Кўнгилли инсонларнинг топширган қони беморлар дардига шифо бўлади

04.12.2023 12:12:56

Бугунги кунда нафақат дунё тиббиётида, балки мамлакатимизда ҳам қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигига бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Ҳар куни минглаб инсонлар донорлар қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Қон қуйишга муҳтож бўлиб қолган ҳар бир одамнинг алоҳида қон гуруҳи ва резус фактори борлигини инобатга олганда, унга фақатгина шу гуруҳ ва фактордаги қон қуйилиши мумкин.

Хўш, бундай ҳолатларда қон қаердан олинади? Биз улар ҳақида кўп эшитамиз, ўқиймиз, ҳатто ўзимиз ҳам улар орасида бўлишимиз мумкин. Булар — донорлар. Лотин тилидан олинган бу сўзнинг маъноси ҳам “ҳадя қилиш” дегани. Соҳа вакилларининг сўзларига кўра, донорлик қон олаётган киши билан бир қаторда, қон бераётган кишининг ҳам соғлигига жуда фойдали.  

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси бир неча йиллардан буён республикамизда донорларга бўлган эътиборни юксалтириш, донорлик акцияларини кенг оммалаштириш борасида салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда.  

Қайд этиш лозимки, ўтган йилларда партия ташаббуси билан ўтказилган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” беғараз донорлик акцияларида жами 19 минг 452 нафар кўнгилли донор иштирок этган. Натижада 6 минг 808 литр қон йиғишга эришилиб, ушбу ҳаёт томчилари орқали 38 минг 904 нафар қонга муҳтож болажон ҳаёти сақлаб қолинган.  

Партия вакиллари томонидан ўтган 7 йилдан буён 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун ҳамда 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказиб келинаётган “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси анъанага кўра жорий йилнинг 1 декабрь куни ҳам мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб кенг кўламда ўтказилди.  

Дарҳақиқат, қон бу – ҳаёт, инсон тириклигининг асосидир. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Тиббиётда турли хил касалликлар, шунингдек, фавқулодда жароҳат олган инсонлар, айниқса, жажжи болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида уларнинг ҳаёти қил устида бўлиб қолади. Бундай беморларни малакали мутахассислар жаҳон андозаларига мос тажрибалар асосида даволаш баробарида донорларнинг беминнат ёрдамига ҳам таянади.  

8 декабрь – Бош қомус қабул қилинган кун олдидан ташкил этилган мазкур акция Республика қон қуйиш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилди.  

Жараёнда иштирок этган партия вакиллари ҳамда тиббиёт соҳаси мутахассислари томонидан кўнгилли инсонларнинг болалар учун топширган қони уларнинг дардига шифо бўлиб, ҳаётга бўлган ишончини ошириши таъкидланди.  

Акция жараёнида нафақат кўнгилли фуқаролар, балки ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, санъаткорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз ташаббуслари билан фаол иштирок этди.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, донорлар 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, 55 килограммдан ортиқ вазнга, аёлларда гемоглобин даражаси 120, эркакларда эса 130 дан юқори бўлиши каби талабларга жавоб берадиган соғлом инсонлар бўлиши лозим. Шунга мувофиқ тарзда аёллар ҳар уч ойда, эркаклар икки ойда бир марта донорлик қилишлари мумкин ва бир неча маротаба тиббий ҳамда қон текширувидан ўтиши лозим.  

 

Муҳайё Тошқораева,  
ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+