Аёли иззатидаги юрт – бахт-иқбол кошонаси

25.04.2024 15:04:32

Аёлга эҳтиром кўрсатиладиган хонадон бахт остонаси десак муболаға бўлмайди. Бундай хонадон пойдевори унинг аъзолари ўртасидаги меҳр-муҳаббатга, иззат-ҳурматга асосланган бўлади. Агар бунинг акси бўлса, оила пойдевори дарз кетади, устунлари барбод бўлади.Аёлга эҳтиром деганда, бир қатор муҳим татбиқий одоблар назарда тутилади. Аввало, аёлга эҳтиром инсон зотига эҳтиромдир. Унга озор берилмайди, хорланмайди, ҳуқуқлари поймол қилинмайди.Лекин, бу каби ахлоқ нормаларини, бахтли ҳаёт лаззатларини англай олмайдиган айрим инсонлар борки, улар ўзининг аёлига, опа-сингилларига тазйиқ ўтказишдан, зўравонлик қилишдан тап тортишмаяпти. Мамлакатимизда аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш бўйича бир қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда «Адолат» СДП фаолларининг ҳам асосий мақсади хотин-қизларнинг бу борадаги сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, жамиятда аёлларнинг ўрни ва мавқени юксалтириш масалаларига қаратилган. Хусусан, Тошкент вилояти кенгаши томонидан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтидор ва қобилиятларини рўёбга чиқариш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган турли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Яқинда Олмалиқ шаҳридаги Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат Техника Университети Олмалиқ филиалида, Қибрай туманида жойлашган «Тошкент ИЭС» АЖ корхонасида ўтказилган «Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаймиз!» мавзусидаги тадбирлар бунга ёрқин мисол бўла олади.Айни кунда «Тошкент ИЭС» АЖ мамлакатимиздаги энг йирик энергетика корхоналаридан ҳисобланади. Бу ерда 1 200 нафарга яқин ишчи-ходимлар меҳнат қилишади. «Адолат» СДП бошланғич ташкилотининг 57 нафар аъзолари мавжуд. Таъкидлаш жоизки, «Тошкент ИЭС» да кейинги даврда раҳбарлик фаолиятида аёлларнинг тутган ўрни тобора ошиб бормоқда. Бугунги кунда корхонада 335 нафар хотин-қизлар меҳнат қилаётган бўлишса, шулардан 16 нафари турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келишади. Шунингдек, икки нафар аёл Халқ депутатлари вилоят ҳамда туман кенгашлари депутатлигига сайланган. Корхонада ҳам хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрни билан боғлиқ салбий қарашларни ўзгартириш, аҳоли бандлиги соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун кафолатланган тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, эркак ходимлар қаторида хотин-қизларни таълим ва касбий кўникмалар олишини ҳамда бандлигини таъминлаш муҳим масалалардандир. Кўплаб хотин-қизлари ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олийгоҳларда таълим олмоқдалар. Биз юқорида аёлга эҳтиром кўрсатиладиган хонадонни бахт остонаси деган эдик. Бугун юртимизда хотин-қизлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда, алоҳида иззат-икром кўрсатилмоқда. Шу боис, аёли иззатдаги юрт – жамият ривожининг асоси, бахт-иқбол кошонаси деб баралла таъкидлаш мумкин.

Гулнора АҲМEДОВА,
«Адолат»СДП
Тошкент вилоят Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+