Аёл бахтидан олам мунаввар бўлади

12.03.2024 13:03:44

Аёл – гўзаллик, кўркамлик, нафосат тимсоли, ҳаётни яратувчи, янгиловчи, борлиқни ўзгартирувчи қудратли куч, оиланинг, жамиятнинг мустаҳкам таянчи. Инсоният пайдо бўлибдики, қаерда жамият ривожланган бўлса, ўша жойда аёллар улуғланган, эъзозланган, эҳтиром қилинган бўлади.
Бизнинг мамлакатимизда ҳам аёлга, хотин-қизларга бўлган муносабат ҳар доим юқори. Хотин-қизлар ҳақида гапирганимизда кўз ўнгимизда нафақат оддий аёл, она деган буюк шахс сиймоси гавдаланади.


Зеро, бугунги кунда юртимиз аҳолисининг қарийб ярми – 18 миллиондан кўпроғини ташкил этган хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишига айланган.
Шу нуқтайи назардан, хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлигини белгилаш, уларни жамиятнинг фаол аъзоларига айлантириш, ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш, зўравонликлардан асраш борасида жиддий ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, кейинги йилларда юртимизда хотин-қизларнинг сифатли таълим ва тарбия олишига алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Бундан 7 йил аввал олийгоҳларда 110 минг нафар хотин-қиз таҳсил олган бўлса, ҳозирги вақтда бу рақам қарийб 5 баробар кўпайиб, 500 мингдан ҳам ортиб кетди. Олий таълим олаётган талабалар орасида қизларнинг улуши 50 фоизга етди, бундан ташқари, амалга киритилган янги тартибга мувофиқ, магистратурада ўқиётган 10 мингдан ортиқ талаба қизнинг контракт пуллари давлат томонидан тўлаб берилди, 65 мингдан кўпроқ талаба хотин-қизга фоизсиз таълим кредити ажратилди.
Албатта, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юртимиздаги ҳар бир инсоннинг, айни пайтда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий, маърифий йўналишларда фаолият юритаётган ташкилотлар олдида турган ниҳоятда масъулиятли вазифа ҳисобланади.
Мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида рўй бераётган бу янгиланишлар, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш “Адолат” социал-демократик партиямиз фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланади. Яъни, партия­миз томонидан жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизлар фаоллиги ва ролини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, аёлларни пассив кузатувчи эмас, балки мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айлантириш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилди.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда партиямиз аъзолари 635 083 нафарни ташкил этиб, шундан 325 873 нафари, яъни 51 фоизи хотин-қизлардир. 2023 йил давомида сафимизга 33 394 нафар хотин-қиз қабул қилинди.
Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзо­ларининг 13 нафарини (62 фоиз), партиянинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатларнинг 255 нафарини (31 фоиз), партиямиз аъзоси бўлган сенаторларнинг 3 нафарини (33 фоиз) хотин-қизлар ташкил этади. Партия тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг 99 нафари (25 фоиз) хотин-қизлардан иборат.
Ўтган йилда партия томонидан “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида “Аёл ҳуқуқларини таъминлаш – тенглик тамойилининг муҳим омили”, “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш – давр талаби”, “Илмли, маърифатли хотин-қизлар – мамлакат келажагининг мустаҳкам пойдевори”, “Давлат ва жамият ривожида хотин-қизларнинг илмли ва маърифатли бўлишининг тарихий тажрибаси”, “Сиё­сий партияларда гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизларнинг сиёсий партиялар фаолиятида иштирокини қўллаб-қувватлаш” каби мавзуларда жами 1 580 марта учрашув, давра суҳбатлари ташкил этилди. 108 минг нафар хотин-қизлар билан суҳбат олиб борилди. Суҳбатлар давомида 200 нафар зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордери олиб беришга эришилди. Касб-ҳунар ўрганишни хоҳлаган 3 000 нафар хотин-қизлар шу соҳага йўналтирилди.
