Элликқалъада «Адолат» СДП аъзолари томонидан боғ яратилди

18.04.2024 15:04:57

Иқлим ўзгариши - кенг тарқалаётган, жадал ва тезлашиб бораётган жараёндир. Дунёнинг деярли барча қисмида истиқомат қилаётган инсонлар иқлим ўзгариши натижасида юзага келаётган ҳодисаларни кузатиб, кўриб, хабардор бўлиб боришмоқда. Юртимизда ҳам иқлим ўзгариши ва Орол денгизи билан боғлиқ вужудга келаётган экологик муаммолар сўнгги йилларда об-ҳаво ўзгаришига, инсонларда турли хил тери касалликларининг вужудга келишига ва бир қатор муаммоларга сабаб бўлмоқда. Ана шундай муаммоларнинг авж олишига тўсқинлик қилиш ва вужудга келган муаммоларни ҳал қилишнинг энг самарали усулларининг бири атрофимизда яшил маконларни яратиш ҳисобланади.
Ўлкамизнинг ер ва сув шароитига мос кўчатларни экиш ва парваришлаш каби бир қатор масалалар бугунги кунда ҳар бир замондошимиз учун муҳим ва долзарб масалага айланди. Президентимизнинг таклифи билан бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ҳам қисқа муддат ичида республикамиз бўйлаб кенг тарқалди. Бу лойиҳада қатнашишни ўзининг инсонийлик вазифаси деб билган ҳар бир ватандошимиз юртимизни яшил маконга айлантиришга киришишмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси бошлиғи Зуҳра Ибрагимова бошчилигидаги партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Элликқалъа туман Кенгашлари томонидан Навоий овул фуқаролар йиғини ҳудудида олиб борилган кўчат экиш ишлари бу фикрларимизга далилдир.
Кўкаламзорлаштириш ишларида партия депутатлари ва фаоллари билан бир қаторда туман хотин-қизлар қўмитаси фаоллари ҳам қатнашишди. Акция доирасида «Рейимберди Зайниддин» фермер хўжалигида умумий майдони 5 гектар бўлган «Оналар боғи» яратилиб, унда 20дан зиёд ёши улуғ онахонлар ва партия фаоллари мингдан зиёд турли мевали дарахт кўчатларини экишди.
Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан жойларда бундай тадбирлар давом этмоқда.
Тадбирда туман ҳокими В. Ниязимбетов ҳам қатнашди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши
матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+