Биз тазйиқ ва зўравонликка қаршимиз!

17.04.2024 17:04:55

Аёл дунёдаги энг нозик ва такрорланмас хилқатдир. Аёл бу она, аёл бу фарзанд, аёл бу умр йўлдош. Аёллар доим оиласи ва фарзандлари учун қайғуради, уларни ҳимоя қилишга ҳар қандай вазиятда тайёр турадилар. Аммо аёлларимизнинг ўзи ҳам ҳимояга муҳтож эканлигини баъзида унутиб қўямиз.
Ўтган асрнинг 80-90 йилларида аёлларга ҳозирги даврга нисбатан бирмунча паст назар билан қарашган. Уларнинг таҳсил олиши, жамоат, маданият соҳаларида иш юритишига қарши бўлишган. Бугунги кунда эса хотин-қизлар жамиятда ўз ўрнига эга, барча жабҳада фаолдир. Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг кўплаб ислоҳотлар ўтказилди. Айниқса, хотин-қизларимизга катта эътибор қаратилди.
Хусусан, муҳтарам Президентимиз томонидан хотин-қизларни оилада, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш ҳамда хотин-қизларимизга қулай шарт–шароитлар яратиб бериш мақсадида турли қонун ва фармонлар қабул қилинган.


Ўзбекистон “Адолат” СДП Фориш туман Кенгаши ҳамда оила ва хотин-қизлар бўлими билан ҳамкорликда туман маънавият марказида партиянинг “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида “Хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоялаймиз” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда партиянинг туман Кенгаши фаоллари, ҳамкор ташкилот вакиллари, депутатлар, мактаб ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этишди.


Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан мамлакатимизда аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарурий шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигига, хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишлари борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Аммо шунга қарамасдан, сўнгги пайтларда айрим шахслар томонидан хотин-қизларга турли хил кўринишдаги тазйиқларни ўтказиш, уларни хўрлаш, камситиш ҳолатлари учраб турганлиги таъкидланди.
Шунингдек, қонунларимизда ҳар қандай зўравонликка нисбатан жазо белгиланганлиги, ҳеч ким инсон, айниқса аёл шаънини оёқ ости қилишга, уни таҳқирлашга ҳаққи йўқ. Жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг оила ва жамиятдаги ролини кучайтириш, хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсатга фаол жалб этиш, энг асосийси зўравонликларнинг барча кўринишларидан, таҳдидлардан ҳимоялашга ҳаммамиз бирдек масъул ва жавобгармиз, - деди туман оила ва хотин-қизлар бўлими мутахассиси Сабоҳат Қўнарова.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига масъуллардан тегишли жавобларни олишди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+