Дунёга тинчлик керак, халққа омонлик...

28.03.2024 11:03:32

Эрта тонгда телефонимга келган хабар эътиборимни тортди.
“Тожикистонлик тадбиркор "Крокус"га икки машина гул олиб келди. Шунингдек, у ёдгорлик пойига “Тожик халқи бўлиб ўтган воқеадан ларзага келди ва сизлар билан бирга қайғурмоқда. Самимий таъзиямизни қабул қилинг”, деб ёзилган тахтача ҳам ўрнатди. Маъмурхон Алимов ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, жиноят содир этганларни миллати йўқ одамлар деб атади.”
Телеграм канали орқали намойиш этилган видеоролик ҳар қандай инсон қалбини ларзага солади. 5-6 нафар нафсини гапига кирган ва юзлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган нокасларнинг хатти-ҳаракати ортида бевақт вафот этган инсонлар, яқинларидан айрилган оилалар, бу мудҳишликнинг ортида ноҳақ азоб тортаётган тожик миллати вакилларининг қисмати юракка оғриқ беради.
Азалдан ота-боболаримиз, момоларимиз дастурхон атрофида дуо қилишар экан, юртга тинчлик, халққа омонлик тилашади. Ёмонларнинг ёмонлигидан, бемаҳал туҳматдан Тангри асрашини сўрашади. Ахир, бу дунё аҳли учун тинчлик ҳар қандай бойликдан қадрлироқ эмасми? Оилада чақалоқ туғилса, ширин кулчалар тарқатилиши, илк қадам босган чоғларида бошидан қанд сочиб, қадами қутлуғ келишини тилайдиган, ҳамиша олам ва аҳли одамга яхшилик тиловчи тинчликсевар халқмиз.
Россия давлати биздан қанчалик узоқ масофада жойлашган бўлмасин, "Крокус"да содир этилган хунрезлик дилимизни вайрон қилди. Бу машъумлик эса ҳар биримиздан янада огоҳ ва ҳушёр яшамоққа ундаши ҳам зарур. Ахир тинчликдан-да улуғ неъмат йўқ. Қирғинбаротлардан манфаат топувчи қора кучлар дунёнинг қайсидир бурчагида пайт пойлаб туришини англашимиз ва лоқайдликка берилмаган ҳолда муқаддас тинчликни асраш учун курашишимиз зарур. Бу кураш қурол билан эмас, маънан уйғоқлик ва сергаклик билан амалга оширилиши даркор. Ахборот технологиялари кун сайин ривожланиб бораётган бир даврда ёшларни телефонга қарамлиги ортиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ёдингиздами, болалик чоғимиз оиланинг барча аъзолари бир дастурхон атрофида тўпланиб, таом еб, гўзал дуолар қилиб, ширин суҳбатлар қуриларди. Афсуски, бугун бу қадриятларимизга бир қадар путур етиб бораётгандек...
Бир катта йиғинда вилоят раҳбарларидан бири, йиғилиш иштирокчиларини огоҳликка чорлар экан, ўз оиласи мисолида бугунги куннинг аччиқроқ ҳолатини таҳлил қилиб берди.
- Фарзандларим бирлари оилали, бирлари хизматда, яна билари ўқишда бўлганлиги туфайли Янги йил байрами арафасида бир дастурхон атрофида тўпландик. Бир-биримизни соғинганмиз, маза қилиб суҳбатлашамиз, деган истакда эдим. Ёнимга қарасам, аёлимдан тортиб, фарзандларим, набираларимгача телефон титиш билан овора. Жуда дилим оғриди. Оҳиста суратга олдим. Мен сизларни бир халққа кўрсатай, уятга қўяй, дедим.
Мана ўша сурат... Ниятим оиламни уятга қўйиш эмас, ўз оилам мисолида Сизларга мурожаат қиляпман, биз болаларимизни меҳрини, муҳаббатини бой бериб қўймайлик! Асрий анъаналаримизни сақлаб қолиш учун ҳам огоҳ бўлинг!, демоқчиман. Авваллари, бир-иккитагина одам оилавий ажрим туфайли боласига алимент пули тўласа, ҳозир уларнинг сони ўн минглардан ортиб бораётгани ачинарли. Ундан ҳам дилни ўртайдигани бугун ота-онасини қаровсиз қолдирганлиги учун уларга нафақа тўлаётган фарзандлар сони ортиб бораётгани... Бундай меҳрсизлик илдизлари ортиб бормаслиги, шахсий манфаат халқнинг манфаатидан устун бўлиб қолмаслиги учун ҳам қўлни-қўлга беришимиз, бу каби оқибатсизликларга қарши курашимиз керак. Тинчлик жажжи нарса эмаски, уни иссиқ бағрингга олиб яширсанг. Уни одамларнинг бирдамлиги, огоҳлиги ва ҳушёрлиги ва жипслигигина асрашга қодир. Мен барча элимизни шу муқаддасликни огоҳ ҳолда асрашга чорлайман!

Шаҳноза Ғаниева,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+