Донорлик – шараф

24.12.2021 11:12:58

Донорлик – шараф, мислсиз савоб, хайрли тадбир.

Тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам қон беришнинг организмга фойдали хусусиятлари бор. Биласизми, пандемия даврида донорлар сони камайиб, уларга эҳтиёж янада ортди. Бу эса, “Адолат” СДП ташаббуси билан анъанавий равишда ташкил этиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон” донорлик хайрия акциясининг нақадар муҳим эканлигини кўрсатади.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари йилдан йилга такомиллаштириб борилмоқда. Тиббиётга оид ҳуқуқий меъёрлар таҳлил этилиб, ҳар бир нуқтага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қон хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни ривожлантиришга қаратилган қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.  

2002 йил қабул қилинган “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юртимизда бу борадаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солади. 2016 йили мазкур қонунга бир қанча ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, жумладан, унга кўра “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони таъсис этилди. Бундан асосий мақсад қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш, аҳолининг кенг қатламларини бепул донорликка жалб этишдан иборат.

2013 йил Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи асосида “Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланган. Унга мувофиқ, 18 ёшга тўлган ва тиббий кўрикдан ўтказилган шахс донор бўлиши мумкин. Донорлар дастлаб сўровномани тўлдириш ва суҳбат ўтказиш йўли билан танлаб олинади.

– Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида ўтказилаётган мазкур тадбирнинг бош мақсади ҳам инсонларда қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги ва қон донорларининг зарурлигини чуқурроқ англаб етишларини шакллантиришдир. Қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб, уларга миннатдорлик билдиришдан иборат, – дейди партия сиёсий кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов. – Қон топшириш орқали бир беморни ҳаётга қайтаришга, унга ҳаётнинг бетакрор онларини кўришга кўмаклашган бўламиз. Бугунги акцияда шундай фикрли инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдик. Айниқса, синовли кунларда ўтказилаётган мазкур хайрли ишда халқимизнинг яна бир бор жипслашуви, бемор болажонлар учун кўмакка интилишини кўриб қувондик.

Эрта тонгдан кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган акция болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди. Барча донорлар қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшганидан ҳурсанд. Дарвоқе, сиёсий куч сафида бундай саховат камарини белида маҳкам боғлаган партия фаоллари кўп.

“Адолат” СДП ташаббуси билан юртимиз бўйлаб 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ўтказилаётган акция бемор болажонларнинг тезроқ шифо топишларига хизмат қилаётир. Тадбир якунида кўнгилли равишда бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонини топширган фуқароларга партиянинг ташаккурномаси ва совғалар топширилди.

Моҳигул Қосимова,
ЎзА

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+