Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот маркази

25.12.2023 10:12:48

Муносабат

Ўзбекистонда коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот маркази ташкил этилади


Коррупция бир давлат эмас, балки бутун бир минтақа ёки жаҳон тараққиётига таҳдид солувчи иллатдир. Сабаби, ушбу иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, иқтисодиётни издан чиқаради ва уюшган жиноятчиликнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.
Шу боис, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш умумхалқ ҳаракатига айланган. Бугун жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси, хоҳ у давлат идораси ходими бўлсин, хоҳ оддий фуқаро барчамиз кундалик турмуш тарзимизда рўй бериши мумкин бўлган коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашишимиз даркор.
Албатта, қарс икки қўлдан чиқади, коррупцияни йўқ қилишда ҳам энг аввало уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш муҳим саналади. Бу жараёнда энг самарали ечимлардан бири давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ахборот олиш эркинлигини кафолатлаш орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматларини тўлақонли электронлаштириш саналади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам давлат хизматларини рақамлаштиришнинг кўламини кенгайтириш орқали аҳоли учун “Сервис давлат” тизимини жорий қилиш, фуқаро ва давлат ўртасидаги муносабатларда бюрократик тартиботларга барҳам бериш ҳамда коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттириш белгиланган.
Шу ўринда эътироф этиш жоизки, бугун коррупцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон эришаётган ютуқлар ва амалга ошираётган ташаббуслар нафақат мамлакатимиз аҳолиси, шу билан бирга, халқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб эътироф этиб келинмоқда. Хусусан, бундан етти йил олдин коррупцияга қарши курашишда бир қатор ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган Ўзбекистон бугун ўз тажрибаси билан бу иллатга қарши кураш бошлаган давлатларга намуна бўлмоқда.
Ўтган ҳафтада пойтахтимизда ўтказилган коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросими юртимизда бу йўналишда эришилган ютуқларимизнинг юксак эътирофи бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Боиси Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ташаббуси билан таъсис этилган ушбу мукофот ҳар йили коррупцияга қарши курашишда юқори натижаларга эришган давлатларда ўтказиб келинади. Яна бир қувонарли жиҳати ушбу мукофот билан тақдирлаш маросимида илк бор шу вақтгача ушбу мукофотга сазовор бўлган инсонлар бир даврада тўпланиб, ўз тажрибаларини ўртоқлашди.
Юқорида айтганимиздек, бу иллатга қарши бир бор курашиб, уни бартараф этдик, деб хотиржам ўтира олмаймиз. Шу боис, ушбу нуфузли тадбир доирасида Президентимиз томонидан ҳам бир қатор минтақавий ва халқаро аҳамиятга эга бўлган ташаббуслар илгари сурилди.
Жумладан, давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиши, унда давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон коррупцияга қарши курашдаги минтақавий, глобал ташаббус ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлашини ҳамда уларда фаол қатнашишини билдирди. Ушбу ҳаракатларни бирлаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларни фаол жалб этган ҳолда, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш, коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” – коррупцион суриштирув институтини жорий этиш таклифларини ҳам билдирди.
Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ташаббусларнинг ҳаётга татбиқ этилиши нафақат Ўзбекистон балки, бошқа давлатлар тараққиётида ҳам муҳим ҳуқуқий ва илмий асос бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга, келгуси етти йилликда “Transparency International” халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинадиган Коррупцияни қабул қилиш индексида мамлакатимизнинг жойлашган ўрни янада юксалишига олиб келади.

Мавлуда АДҲАМЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+