Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаймиз!

22.04.2024 17:04:00

Дунёда зўрлик ишлатиб содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш, шахс ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бугунги кунда барча давлатлар учун муҳим аҳамият касб этадиган вазифалардан ҳисобланади.
Дарҳақиқат, инсонни жиноий тажовузлардан ҳимоялаш, жиноятчиликка қарши кураш муаммоси, амалдаги қонунларга қатъий риоя қилган ҳолда ва жиноятни жамият ҳаётидаги энг салбий ҳолат деб қаралгандагина ҳал қилиниши мумкин ҳисобланади.
Мазкур масалага ҳукуматимиз алоҳида эътибор бериб, барча ҳужжатларда жиноятчиликка, шу ўринда зўравонлик ва тазйиқларнинг олдини олиш ва унга қарши кураш масаласини тарғиб қилмоқда. Давлатимизнинг асосий вазифасидан бири ҳам жамият ҳаётида қонунга риоя этишни кучайтириш ва мустаҳкамлаш, суд, прокуратура, адлия ва ички ишлар органларининг бу борадаги масъулиятини ошириш йўлида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини оширишдан иборатдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда ҳал қилиниши лозим ва муҳим бўлган масалаларидан бири зўравонлик ва тазйиқнинг олдини олиш ва ундан ҳимояланиш ҳисобланади.
Шу кунларда Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоятимизнинг шаҳар ва туманларидаги партиянинг “Аёллар қаноти” Кенгаши ҳамкорликда умумий ўрта таълим мактабларидаги бошланғич партия ташкилотларида “Аёлларни зўравонликдан ҳимоялаймиз!” мавзусида давра суҳбати ўтказилиб келинмоқда. Давра суҳбатларида партиянинг вилоят, туман Кенгаши ходимлари, туман Кенгаши депутатлари, бошланғич партия ташкилот аъзолари, мактаб ўқитувчилар жамоаси иштирок этишмоқда.
Давра суҳбатларида гендер зўравонликнинг кўринишлари, яъни руҳий, жисмоний ва иқтисодий зўравонлик бўйича билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, аёлларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари бўйича етарли билимга эга бўлиши зарурлиги юзасидан маърузалар қилинмоқда.
Умуман олганда, қабул қилинган қонун ҳамда амалга оширилаётган бу каби тарғибот тадбирлари жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда хотин-қизларга бўлган ҳурматни ошириш, тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олишга хизмат қилади.

Равшан Мирзақулов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+