Аёлнинг ҳуқуқи бузилмасин

17.04.2024 09:04:50

Кейинги йилларда жамиятимизда хотин-қизларнинг роли ошиб бормоқда. Қайси бир соҳага қараманг, опа-сингилларимиз фаол, ташаббускор. Ҳатто давлат бошқаруви идоралари фаолиятида ҳам уларнинг иштироки ўсиб боряпти. Бу давлатимиз томонидан хотин-қизларга бўлган эътибор, ғамхўрликлар ва яратилаётган имкониятлар самарасидир.

Бироқ айтиш мумкинки, бугуннинг энг катта иллатларидан бири хотин-қизларга нисбатан зўравонликдир. Унга қарши курашиш ҳаммамизнинг бурчимиз ҳисобланади. Негаки ана шу зўравонликнинг қурбони бўлаётганлар сизу бизнинг онамиз, севикли ёримиз, опамиз, синглимиз.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари юқоридагилардан келиб чиқиб, бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда. Вилоят партия кенгаши томонидан Андижон туман оила ва хотин-қизлар бўлими билан ҳамкорликда тумандаги «Бахт» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган давра суҳбати айни шу мавзуга бағишланди.

Тадбирда аввалида вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Малоҳат-хон Мусаева хотин-қизларга қаратилган давлат сиёсати, қонунчилигимизга киритилаётган ўзгаришлар ва кун тартибидаги масаланинг ўта долзарблигига йиғилганлар эътиборини қаратди. Ҳозирда аксарият корхона ва ташкилотлар, меҳнат жамоалари ва МФЙларда ҳам хотин-қизлар билан ишловчи масъул ходимлар мавжудлиги, жамоатчилик орасида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.

Малоҳатхон Мусаева, Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

-Бугунги тадбирни ташкил этишнинг сабаби хотин-қизларга нисбатан зўравонликлар барҳам топмаётгани. Бу борада биз биргина жинсий зўравонликни тушунмаслигимиз керак. Уларнинг ҳуқуқларини бузилиши, камситилиши, иқтисодий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ўта оғир меҳнатга жалб қилиш ва оиладаги ўрнини таъминламаслик ҳам кечирилмайди. Жамиятнинг эртасини, келажагимизни яратувчилар хотин-қизлар, дея бонг урсакда, уларни ҳимоя қилишга етарли куч топа олмаймиз

Тадбирда сўз олганлар томонидан таъкидланганидек, ҳар биримиз бу масалага эътибор билан қарашимиз лозим. Жамиятда бир аёлнинг хўрланиши ёки унга нисбатан зўравонлик кўрсатилишига катта фожиа сифатида қарашимиз керак.

Фарҳодбек Отахонов, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари:

-Бу мавзуда сўз очишнинг ўзи оғир. Айниқса, айрим оилаларда ҳатто ота-оналарнинг ўз қизларига нисбатан тазйиқ ўтказишларини қандай тушуниш мумки?. Тўғри, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» ги қонун амалда. Бироқ унинг ижроси тўла таъминланяптими, деган саволга дадил жавоб айтиш қийин. Чунки ҳаётда хотин-қизлар билан боғлиқ турли кўнгилсизликларни кузатиш мумкин. Юқоридаги қонун билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиши, бу борадаги қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши кўрсатиб ўтилган. Андижонлик «Адолатчи»лар айни шу мақсадда масалага эътибор билан қарамоқдалар.

Давра суҳбати якунида партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари ва ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари жамоатчилик орасида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида биргаликда иш олиб боришга келишиб олдилар.

Акбаржон Назаров,
 «Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши
Матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+