Бугунги кун талаби аҳоли бандлигини таъминлашдир

01.04.2024 15:04:39

Мамлакатимизда аҳолининг даромадлари ва бандлигини ошириш, камбағалликни камайтириш учун Президентимиз бошчилигида кенг қамровли ишлар олиб борилаяпти. Хусусан, жорий йилнинг 14 март куни Президентимиз Сирдарё вилоятига ташрифлари давомида Сайхунобод тумани “Иттифоқ” маҳалласида бўлиб, томорқа ва уй хўжаликлари билан танишган эди. Шу ерда давлатимиз раҳбари Сирдарё вилоят, Сайхунобод туманидаги йиғилишда Сайхунободда йўлга қўйилиши режалаштирилаётган янги тажрибани бутун республика бўйлаб қўллашнинг аҳамияти ҳақида ҳам алоҳида кўрсатмалар берган эди. Айни пайтда бутун мамлакатимизда бўлгани каби, Қашқадарё вилоятининг Косон туманида ҳам аҳолининг даромадлари ва бандлигини ошириш бўйича кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди.
Биз партия фаоллари ва халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари Қаҳрамон Султонов, Лобар Абидова ҳамда ҳамкор идоралар билан тумандаги маҳаллаларда бўлиб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш юзасидан тушунтиришлар олиб боряпмиз. Ердан унумли фойдаланиб, бир йилда уч мартагача ҳосил олиш учун томорқачиларга мутахассислар билан биргаликда керакли ёрдам бериляпти. Биргина мен ўзим раислик қилаётган Регзор маҳалласида ҳозиргача 30 га яқин томорқачиларга ҳомийлар томонидан деҳқончилик қилишлари учун уруғ етказиб берилди. Шунингдек, 10 нафар фуқароларимизга кредит олиб, деҳқончилик қилиш ва бандликларини таъминлашлари учун кўмаклашишди. Депутат Қаҳрамон Султонов саъй-ҳаракати билан эса аҳоли томорқаларига оқар сув муаммосиз етиб келиши таъминланди.


Депутат Лобар Абидова партиянинг “Бир ойда-бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг ўтган ойлари давомида 40 нафар хотин-қиз ва ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашди. Бундан ташқари, 22 нафар фуқаролар касбга йўналтирилиб, бепул ҳунар ўрганишлари учун имконият яратилди.
Партиядошларимиз томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш учун барча чора-тадбирларни кўрмоқдамиз. Шунингдек, депутатларимиз меҳр ва саховат ойи муборак рамазон кунларида тўшакда ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олиб, 6 нафар фуқароларнинг саломатлигини тиклаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармасидан пул маблағ ажратилишига эришишди.
Давлатимиз раҳбари: “Ҳар бир ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришнинг катта ресурслари бор. Фақат уни ишга солиш керак. Ҳудуд раҳбарлари ҳар куни бу ҳақда ўйлаши ва изланиши лозим”, - деган эди.
Дарҳақиқат, аҳолини камбағалликдан чиқариб, бандлигини таъминлашда томорқадан унумли фойдаланиш ҳамда тадбиркорликнинг ўрни ниҳоятда катта. Биз шу кеча-кундузда маҳалламизда ишсизлар бўлмаслиги учун бунга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Ҳамза Ўринов,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Косон туман Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+