Боғотдаги ўрганишлар натижаси сессия қарори билан амалиётга йўналтирилди

02.05.2024 11:05:38

Жорий йилнинг 1 май куни Хоразм вилоят Боғот туман ҳокимлиги мажлислар залида туман Боғот туман Кенгашининг 108 — сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда барча партиялардан сайланган депутатлар, доимий комиссия аъзолари ҳамда туманда фаолият олиб бораётган корхона-ташкилот ва таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этишди.

Сессия кун тартибига Ўзбекистон «Адолат» СДП Боғот туман Кенгаши ҳамда туман Кенгаши депутатлик гуруҳи билан ҳамкорликдаги ишчи гуруҳ томонидан партиянинг «Саломатлик йўлида бирлашайлик!» лойиҳаси доирасида туман мактабларида олиб борилган ўрганишлар натижалари сессия кун тартибида муҳокама этилди.

Мазкур масала юзасидан туман партия Кенгаши раиси, туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари – Қаҳрамон Раҳимов мактаблардаги ободонлаштириш, ўқувчиларнинг давомати ҳамда 1-4 синф ўқувчиларини озиқ-овқат билан таъминланишидаги талайгина муаммо ва камчиликлар юзасидан музокара қилди.

Кун тартибидаги масала атрофлича муҳокама қилиниб, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 24-моддаларига асосан Халқ депутатлари Боғот туман Кенгаши қуйидагича қарор қабул қилди.

Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган ўрганишлар натижалари тўғрисидаги Қаҳрамон Раҳимовнинг ахбороти маълумот ва ижро учун қабул қилинди.

Туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий маърифий ишлар бўйича ўринбосари – Ўткир Боғибеков ва туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Жавлон Искандаровлар томонидан соҳада қонун бузилиши ҳолатларига ҳамда ўзига юклатилган лавозим мажбуриятларини бажаришда камчиликларга, сусткашликка йўл қўйилганлиги Ўзбекистон Республикаси «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги» 6, 21, 24 вa 25-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312 вa 313- моддаларига мувофиқ, қонунчиликда белгиланган тартибда «Ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилди.

Туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари – Ўткир Боғибековга ҳамда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими мудири Жавлон Искандаровларга ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш чораларини кўриш, мактабларда бошланғич синф ўқувчиларини овқатлантириш бўйича тегишли тартибда назоратни кучайтириш, умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим ташкилотларида келтирилган нонушта маҳсулотларини белгиланган тартибида ўлчаб олиш учун назорат тарозиси ўрнатиш, умумтаълим мактабларида нонушталарни сақлаш учун совутгичлар билан таъминлаш чораларини кўриш шунингдек, Мактабгача таълим ташкилотларининг ошхоналарида озодаликка риоя қилиш, сув иситиш мосламаларидан самарали фойдаланиш ва ошхонада ҳашоротларга қарши дезинфекция чораларини кўриш бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш масаласи топширилди.

Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Халқ депутатлари туман Кенгашининг ёшлар сиёсати, хотин- қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссияси раиси– Майсара Худайберганова ҳамда Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссияси раиси – Отажон Матниёзов зиммасига юклатилди.

Мазкур қарор амалиётга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
«Адолат» СДП
Хоразм вилоят Кенгаши
Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+