Ёрмамат Холиёров: Мисқоллаб топилган пул бир кунда совурилмасин

23.09.2019 17:09:19

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларда очиқлик ва шаффофлик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида аҳоли турмуш тарзи яхшиланиб, миллий қадриятларимизни асраб қолишда йўл қўяётган айрим камчиликларимизга фуқароларимиз томонидан танқидий руҳда қараш маданияти ҳам шаклланди.

Хусусан, бундан икки йил олдин муҳтарам Президентимизнинг аҳоли томонидан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш масалаларига қаратган эътибори бутун халқимиз, жамоатчилик, хусусан, Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланган эди.

Ўтган давр мобайнида депутатлар томонидан ҳудудларда сайловчилар билан ўтказилган учрашувларда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш масалалари атрофлича муҳокама қилиб келинмоқда. Қувонарлиси, ушбу учрашувларда фуқаролар ҳам фаол иштирок этиб, миллий анъаналарни сақлаб қолишга қаратилган ўз таклифларини илгари сурмоқдалар.

Шунингдек, аҳоли томонидан мазкур масалаларда муайян бир тартиб бўлиши ва унинг ўз вақтида назорат механизмларини яратишни жорий қилиш истаги билдирилмоқда. Шу билан бирга, ўтган икки йил ичида наҳорги ош тадбирлари қатъий вақт — соат 7:00 дан ва кечки тўй тадбирлари соат 18:00 дан бошланиши тадбирларга қатнашувчилар сони сезиларли даражада камайиб ижобий ўзгаришлар бошланганини англатади.

Қайд этиш керакки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Қўшма қарори билан тасдиқланган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишни тартибга солиш тўғрисида”ги Низомда белгиланган нормалар ҳам айнан бугунги кунга қадар аҳоли ўртасида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида шаклланган тартиблар билан ўзаро уйғунлашган.

Таъкидлашимиз лозимки, мазкур Низом Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кенг қамровли муҳокамадан ўтди ва бир овоздан якдиллик билан қўллаб-қувватланди.

Эндиликда мамлакатимизда фаолият юритаётган барча сиёсий партиялар фаоллари, уларнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, хусусан, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳар бир аъзоси мазкур Низомда белгиланган нормаларга амал қилиш маданиятини аҳоли ўртасида сингдириш ва тарғиб қилишда фаолликни янада ошириши лозим. Бу орқали ҳамюртларимизнинг мисқоллаб топган маблағларининг самарали ишлатилишига ҳисса қўшиб, тўй-тантана ва маъракаларни тартибли, миллий қадриятларимизга мос тарзда ўтказилишига эришамиз.

Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+