Донорлик – беғараз ва савобли иш

04.12.2023 11:12:26

Мамлакатимизда барча соҳалар каби донорлик тизимини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни арафасида “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилди.

Партиянинг Тошкент вилоят Кенгаши  ҳам мазкур акцияда  фаол қатнашди. Олмалиқ шаҳар қон қўйиш бўлими, Чирчиқ шаҳридаги Тошкент вилояти қон қуйиш станцияси ҳамда Янгийўл шаҳар тиббиёт бирлашмасида кўплаб юртдошларимиз саховатли ишга бош қўшдилар.  

Акцияда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари вилоят туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, шаҳар ва туман Кенгашлари раислари, партия фаоллари, мудофаа ишлари бошқармаси, ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Миллий гвардия вилоят бошқармаси ходимлари, ёшлар ва кўнгиллилар иштирок этди.  

Беғараз донорлик акциясида турли касаллик ёки бахтсиз ҳодисалар ортидан қон алмаштиришга муҳтож бўлган бемор болаларга ёрдам кўрсатиш, ҳаётга қайтишига кўмак бериш ҳамда соғайиб кетишига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юздан ортиқ партия хайрихоҳлари ихтиёрий равишда қон топширди.  

Акция кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган ҳолда болажонлар учун чин маънода ғамхўрлик белгиси бўлди.  

А.Мусаев, ЎзА мухбири.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+