Партиянинг депутатлик гуруҳлари Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари кун тартибига хотин-қизларнинг муаммолари юзасидан жами 65 та масала киритишга ва ечими бўйича тегишли қарорлар қабул қилишга эришди. Халқ вакиллари – депутатлар аралашуви билан “Аёллар дафтари”га киритилган 1301 нафар хотин-қизлар билан юзма-юз мулоқот ўтказилиб, уларни қийнаётган 929 та муаммо ҳал этилди.
Шунингдек, партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида республиканинг барча ҳудудий Кенгашлари фаоллари ва депутатлари кўмагида 1475 нафар ишсиз хотин-қиз ишга жойлаштирилди.
Албатта, булар партия томонидан амалга оширилган ишларнинг бир қисми. Биз аёлларни жамиятимизнинг фаол шахсларига, ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга фидойи инсонларига айлантиришимиз учун келгусида бу йўналишда янада кўпроқ ишларни қилишимиз керак. Шу сабабли бу борада бир қанча режалар белгилаб олганмиз.
Аввало, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий мақомини янада ошириш, ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш, гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорлик меморандумини имзоладик.
Жамиятда оилалар тинчлиги ва фаровонлигига эришиш, фарзандлар тарбиясида катталарнинг ўрнини анг­латишга кўмаклашиш мақсадида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича ҳуқуқий саводхонликни ошириш юзасидан семинарлар ташкил қилиш режалаштирилган. Шунингдек, ишсиз хотин-қизларнинг ишга жойлашишларига кўмаклашиш мақсадида партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда ҳар чоракда меҳнат ярмаркалари ташкил этиш, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз” шиори остида хотин-қизлар ўртасида турли спорт мусобақаларини уюштириш каби вазифаларни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз.
Шу билан бирга, сайловчилар билан электрон мулоқот қилиш тизимини йўлга қўйиш, хотин-қизлар ва ёшлар билан алоқани янада мустаҳкамлаш, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш мақсадида партиянинг алоқа платформасини яратиш, телеграм ижтимоий тармоғи орқали мурожаатлар учун ботни ишга тушириш белгиланган.
Умуман олганда, юртимизда аёллар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун гендер тенгликни таъминлаш борасида режаларимиз кўп. Асосий мақсадимиз уларни амалга оширишдан иборат.
Биз ҳамиша бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак, яъни ҳар қандай буюк инсонлар ортида фидойи оналар, рафиқалар, улуғ ишларни қилишга қодир аёллар туради. Шундай экан, юртимизнинг истиқболи учун, бу истиқболли келажакни яратувчи буюк инсонларни камолга етказиш учун аёлларни эъзоз­лашимиз, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишимиз, гендер тенгликка амал қилган ҳолда уларни илмли, зиё­ли, фозила, жамиятнинг фаол инсонларига айлантиришимиз керак. Бунинг учун, аввало, хотин-қизларимизнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаб етиш­лари учун кенг йўл очиб беришимиз зарур. Яъни, невараларимиз мактабгача таълим муассасаларидан, қизларимиз мактаблардан бош­лаб юксак тарбия, ҳуқуқий таълим олиш­лари лозим. Токи улар атрофдагилар ҳар қандай зулм йўлини тутсалар ёки зўравонлик қилсалар, бунга жим турмасдан ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ва ўзига нисбатан ҳурмат шакл­лантирилишини ўрганиши керак. Болалар тарбиясига ва катталар қалбига барча қизларни, аёлларни ўзининг онаси, опаси ёки синг­лиси каби ҳурмат қилиш, уларни ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликка йўл қўймаслик, хотин-қизларни жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида эъзозлаш руҳини сингдириш зарур. Бу, айни пайтда, барчамизнинг умумий ишимизга айланиши шарт.
Зеро, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланган жамиятда, албатта, тинчлик, фаровонлик, адолат, эркинлик бўлади. Жамият тараққий этади, юксалади, бир сўз билан айтганда, аёл бахтли бўлади. Бахтли аёл бутун жамиятни, оламни мунаввар қилади.

Робахон МАХМУДОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий кенгаши раиси.
Манба: УзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+