Биргаликда коррупциясиз жамият қурамиз

25.12.2023 10:12:09

Коррупция жамиятни ривожланишига қарши қаратилган ҳаракат сифатида ҳар қандай жамият ва давлатда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради. У ижтимоий-иқтисодий муаммоларни чуқурлаштиришга сабаб бўладиган омил сифатида баҳоланади.
Ҳар бир давлат коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционерга эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларни бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлади.
Ўзбекистон ҳам коррупцияга қарши курашишда ўзининг амалий ва одилона сиёсатига, аниқ йўл харитасига эга. Бугун юртимизда ушбу иллатга қарши курашиш борасида ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, махсус ваколатли Агентлик ташкил этилди.
Бундан икки йил аввал дунё миқёсида Ўзбекистон Халқаро Очиқ маълумотлар хартиясига аъзо бўлди. Мамлакатимиз Истанбул ҳаракатлар дастури, Глобал оператив тармоқ, Евроосиё ва Эгмонт гуруҳлари, бошқа кўплаб платформаларда самарали иштирок этиб келяпти. Ғарбий ва Марказий Осиё давлатларининг активларни қайтариш тармоғининг Котибияти вазифасини бажармоқда.
Коррупцияга қарши курашиш борасидаги амалий ишлар натижасида мамлакатимиз “Transparency International” индексида 42 поғонага кўтарилди. 2030 йилга қадар мазкур рейтингдаги ўрнимизни яна 50 поғонага яхшилаш мақсадини кўзлаганмиз. “Open Data Inventory” рейтингида эса жорий йилда 30-ўринга кўтарилдик.
Баъзилар коррупцияни саратон ёки коронавирусга ўхшатадилар, иккала ҳолатда ҳам одамларнинг соғлиғини бузадиган, ресурслар ва ривожланиш имкониятларини йўқ қиладиган, ҳатто умидни йўқ қиладиган ва аҳолининг адолат ва ривожланишга бўлган ишончини пасайтирадиган касаллик, деб билади.
Таҳлилларга кўра, ҳозирда коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил қилмоқда. Ҳар йили дунё бўйлаб тахминан 1 триллион АҚШ доллари миқдорида пора берилади. Коррупциянинг глобал жамият учун зиёни йилига 2,6 триллион АҚШ долларини ташкил этади.
Шу жиҳатдан, бугунги кунда дунё коррупцияни тўхтатиш учун кўтарилган қўлларга, унга қарши туриш учун бир-бирига боғланган ва унга қарши турган фидойиларга салом берадиган қўлларга муҳтож. Демак, ҳали қилган ишларимиздан қиладиганлари жуда кўп.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 19-декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш соҳасида юксак халқаро мукофотни топшириш маросимидаги нутқида ушбу масалага алоҳида тўхталиб, бу йўналишда яқин келажакда амалга ошириладиган режа ва вазифаларни белгилаган ҳолда бир қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030-йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилиши айтилди. Бу борада давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этган ҳолда, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф этилди.
Бу борада коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хорижий турдош муассасалар билан яқин ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” – коррупцион суриштирув институтини жорий этилиши муҳим чақириқлардан бири бўлди, десак айни ҳақиқат.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида коррупцияга қарши курашишдек мураккаб жараёнларда энг олдинги сафларда бораётган ОАВларнинг ўрнини алоҳида қадрлашини билдирди. Бу жабҳада журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва ушбу соҳа вакилларининг таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Хулоса шуки, ўтган даврда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муайян натижаларга эришилган бўлса-да, истиқболда бир қатор вазифаларни амалга ошириш лозим. Бунда, рақамли технологиялар имкониятларидан фойдаланиш, ёшларни коррупцияга муросасиз руҳда тарбиялаш, коррупциявий жиноятларни содир этган шахсларни келгусида муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш каби чораларга алоҳида аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ. Фақат шундагина олдимизга қўйган олий мақсад – коррупциясиз жамиятни қуришимиз мумкин.

Гулруҳ АГЗАМОВА
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+