Жамоатчилик назорати – халқ назорати

12.02.2020 18:02:39

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда мустақил фуқаролик институтларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг эркин фаолиятини кафолатларини таъминлаш, давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларнинг устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан изчил ишлар амалга оширилди. Мазкур фаолиятнинг шаффофлиги ва очиқ-ошкоралиги бўйича ҳуқуқий база яратилди. Жумладан, амалдаги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни айнан давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, давлат ва жамият ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари, Бош вазир қабулхонаси, Давлат хизматлари Агентлиги каби фуқаролар мурожаати билан бевосита ишлаш институти ташкил этилди.

Шу билан бирга, жойларда фуқаролар билан учрашувлар натижалари, улардан келаётган мурожаат, шикоятлар таҳлили давлат органлари ва фуқаролар ўртасида боғлаб турувчи “кўприк”нинг йўқлигини кўрсатмоқда.

Ваҳоланки, мамлакатимизда бугунги кунда 10 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият юритиб келмоқда. Агарда уларнинг ҳар бири бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган биргина муаммога давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб борсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Давлат раҳбари Парламентга қилган Мурожаатномасида таъкидлаганларидек, “Бунинг учун мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтиришимиз керак. Вазирлик ва идоралар ҳам бир четда томошабин бўлиб ўтирмасдан, бундай ижтимоий ҳамкорлик ишларини кенгайтириши лозим”.

Бу борада, Парламент олдида нодавлат нотижорат ташкилотларига мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид давлат буюртмасини бажариши учун маблағлар ажратилиши нормаларини, жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир лойиҳаларини баҳолаш мезонларини, ННТлар билан жойлардаги жамоатчилик кенгашларининг ижтимоий шериклик асосидаги ҳамкорлиги бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш, зарур бўлса, амалдаги қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш каби вазифалар турибди.

Айнан халқнинг, жамоатчиликнинг назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш, давлат ва халқ ўртасида “мулоқот майдони”ни шакаллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатаси ташкил этилмоқда.

Мазкур тузилма том маънода халқнинг хоҳиш-иродасини ифодалашга, фуқароларнинг давлат томонидан жадал олиб борилаётган ислоҳотларига ишончини оқлашга хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Гулрух АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+