Бир майизни қирқ бўлиб еган халқнинг фарзандларимиз

24.02.2021 19:02:27

Давлатимиз раҳбарининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги сўзлаган нутқини тинглаб қуйидагилар хаёлимдан ўтди.

Хўш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш бизга нима беради?

Бир майизни қирқ бўлиб еган қалби дарё халқнинг фарзандларимиз. Тарихга бир назар ташласак, халқимиз бошига тушган қора кунларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Масалан, биргина иккинчи жаҳон урушида минглаб навқирон ватандошларимиз ўзга юртларни ватан, дея мислсиз курашлар олиб борди. Қанчадан-қанчаси жон фидо қилди...

Немисларга асир тушган бир нуроний отахоннинг асирликда ўтган ҳаётини ҳикоя қилиб, асирларнинг барча ҳуқуқлари поймол қилингани, азоблангани, хақоратлангани, калтаклангани, бир бўлак нонни ҳам 10-15 киши баҳам кўргани, адолатсизликка чидай олмай кўплари қаршилик кўрсатиб ҳалок бўлгани, ҳамжиҳатликда озчилик бўлиб, тутқунликдан қочгани ҳақидаги гаплари ҳамон қалбимни ларзага солади. Шундай оғир дамларда ҳам ўзлигини йўқотмаган халқ бу - ўзбек халқи. Мана нима учун керак инсон ҳуқуқларини таъминлаш бизга.

Юртимизда азал-азалдан инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Чунки динимиз шунга буюрган. Бу муқаддас китобларда ҳам, ҳадисларда ҳам ўз исботини топган. Соҳибқирон бобомиз тузган “Темур тузуклари”ни бир ёдга олинг. Унда келтирилган ҳар бир жумла адолат, тенглик, тенг ҳуқуқликдан дарак бериб туради. Шундай экан биз аллақачонлар Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолигига қабул қилинишимиз керак эди.

Бугун Юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотда инсон манфаатлари етакчилик қилади. Биргина сўз эркинлигини олайлик. Кейинги йилларда оммавий ахборот воситалари орқали холисона ёндошилган, шаффофликни таъминлаган ҳолда ёритилаётган материалларга кўз югуртирсангиз сўз эркинлиги борасида сезиларли даражада силжишни кузатасиз. Улар ёрдамида қанчадан-қанча аҳолини қийнаётган муаммо ва камчиликлар юзага чиқариляпти ва эътибор қаратиляпти.

Суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ қилиниши, болалар меҳнатига мутлақо чек қўйилгани каби инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг миқёсли эзгу ишларни санаб адоғига етиб бўлмайди.

Биргина таълим соҳасига эътибор қаратсак, бош қомусимизда ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратида эканлигини ўзиёқ инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида буюк ишлардан биридир. Рост, бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида болаларнинг таълим олиши билан боғлиқ тўсиқлар ва муаммолар борки, мамлакатимизда жорий қилинган 11 йиллик бепул таълимнинг давом эттирилиши бу халқимиз учун яратилган катта имкониятдир.

Шундай экан яратилган имконият ва шароитларни қадрига етиб, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни бардавом бўлишида ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

 

 

Маҳмуджон БОЛТАБОЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати,

Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори, иқтисод фанлари доктори, профессор

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+