Бемор болажонлар учун кўчма арча байрами

27.12.2023 16:12:06

Янги йил байрамини, байрам қаҳрамонлари бўлган Қорбобо ва Қорқизни ҳаммадан ҳам кўпроқ болажонларимиз интиқлик билан кутади. Шу боис ҳам болажон халқимиз фарзандларнинг қувончи, шодлиги учун байрам тадбирларини кўтаринки кайфиятда ташкил қилишади.


Эртамиз эгаларига эътибор қаратиш, уларни асраб-авайлаш, соғлом қилиб вояга етказишда Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, партия ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!" беғараз донорлик акцияси, қолаверса, “Саховат – беназир қадрият” лойиҳаси эътиборга молик. Партия бемор болажонларга қувонч улашиш мақсадида айни кунларда Янги йил муносабати билан байрам тадбирларини ташкил этмоқда.


Бугун партия Марказий кенгаши ташаббуси билан Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида “Янги йилни янги орзулар билан” шиори остида кўчма арча байрами ташкил этилди. Партия томонидан ёш авлодни соғлом ва ҳар жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказиш мақсадида амалга оширилаётган хайрли лойиҳаларнинг узвий давоми сифатида ўтказилаётган мазкур Янги йил байрам тадбирларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия сиёсий кенгаши Марказий аппарати ва партиянинг Тошкент шаҳар ҳамда Тошкент вилояти Кенгашлари ходимлари, “Ёшлар парламенти” аъзолари, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокорлари, марказда даволанаётган болажонлар ва уларнинг яқинлари иштирок этди. Тадбирга Янги йил шодиёналарининг энг асосий қаҳрамонлари бўлган Қорбобо ва Қорқиз, қолаверса, бир қатор санъаткорлар ташриф буюриб, бемор болажонларга чексиз қувонч улашди. Шунингдек, болажонларимиз учун байрамона туҳфа сифатида эсдалик совғалари тақдим этилди.


Партия матбуот хизмати вакилларининг айтишича, “Адолат” СДП ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур байрам тадбирларига жорий йилнинг 25 декабрь кунидан старт берилган бўлиб, партиянинг ҳудудий Кенгашлари томонидан мамлакатимизнинг барча ҳудудида 29 декабргача ўтказилиши режалаштирилган.

М.Комилова,
ЎзА
Манба: ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+