этилди.

Ушбу вазифалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгашида ҳам кўриб чиқилиб, мамлакатимизда коронавирус пандемияси шароитида аҳоли томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга оширишни тақозо этиши қайд этилди.

Йиғилишда кўтарилган масала ўта муҳим бўлиб, синов даврида озиқ-овқат таъминоти аҳамиятлидир. Ушбу жараёнда Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар ҳамда маҳаллий депутатлар ҳам фаол қатнашишлари зарурдир.

Видеоселекторда белгиланган вазифаларни бажариш, аҳолига моддий ресурсларни етказиб бериш ва молиялаштириш тизимидан самарали фойдаланиш, томорқа ерлар унумдорлиги ва ҳосилдорлиги янада ошириш мақсади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Сенати Кенгашининг “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” қўшма қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва муҳокама этилди.

Албатта, ушбу қўшма қарор ўз вақтида қабул қилинаётганини қайд этиш зарур. Чунки коронавирус пандемияси сабабли юзага келган мураккаб вазиятда томорқа ерлардан 2-3 марта ҳосил олиш, аҳоли учун қўшимча даромад келтириш, камбағаллик ва ишсизлик камайтириш учун долзарб ҳисобланади.

Қўшма қарор лойиҳасига илова қилинган тадбирлар режасига кўра фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланишни ташкил этишга кўмаклашиш чора тадбирлари белгиланган.

Лекин лойиҳада ушбу фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш механизмлари аниқ белгиланмаган. Бу эса ўз навбатида томорқа ер эгалари  учун қатор тўсиқлар юзага келтириши мумкин.

Биринчидан, аҳоли учун жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг аниқ тартиби, маблағ қандай йўналишлар учун ажратилиши қўшма қарорда ёритилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Яъни, жамғарма маблағидан уруғ олиш ёки иссиқхона қуриш учун зарур бўлган жиҳозларга сарфлаш каби йўналиш кўрсатилиши зарур;

Иккинчидан, ҳар бир хонадонга маблағ ажратиш жараёнининг шаффофлигини таъмиинлаш зарур. Жамғарма маблағларини мақсадсиз сарфланишининг олдини олиш ва маблағ сарфи мониторингини йўлга қуйиш зарур;

Учинчидан, томорқа ердан 2-3 марта ҳосил олган аҳолига имтиёзлар яратиш, ҳамда ердан ва жамғарма маблағидан унумсиз фойдаланганларга нисбатан қўлланадиган чора-тадбирлар аниқ белгиланиши керак.

“Адолат” СДП фракцияси депутатлари томонидан қўшма қарор лойиҳасига жамғарма маблағларидан манзилли ва аниқ фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқиш масаласини киритиш таклиф этилди.

Юқорида келтириб ўтилган чора-тадбирларни амалга ошириш пандемия асоратларини енгиб ўтиш, томорқа ерларидан унумли фойдаланиш ва бунинг натижасида аҳолининг даромадини янада орттиришга имкониятлар яратиб бериши билан аҳамиятли.

 

Мухаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+