Хотин-қизлар ва ёшлар жамиятнинг истиқболини таъминлайди

03.02.2024 21:02:28

   Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.
   Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова юртимизда хотин-қизлар ва ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам кўплаб соҳа ва йўналишлар қаторида ёшлар ҳамда хотин-қизлар масаласига алоҳида ўрин берилганини таъкидлади.


   Мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётида хотин-қизлар учун имкониятлар яратилишига эришиш, уларнинг барча соҳаларда иштирок этишини таъминлаш, аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада Янги таҳрирдаги Конституциянинг 58-моддасида “Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлайди”, дея қатъий белгилаб қўйилган.


   Суҳбатда янги таҳрирдаги Конституцияда хотин-қизлар билан биргаликда, ёшлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, унга кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши, шунингдек, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун шарт-шароитларни яратиб бериши борасида ҳам сўз юритилди.
   Ўзаро қизғин муҳокама тарзида кечган давра суҳбатида депутатлар ва талаба-ёшлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.
Манба: ЎзА.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+