Депутатлар халқ орасида

25.04.2024 10:04:43

Аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, муаммоларини жойида ҳал этиш, одамларда адолатга, давлатга ишончни мустаҳкамлаш давлат идоралари, раҳбарлар олдидаги устувор вазифага айланди. Шунга монанд Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам ўз ҳудудларида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганмоқдалар, халқ билан фикрлашиб, камчиликларнинг аксариятига шу жойнинг ўзида ечим топишга эришяптилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Дилшод Ҳамзаевнинг Ғузор туманидаги 28-, 51- мактаблар педагоглари, Апарди, Чаноқ, Батош, Меҳнатобод, шунингдек, Касби туманидаги Муғлон, Касби маҳаллалари аҳолиси билан учрашувларида мутасадди раҳбар ва ходимларнинг ишларни тизимли равишда, ўз вақтида амалга оширмагани , масъулиятни ўзидан соқит қилиб, арз билан мурожаат қилган фуқароларга нотўғри йўл кўрсатиб. «унга бор, бунга бор» қабилида иш тутишгани аён бўлди. Депутат фуқаролар мурожаати асосида аниқ чора тадбирлар белгилаб, унинг ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.


Ғузор туманидаги Чаноқ МФЙ фуқароси Ҳабиба Жабборова тикувчилик цехини очиб, 20 нафар уйда ўтирган хотин-қизларни иш билан банд қилган. Бундан ташқари, 15 нафар қишлоқ қизларига тикувчилик сир-асрорларини ўргатмоқда. Депутат улар билан мулоқот қилиб, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун давлатимиз томонидан яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида ҳуқуқий тушунча берди.


Депутат аҳоли хонадонларида ҳам бўлиб, Сайхунобод тумани тажрибаси доирасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар билан яқиндан танишди. Бир нечта ўнлаб оилаларда аҳоли дастурхонини қишлоқ хўжалик маҳсулотларига тўкин қилиш учун етиштирилаётган деҳқончилик экинларини кўздан кечирди.
Депутат одамлар билан учрашувларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунлар, жумладан, ер участкаларига бўлган мулк ва ижара ҳуқуқини эътироф этишга қаратилган қонуннинг мазмун моҳияти ва аҳамияти хусусида ҳам тушунча берди.

«Адолат» СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+