Партиялардан бири ОТМга қабул квотасини бекор қилиш таклифи билан чиқди

10.09.2019 14:09:02

Ўзбекистон “Адолат” СДП жорий йил бўлиб ўтадиган сайловларда партиянинг ташриф қоғозига айланувчи сайловолди дастурини кенг муҳокама қилмоқда ва кўплаб таклифлар йиғиб олмоқда.

Шу кунгача билдирилган фикрлар экспертлар томонидан умумлаштирилганда энг кўп таклифлар таълим соҳаси бўйича билдирилгани маълум бўлди. Хусусан, олий таълим муассасаларига киришдаги муаммолар, абитуриентлар сони ва қабул квоталари ўртасидаги тафовутнинг катталиги, хорижий давлатлардаги сифати кафолатланмаган муассасаларга ёшларимиз оқимининг ортаётгани каби кўплаб фикрлар билдирилди.

“Адолат” социал-демократик партияси экспертлари томонидан тайёрланаётган сайловолди дастурига олий таълим муассасаларига киришни осонлаштириш, олий маълумотлилар сафини кенгайтириш, коррупцияни олдини мақсадида олий таълим муассасаларига қабул квотасини бекор қилиш таклифи киритилмоқда.

Жумладан, жорий йилда олий таълим муассасаларига 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Шундан 102 минг 400 нафари ўқишга қабул қилинди. Бу эса талабаликка фақатгина 9.6% абитуриент қабул қилинганини кўрсатмоқда.

Ушбу ташаббус моҳияти фақат қулайликка хизмат қилиш билан чекланмайди. Энди ёшлар талаба бўлгунга қадар эмас, олий маълумот олишгача бўлган вақтда ҳам пухта билим олишга интилади. Ўқишга кириш эмас, ўқиш – олий таълим даргоҳларида босқичдан босқичга ўтиш ва битириш мураккаблаштирилади.

Партия имтиҳонда етарли балл тўплолмаган абитуриентларга шартнома асосида ўқиш имкониятини беришни таклиф қилмоқда. Яъни, давлат бюджети асосида ўқишга киролмаган барча абитуриентлар шартнома тўловини тўлаш орқали талаба бўлишларига йўл бериш керак.

Партия Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 2020 йилдан ҳар бир олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари акс этган норматив ҳужжатларни белгилаш режалаштирилган. Натижада, олий таълим муассасалари босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтишни таъминлаш ҳамда қабул квоталарини бекор қилишга эришилади.

Манба: kun.uz

Улашинг!