“Қон топшир– ҳаёт инъом эт”

02.12.2023 21:12:47

Республикамиз бўйлаб “Донор бўлинг ва ҳаётни сақлаб қолинг” шиори остида ўтказилган беғараз донорлик акцияси Сирдарё вилояти қон қуйиш станциясида ҳам кўтаринки руҳда ўтди.

Ушбу хайрия тадбирида  “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ёшлар қаноти, Аёллар қаноти, вилоят,туман ва  шаҳар Кенгашлари  депутатлари , кўнгилли фуқаролар, Ширин шаҳридаги  ҳарбий қисм хизматчилари иштирок этди.  

Сирдарё вилоят қон қуйиш станцияси бош шифокори  Х.Халамов  Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳудудларга тақдим этилган “ISUZU HC40” русумли автотранспорт воситалари негизида тайёрланган кўчма донорлик мажмуасини  акция иштирокчиларига таништирди.  

Мазкур автобуслар махсус каравот, музлаткич, гемоконтейнер, ҳавони тозалашга мўлжалланган бактерияга қарши лампалар, кондиционер ҳамда ёритгичлар билан жиҳозланган. Унда бир вақтнинг ўзида 3 нафар донордан қон олиш мумкин. Мобиль донорлик комплекслари юртимизда сайёр донорликни ривожлантириш, ҳудудларда сифатли қон компонентларини йиғиш ишларини самарали ташкил этишга хизмат қилмоқда.

– Донор ўз қони билан инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин,  чунки  турли  ноёб  жарроҳлик  амалиётларининг  муваффақиятли кечишида, онкологик ва гематологик касалликларни даволашда, баъзан туғруқ жараёнларида,  бахтсиз  ҳодисаларда қон ва унинг компонентларининг аҳамияти катта, – дейди бош шифокор. – Донорлик юрак ва қон томирлари саломатлигини мустаҳкамлайди. Шунинг учун йилига камида бир марта  қон топшириб туриш керак. Бу ҳолат юрак хуружи хавфини 88% га камайтиради, агар қон жуда қуюқ бўлса, қон томирларининг тиқилиб қолиш эҳтимоли ортади. Бу юқори гемоглобин ва ортиқча темир моддаси туфайли содир бўлади.

Тиббиёт нуқтаи назаридан  қон  беришнинг организмга  фойдали жиҳатлари,  қон айланишининг  яхшиланиши  тиббиёт ходимлари томонидан исботланган. Бўлиб ўтган хайрия  акциясида 18 ёшдан 60 ёшгача  соғлом фуқаролар қатнашди.

–Ҳозирги кунда донорлар сони камайиб бораётгани сабабли “Бор меҳримиз сенга, болажон!” хайрия қон қуйиш акциялари ташкил қилинмоқда, – дейди қон қуйиш маркази лаборатория мудири Г.Абдужабборова. – Кунига тезкор жарроҳлик операциялари, туғуруқ, автоҳалокат ва ҳар хил фавқулодда вазиятлар бўлади. Захирада қон миқдори бўлмаса, биз беморга қон етказиб бера олмаймиз. Донорларнинг сони кўпайиб захирамиз ошиши учун тарғибот ишларини янада кўпайтиришимиз керак.  

Ш.Суяров, ЎзА мухбири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+